Шоҳжаҳон Эргашев: «Биз — ўзбеклар бир-биримизга рақиб эмасмиз»

Профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев 12 январь куни Нью-Йорк шаҳрида америкалик Сони Фредриксонга қарши рингга кўтарилиб, ўзининг ўн иккинчи ғалабасига эришгани ҳақида хабар берган эдик.
У ушбу муваффақиятдан сўнг, Жаҳон бокс уюшмаси (WBА) рейтингида 12-поғонага кўтарилиб олди. Енгил вазн тоифасида юқорилаган Шоҳжаҳон билан ЎзА мухбири суҳбатлашди.
— Шоҳжаҳон биламиз сиз тезкор ғалабаларга интиласиз. Ҳозирги сўзингизга қараганда чемпион бўлишга шошаётгандайсиз?
— Ҳа, тезкор ғалабаларни хуш кўраман. Шошаётганим йўқ, фақатгина нималарга қодир эканимни дунёга тезроқ билдириб, Ўзбекистонимиз шарафини янада юксалтирмоқчиман.
— Дунёда мухлисларингиз кўп. Лекин улар орасида Шоҳжаҳон фақатгина кучсиз рақиблар танлайди ва ғалаба қозонади. Тажрибали боксчилар билан жанг қилса мағлубиятга учрайди, деган гап-сўзлар учраб турмоқда. Бу ҳақдаги фикрингиз қандай?
— Бундай гаплар менинг мухлисларимдан чиқмайди! Балки ғалабали одимларимни кўра олмаётган инсонлардан чиқади. Бу гап-сўзларни ўзим ҳам эшитганман. Лекин эътибор бермайман ва уларнинг бу сафсаталарига чемпион бўлиб жавоб қайтараман. Профессионал боксда ҳеч қачон осон рақиб бўлмайди.
— Шоҳжаҳон агарда чемпионлик камари учун ўтадиган жангда ҳамюртимизга қарши тушиб қолсангиз, унга қарши рингга кўтариласизми?
— Мен бу камардан воз кечиб, жангга чиқмас эдим. Биз спортчиларнинг мақсадимиз Ватанимиз довруғини дунёга танитишдир. Бир-биримизга рақиб эмасмиз.
— Режаларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Мен яқин кунларда Америкага бораман ва навбатдаги жангимга тайёрланаман. Тўғри, ҳозир менга ким рақиб бўлишини билмайман. Бироқ доимо янги марраларни забт этиш учун тинимсиз меҳнат қиламан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter