FIDE Жаҳон кубогини қўлга киритган Жавоҳир Синдоров тантанали кутиб олинди
Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида 30 октябрь – 27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган нуфузли «FIDE Жаҳон кубоги 2025» халқаро турнирида чемпионликни қўлга киритган Жавоҳир СиндоровТошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида Бош вазир Абдулла Арипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда спортчининг яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда Бош вазир А.Арипов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жавоҳир Синдоровни «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирлашга доир Фармони ўқиб эшиттирилди.
Шахмат бўйича Жаҳон кубогини қўлга киритган Синдоровга Президент совғаси — 3 хонали хонадон ва пул мукофоти берилди. Унинг мураббийи Роман Видоняк ҳам пул мукофоти билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, «FIDE Жаҳон кубоги 2025» халқаро турнирида дунёнинг 89 мамлакатидан 206 нафар кучли шахматчилар иштирок этди. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 2 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Жаҳон кубоги ғолиб ва совриндорлари (1–3-ўрин) 2026 йилда бўлиб ўтадиган FIDE номзодлар турнирида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter