Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Купер, келажак, кино – ҳаммаси ҳақида батафсил

Купер, келажак, кино – ҳаммаси ҳақида батафсил

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани ўтказилаётгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик. Қуйида аргентиналик мураббийнинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Осиё Кубоги ҳақида
Осиё Кубогида жамоанинг ижобий ва салбий жиҳатларини кўрдим. Аммо биз ҳозир катта ўзгаришлар қила олмаймиз, чунки бунинг учун вақт кам. Аммо баъзи кичик жиҳатларни ўзгартириб, терма жамоа ўйинини кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Уругвайга қарши бўладиган баҳсда худди Осиё Кубоги нимчорак финалида Австралияга қарши кечгани каби ўйнашга ҳаракат қиламиз. Футбол кичик жиҳатлардан иборат. Айнан шу нарса бизга ғалаба ёки мағлубият олиб келади.

Келажак ҳақида
Менинг шартномамга нима ёзилган, биласизми? Жаҳон чемпионатига чиқишимиз кераклигини айтилган. Менинг шартномамда қайси футболчилар ўйнаши кераклиги ҳақида банд йўқ. Шундай экан, таркибни мен танлайман.

Футболда келажак деган нарса йўқ. Футболчи жамоада келажак учун эмас, бугун учун ўйнаши лозим. Шундай экан, ёшидан қатъий назар энг кучли футболчилар ўйнайди.
Тўғри, биз Осиё Кубогида чорак финалга чиқа олмадик ва бу менинг айбим. Тўғри, хатолар бўлди ва бу менинг айбим. Аммо мен ҳозир келажак ҳақида гапиришни истамайман. Келажак - бу мен учун Хитойдаги мусобақа. Ҳозир айнан шу мусобақага тайёрланяпман. Кейин бошқасига навбат келади.

Мен келажакни гапирмайман. Бу нисбий нарса. Ҳаммасини яхши режалаштира олган жамоа ғалаба қозонади. Биз ҳозир яхши йўналишдамиз. Мақсадимиз эса битта - ЖЧга чиқиш.

Ёшларга эътибор
Албатта ёшларга ҳам эътибор бўлади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи билан яқин алоқада бўлиб турибмиз, эътиборлиси у испан тилини билади. Бу яхши. У билан бомаслаҳат иш олиб борамиз.

Осиё Кубогидаги муваффақиятсизлик
Осиё Кубогидан ўзим ҳам яхшироқ натижа кутгандим. Аммо бунга эриша олмадик ва бу менинг айбим. Бироқ мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш. Биз шунинг учун курашмоқдамиз.

Етакчиларга қаршилик
Осиёнинг етакчи жамоаларини енга олишимизга шахсан ўзим ишонаман. Япония, Жанубий Корея ва Австралия терма жамоаларини енга оламиз. Аммо бунга нафақат мен, балки барча ишониши шарт.

Осиё Кубогида кўрдим, ўша рақиблардан кам жойимиз йўқ. Фақат ҳаммасини тўғри режалаштириб, кучимиздан тўғри фойдалана олсак, қитъа етакчиларини ютишимиз мумкин.

Футбол - арифметика эмас
Футбол арифметика эмас. Ким қанча югургани ёки овқат еганини таҳлил қилиб, жамоани бошқариш мен учун эмас. Яқинда интернетда ўқиб қолдим, эллик йилдан сўнг мураббийлар майдон четида ўтирганча компьютер орқали уларни бошқариб турар экан. Балки шундай бўлар ҳам. Аммо ҳозир ундай эмас. Ҳозир ғалаба учун маҳорат билан бирга Ватанга муҳаббат, садоқат, ирода кучи ва бошқа жиҳатлар ҳам керак бўлади.

Футбол ва кино
Терма жамоанинг ҳар бир ўйинини бир неча марта кўраман ва таҳлил қиламан. Нима учун бу қадар кўп? Бир кинони неча марта томоша қилишимни биласизми? Беш, олти марталаб кўраман. Чунки яхши фильмни бир кўришда тўлиқ қамраб олиш қийин. Ҳар сафар кўрганимда ўша фильмдан янги нарса топаман, актерлар ҳаракатида, диалогида янги жиҳат қидираман. Футбол учрашувини таҳлил қилиш ҳам мен учун худди шундай.

Агар бошқа мураббийлар битта ўйинни бир кўришда таҳлил қилиб чиқишса, демак уларнинг маҳорати меникидан жуда юқори экан. Мен ундай эмасман.

Ўзбек футболчилари Европада ўйнамаслиги ҳақида
Жуда қийин савол. Балки футболчилар Ўзбекистондан чиққиси келмас? Балки Европага боргиси келмас? Кимгадир Россия ёқади, кимгадир эса Хитой. Буни яхшилаб ўйлаб кўриш керак.

Аммо шуни айта оламан, ўзбек футболчилари Европада ўйнашга тайёр. Бунга умуман шубҳам йўқ. Аммо нима учун улар Европада ўйнамаслигини билмайман.

Сардор Рашидов ҳақида
Сардор Рашидовни ҳеч ким миллий жамоадан четлатиб қўйгани йўқ. Биз уни чақиришни истаган эдик, аммо виза билан боғлиқ муаммолар туфайли бунинг иложи бўлмади.
Умуман, ҳеч бир футболчи терма жамоадан четда эмас. Ўзи кўрсатганларни албатта чақирамиз. Ҳаммани кузатиб боряпмиз.

Терма жамоани ёшартириш ҳақида
Сиз нимани хоҳлайсиз? Жаҳон чемпионатига чиқишними? Ёки таркибни ёшартиришними? Балки 70 фоиз ўйин вақтини фаол ўйнашимизни истарсиз? Нима истайсиз, ўзи?

Таркибни ёшартиришни мен ҳам жуда истайман. Аммо ёшларни фақат истак бўлгани учун чақирмаслик лозим. Буни улар исботлаши керак.

Масалан, ҳозир ёшларни хоҳласак ҳам чақира олмаймиз. Чунки Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё чемпионати саралашида иштирок этади.

ЎФА вице-президенти таркибни ёшартириш ҳақида гапирганига келадиган бўлсак, менга бу борада ҳеч нарса дегани йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг