Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Оббо, МИБчилар-ей, шунақа қилдик, денг?!»

«Оббо, МИБчилар-ей,  шунақа қилдик, денг?!»

Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) Бағдод туман бўлими тўртта сектор раҳбарлари билан баҳамжиҳат кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тадбир ўтказди. Яъниким, тумандаги алимент тўловчи ва ундирувчилар ўртасида спорт мусобақаси ташкил этди.

Алиментчилар ва ундирувчиларнинг аксарияти, таъбир жоиз бўлса, тақдир икки томонга тирқиратиши натижасида бири «қочқоқ»қа, бири «қувлоқ»қа айланлаган шахслар. (Турмуши ўхшамаганига яраша икки ўртада туғилган фарзандлар таъминотида муаммо туғдирмаётган алиментчилар бу тоифага кирмайди) Ундирувчилар манфаатидан (тўғрироғи, суд қарори ижроси сабаб) МИБчиларнинг алиментчилар орқасидан чопишини-ку, айтманг... Шунга қарамай  МИБчилар ҳар икки тоифани бир жойга жамлаб (35 нафар), яна денг спорт (шахмат, шашка, мини футбол ва стол тенниси)  мусобақасини ўтказишнинг уддасидан чиққанини айтинг?! Бунақаси доим ҳам учрайвермайди.

Мусобақадаги ғолиблиг-у мағлублик ўз йўлига. Аммо соғлом ҳаётга даъват ва бунга амалий кўмак соғлом фикрлашга ҳам туртки бўларкан-да. Мана исбот: МИБ марказий аппарати матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг мамнуният билан қайд этишича, тадбир жараёнида 6 та оила яраштирилди, бу 9 нафар вояга етмаганлар ўз ота-оналари бағрида улғайишини англатади.

Шунингдек,  тадбир жараёнида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб,  ишсиз алиментчиларнинг ўттиз нафардан кўпроғининг бандлик масаласи ҳам ҳал этилибди.

...Мусобақа ғолиб ва совриндорлари  қуруқ қўл билан қайтишмаганини ёзмасак ҳам сезаётган бўлсангиз керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг