Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир ўзбек ўғлони Европа клубида тўп суради

Яна бир ўзбек ўғлони Европа клубида тўп суради

Фото: royalantwerpfc

20 ёшли ўзбекистонлик футболчи Муҳаммадали Ўринбоев Бельгиянинг «Ройял Антверпен» клуби футболчисига айланди. «Буюк қариялар» «Пахтакор» тарбияланувчиси билан 4 йиллик шартнома имзолади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчиси Муҳаммадали Ўринбоев Бельгия Про лигасининг «Ройял Антверпен» клубига трансфер қилинди. Бу ҳақда жамоа расмий сайти маълум қилди.

Вингер билан 4 йиллик шартнома имзоланди. «Хуш келибсан, омад, Муҳаммадали!», — деб ёзди клуб матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йилда туғилган Ўринбоев «Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланади ва жамоа билан уч карра Ўзбекистон Суперлигаси (2021, 2022, 2023) ва бир карра Ўзбекистон Суперкубоги (2022) соҳиби бўлган.

У 2024 йил 31 январь куни Англия Премьер лигасининг «Брентфорд» жамоасига ярим мавсумга ижарага берилганди.

Ўринбоев, шунингдек, яқинда бўлиб ўтган U20 Осиё кубогида тўртта гол билан энг яхши тўпурар бўлди.

«Ройял Антверпен» — Бельгиянинг Антверпен шаҳрида жойлашган профессионал футбол клуби, мамлакат футболининг юқори эшелони бўлган Бельгия Про лигасида иштирок этади. 1880 йилда асос солинган клуб мамлакатдаги энг қадимий футбол клуби ҳисобланади. Лақаблари — «Буюк қариялар», «Қизиллар».

Жамоа беш марта Бельгия лигаси чемпиони бўлган ва тўрт марта Бельгия кубогини қўлга киритган. Европа миқёсида жамоа 1992−93 йилларда УEФА Кубок эгалари кубоги финалига чиққан, 2023 йилда эса илк бор Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг