«1 миллиардлик харажат, 3,5 миллиардлик қарз ва гуллар…» – Намангандаги гуллар фестивали қанчага тушган?
Жорий йилнинг 22 май - 5 июнь кунлари Наманган шаҳрида халқаро «Гуллар байрами фестивали»нинг 61 йиллиги бўлиб ўтган эди.
Мазкур тадбир «халқаро» деб номланган бўлса-да, аксарият иштирокчиларнинг гувоҳлик беришича, гуллар фестивалига қўшни қирғизистонликлар ва Ўзбекистонда сайёҳ бўлиб турган айрим давлатлар фуқароларигина иштирок этганлар.
Эҳтимол, фестивалга таклиф қилинган хорижий иштирокчилар ва меҳмонлар сони кўп бўлгандир. Чунки вилоят ҳокими Ш.Абдураззоқов 11 апрел куни имзолаган қарор матнида улар учун алоҳида банд қилиниб, Наманган шаҳар ва яна 7 та туман ҳокимларига фестиваль кунлари меҳмонхоналарда меҳмонларни қабул қилиш қуввати етарли бўлмаган тақдирда ташаббускорларни жалб қилган ҳолда янги қурилаётган меҳмонхоналар қурилишини тезлаштириш ҳамда камида 100 тадан меҳмон уйларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берган.
Хуллас гап бу ҳақда эмас...
Гап ушбу фестивалнинг наманганликларга қанчага тушгани-ю, ўтиб бўлган тадбирга яна қанча маблағлар ажратилаётгани тўғрисида.
Халқаро «Гуллар байрами фестивали»га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, айни юқоридаги ҳужжатга мувофиқ, белгиланган тартибда тасдиқланадиган смета асосида Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши керак.
Шунга кўра, Наманган шаҳар ҳокими Ғ.Жамолов 18 май куни фестиваль муносабати билан шаҳар марказий кўча, ҳиёбонлар ҳамда «З.М.Бобур» боғи ҳудудида ободонлаштириш, байрамона безатиш ҳамда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ташқи ёритиш иллюминацион тармоқларини тортиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар учун шаҳар маҳаллий бюджетининг 2022 йил захира жамғармаси ҳисобидан 200 миллион сўм маблағни шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ажратиш тўғрисидаги фармойишни имзолайди.
Бундан ташқари, шаҳар маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳисобидан 21 май куни 714 миллион 547 минг ва 8 июнь куни яна 50 миллион сўм миқдоридаги маблағлар юқоридаги мақсадлар учун шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ажратилади.
Қолаверса, икки ҳафта давом этган фестиваль сабаб ёпилган кўчалар, турли идора ва ташкилотлардан хизматга жалб этилган ходимлар, шунингдек, шаҳар кўчаларидаги «байрам паради»да иштирок этган 150 та автомашиналардан иборат автокарвон улар тегишли бўлган ташкилотлар учун қанчага тушгани ҳам қизиқ...
Бундан ҳам қизиғи эса 964 миллион 547 минг сўм (мазкур маблағлар маҳаллий бюджетнинг 2022 йил захира жамғармаси ҳисобидан ажратилган бўлиб, бунга «ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар»дан йўналтирилган маблағлар кирмайди, -муал.) сарфланиб ташкиллаштирилган фестиваль харажатлари шу билан тугамайди.
Жорий йил 30 июль куни эълон қилинган Наманган вилояти ҳокими қарори лойиҳасига кўра, вилоят бюджети даромадларининг 2022 йил иккинчи ҳисобот чорак якуни бўйича аниқланган прогноздан ошириб бажарилишидан ҳамда бюджет тизими бюджетларидан ажратиладиган маблағлар камайтирилиши натижасида бўшаб қолган маблағлар ҳисобидан «Гуллар фестивали» учун яна 3,5 миллиард сўм ажратиш режалаштириляпти.
Яъни юқоридаги ҳужжат лойиҳасига кўра, вилоят ҳокими Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига Наманган шаҳар маҳаллий бюджетига Самарқандда Наманган тажрибаси бўйича гул экиш ишлари харажатлари ҳамда Наманган шаҳрида ўтказилган гул байрамини ўтказишдан ҳосил бўлган қарздорлик учун 3,5 миллиард сўм ажратиш тўғрисида таклиф киритган.
Дарвоқе...
Фестиваль доирасида ўтказилган кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва қуйидаги совғалар билан тақдирланган:
Олий ўрин (2 нафар) – автомобиль;
1-ўрин (2 нафар) – қимматбаҳо совғалар;
2-ўрин (2 нафар) – қимматбаҳо совғалар;
3-ўрин (2 нафар) – қимматбаҳо совғалар:
«Қадимий сулола давомчиси» – қимматбаҳо совғалар;
«Янги гул нави яратган гулчи» – қимматбаҳо совғалар;
«Энг ёш гулчи» – қимматбаҳо совғалар;
«Энг яхши гул композицияси» – қимматбаҳо совғалар;
«Энг яхши гулчи мактаби гулчиси» – қимматбаҳо совғалар;
«Энг кўп гул етиштирган гулчи» – қимматбаҳо совғалар;
«Гул парадида энг яхши безатилган автомашина» – қимматбаҳо совғалар.
Молиявий ҳолатдан келиб чиқиб, ғолиблар сони ва совғалар миқдорига ўзгартиришлар киритилиши эҳтимоли ҳам назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter