Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Легионерлар: Рашидов Кака ўрнига захирадан майдонга тушди

Легионерлар: Рашидов Кака ўрнига захирадан майдонга тушди

Фото: «Record»

Дам олиш кунлари легионерларимиз ўз клублари таркибида ўйинлар ўтказиб, турли натижалар қайд этишди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати бу борада маълумот берди. Эслатиб ўтамиз, бироз вақт муқаддам сайтимизда Элдор Шомуродов «Спартак» дарвозасига гол киритиб, «Ростов»га ғалаба келтиргани ҳақида хабар берилган эди.

Сардор Рашидов
Терма жамоамиз аъзоси Сардор Рашидов тўп сураётган Португалиянинг «Насьонал» жамоаси мамлакат чемпионатида у қадар муваффақиятли қатнаша олмаяпти. 29-турда «Насьонал» «Боавишта»га қарши сафарда ўйин ўтказди ва кичик ҳисобда мағлубиятга учради.Ҳамюртимиз мазкур ўйиннинг 75-дақиқасида бразилиялик Кака ўрнига захирадан майдонга тушди (Айтиш керакки, бу ўша машҳур Кака эмас, балки бошқа ёш футболчи). Ҳозирда «Насьонал» мусобақа жадвалида 16-ўринда бормоқда.

Виталий Денисов
Виталий Денисов Россия чемпионати 23-турида «Крилья Советов» клуби таркибида «Рубин»га қарши 90-дақиқа тўп сурди. Ўйин «Крилья Советов» жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалабадан кейин Денисов жамоаси 27 очко билан 11-поғонада бормоқда.

Достон Турсунов
«Жей-лига 2» чемпионатида тўп сураётган Достон Турсунов 9-турда «Ренофа Ямагучи» сафида «Кагошима Юнайтед» жамоасига қарши тўлиқ 90-дақиқа ҳаракат қилди. Ўйин 1:0 ҳисобида «Ренофа» ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалабадан кейин Турсунов жамоаси 8 очко билан 19-ўринда бормоқда.

Рустам Ашурматов
Рустам Ашурматов «Кей лига-2» чемпионати 6-турида «Гвангжу» - «Даежон» учрашувида тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Учрашувда ҳисоб очилмади - 0:0. Айни пайтда «Гвангжу» жамоаси мусобақа жадвалида 1-ўринда бормоқда.

Одил Аҳмедов
Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов тўп сураётган «Шанхай СИПГ» жамоаси Хитой чемпионати 5-турида «Ухань» клубига қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Одил Аҳмедов мазкур ўйинда майдонга тушмади. «Шанхай» клуби айни пайтда мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда.

Фозил Мусаев
Фозил Мусаев тўп сураётган «Жубило Ивата» жамоаси «Жей лига» 7-турида «Шимицу» клубига қарши майдонга тушди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Мусаев бу ўйинда қатнашмади. «Жубило Ивата» мусобақа жадвалининг 14-поғонасида боряпти.

Икром Алибоев
«Кей лига-1» чемпионати 7-турида терма жамоамиз аъзоси Икром Алибоев тўп сураётган «Сеул» жамоаси "Гангвон" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Икром Алибоев мазкур ўйинда майдонга тушмади. Ҳозирда «Сеул» мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг