Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда Ҳакамлар академияси ташкил этилади

Ўзбекистонда Ҳакамлар академияси ташкил этилади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қарорига биноан футбол ҳакамлигини янада ривожлантириш мақсадида ассоциация қошида Ҳакамлар академияси иш бошлайди.

«Ўзбекистонлик футбол ҳакамлари ҳар доим Осиё миқёсида юқори мавқега эга бўлиб келган. Жаҳон чемпионатларида ҳакамлик бўйича рекордлар, Осиё кубокларининг ҳал қилувчи ўйинларини бошқариш, қитъа ва жаҳон миқёсида энг яхши ҳакамлик бўйича индивидуал совринларни қўлга киритиш каби ютуқларни эслаб ўтиш мумкин. Бугунги кунда ҳам ҳакамларимиз халқаро мусобақаларда мунтазам иштирок этиб келмоқда», – дейилади ЎФА хабарида.

Қайд этилишича, мазкур академия бир неча авлод давомида шаклланган ҳакамлик мактабини янада мустаҳкамлаш, ёш ҳакамларга профессионал даражада билим ва кўникмалар бериш, ҳакамлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали иш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ушбу академияга халқаро тажриба асосида фаолият юритиб, футболчилик фаолиятини турли сабабларга кўра якунлаган, жисмонан етук, футбол бўйича етарли билимга эга ҳамда чет тилларини биладиган ёшлар жалб этилади.

Академия томонидан бошланадиган танлов ва ундаги талаблар ҳақида ЎФА расмий саҳифалари орқали яқин кунларда батафсил маълумот берилиши таъкидланди.

Маълумот ўрнида, ҳозирда ҳакамлик фаолиятини якунлаган Равшан Ирматов Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйин бошқарган ҳакам сифатида рекорд ўрнатган. Ирматов 2010, 2014 ва 2018 йилги мундиалларда жами 11 та учрашувни бошқариб борган. Илк бошқарган учрашуви эса 2010 йилги мундиални очиб берган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг