Зума ва «Бенгал», ирқчиликка бой АПЛ ҳақида
Англия Премьер-лигаси нафақат футбол жозибаси, балки ўзига хос можаролари билан ҳам қизиқарли. Манчестерлик шоввозлар, Бенжамен Менди ва Гринвуд жинсий зўравонликда гумонланиб, футболдаги фаолиятини хавф остига қўйган бўлса, Лондоннинг «Вест Ҳем» клуби футболчиси Курт Зума жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабати туфайли ўз карьерасини хавфга қўймоқда.
8 февраль куни интернетда Курт Зума ва унинг укаси Ёан ўз уйида мушугига шафқатсиз муносабатда бўлгани тасвирланган видео тарқалди. Футболчининг укаси Зуманинг мушукни тўпни тепгандек зарба берган видеосини снапчат ижтимоий тармоғига жойлади.
Британ нашрларидан бирига кўра, Зуманинг бу ҳаракатига бенгал мушуги вазани синдириб қўйгани сабаб бўлган. Бу ҳолат дунё бўйлаб миллионлаб кишилар, жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва таниқли шахсларнинг ғазабига сабаб бўлди.
«Вест Ҳем» шошилинч баёнот бериб, Зумага клуб белгилаши мумкин бўлган 250,000 евро миқдорида жарима белгилади, футболчи билан аллақачон алоҳида суҳбат ўтказилганини маълум қилди. Зума барчадан кечирим сўради. «Қилмишимни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди, жуда ҳам пушаймонман», – деди Курт.
«Биз жониворларга нисбатан зўравонликни ҳеч қачон оқламаймиз», – дейилади клуб баёнотида. Аммо ҳаммаси шу билан тугаса, қани?! «Вест Ҳем» футболчисининг ҳаракатлари жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликнинг олдини олиш бўйича Қироллик жамияти (RSPCA) ҳам видеога муносабат билдирди. Курт Зума жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Молиявий жиҳатдан ҳам катта зарар кўра бошлади.
Жарима ҳам омманинг жазавасини боса олгани йўқ. Футболчининг хатти-ҳаракатини қонун доирасида кўриб чиқиб, уни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича петицияга 200 мингга яқин имзо йиғилди. Тасаввур қиляпсизми, 200 минг овоз…
Буюк Британияда жониворларга нисбатан шафқатсизлик учун 5 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. BBC хабарига кўра, Лондон полицияси ҳозирча бу борада иш очмаслик қарорига келган.
«Уотфорд»га қарши ўйинда икки жамоа мухлислари ҳам Зумага ҳуштакбозлик қилишди. Рақиб ўйинчиси билан тўқнашиб кетган Куртга «Мушугинг қандай оғриқни ҳис қилганини сездингми, аблаҳ», дея қичқиришган. Ҳомийлар «Вест Ҳем»дан юз ўгирмоқда, Адидас футболчи билан шартномани бекор қилган.
«Vitality» ва «Experience Kissimmee» компаниялари клуб билан ҳомийлик ва ҳамкорлик масаласини қайтадан кўриб чиқиши ҳақида баёнот беришди.
«Зума яхши иш қилмади. Мен уни ёқламайман. Аммо наҳотки бу ишни ирқчиликдан ҳам ёмонроқ деб ҳисоблайсиз?! Ирқчилик билан айбланганларни кўпи билан бир нечта ўйинга четлатишди ва улар кейин яна майдонга қайтишган. Зумани эса футболдан четлатишни талаб қилишмоқда. Бир инсонни яшаш учун молиявий манбаидан айиришни сўрашяпти. Зуманинг қилган иши ирқчилик қилган кишиларнинг ишидан ҳам ёмонроқми?» – деди жамоадоши Антонио.
Мутасаддилар ҳар қанча интилмасин, АПЛда ирқчилик ҳолатлари кўп учрамоқда. Зума ҳам бундан холи эмас. Айрим шахслар қора танли футболчининг иши атайин сиёсий-провакацион мақсадларда ҳам кўпиртирилаётган бўлиши мумкин. Ёзилмаган қоидалар бор: қора танлиларга ҳанузгача оқ танлиларга қарагандай ижобий қарашмайди. Қора танлилар қонунбузармон, жиноятга мойил сифатида кўрилаверади.
Маълумот ўрнида: «Бенгалс» зотли мушуги Буюк Британиядаги энг қиммат ва энг кам учрайдиган уй мушукларидан бири. 1970 йилларда АҚШда ёввойи осиё леопард мушуклари билан чатиштирилган мушуклардан келиб чиққан. Бенгал мушукчаларининг ҳар бири 2000 фунт стерлинг, ўзбек сўмида 25 млн сўм атрофида туради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter