Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

 Аския нозикфаҳм закийлар баҳси, «тор» ҳазиллар эмас!

 Аския нозикфаҳм закийлар баҳси, «тор» ҳазиллар эмас!

Фото: Сунъий интеллект

Саҳнада эркак ва аёл дуэт куйламоқда:
Эркак: — Ушлаб олибсиз қўлингизга асбоб,
Ярашибди жуда ҳам сизбоп,
Нима чаласиз ўзи, нима бу торми?
Сизники торми, сизники торми?
Аёл: — Йўқ, меники тормас, меники дутор...
                                                                      ***

Муҳташам саройларнинг бирида қизиқчи жамоалар томоша кўрсатмоқда. Бундоқ эшитсангиз оддийгина ҳангома, диалог. Лекин нимагадир залда гурра-гурра кулги кўтарилади. Кимдир баланд, кимдир паст, яна кимдир оғзини ёпиб кулади. Биринчи қаторда ўтирган аёл бир лаҳза жилмайиб, кейин юзини четга буради. Орқа қатордаги йигит эса дўстини тирсаги билан туртади, «тушундингми» деган ишора билан.

«Дизайн» жамоаси ва шу каби қизиқчиларнинг чиқишларидаги ҳар бир оддий сўз тагидаги қочиримларга томошабиннинг тиззага уриб кулишлари оддий ҳол. Четдан қарасангиз, оддий сўз, лекин тагидаги маъно ғалати эшитилса керакки, оддий сўзга томошабин хохолаб, оғзини бекитиб, кўзини айёрона қисиб кулади. Умрида ҳеч қачон бундай чиқишларни кузатмаган одам бошқаларнинг нега кулаётганига ҳайрон қолиши мумкин. Токи ўзининг фикри ҳам улар каби «бузилмагунча». Йиллар давомида шундай мантиқсиз «ижод» намуналари халқ миясига сингдирилмоқдаки, оддий асл сўздан қинғир маъно чиқариш жуда осонлашиб кетди. Бўлмаса оддийгина мусиқа воситаси тор, дутор асбоблари шунча маломатга қолиб кетмас, «сизники торми, йўқ меники дутор» дуэти атрофида қизғин баҳслар авж олмас эди...

Бундай ижод намуналарини аскияга тенглаш аслида тўғрими?

Аския ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган, тезкор мантиқ талаб қиладиган санъат тури. Унинг замирида сўз ўйини (қофия), ташбеҳ ва тилнинг нозик сирларини англаш ётади. Аския қадимий санъат тури, қизиқчилар бир бирига сўз ўйини қилаётганда одамлар хохолаб кулган, аммо у пайтлари айтилган аскияларда гапнинг тагида иккинчи маъно бўлса-да, у ҳеч қачон очиқдан-очиқ беҳаёликка ўтиб кетмаган. Назокат Аҳмедованинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этилган «Гулмисиз, райҳонмисиз?» мақоласида Зайниддин Восифийдан Ғанижон Тошматовлар давригача бўлган заргарона сўз усталари тилга олинади, Фарғона вилояти Қўқон шаҳар маданият уйи қошидаги «Аскиячилар клуби» раҳбари Акромжон Анваровнинг қуйидаги муҳим фикрлари келтириб ўтилади: «Аскиядаги, аввало, юкcак маданият cоҳиби, ҳар бир сўз ёки иборани ўрнини топиб ишлатишга моҳир бўлиши талаб этилади... Аскияда олдиндан тайёрланган андозалардан самарали фойдаланишда бадиҳагўйлик катта рол ўйнайди. Чунки аcкия жараёнида жуда тез ва аниқ жавоб бериш талаб этилади. Аскиячилар пайров мавзусидан четга чиқиб кетмаслиги, нафсониятга ва шахсиятга тегадиган гапларни ишлатмаслиги, ютиб чиқиши ёки ютқазишидан қатъи назар кек сақламаслиги, рақибини ҳурмат қилиши, бошқаларнинг фикр билдиришига тўсқинлик қилмаслиги, ўз фикрини барча тушунадиган тарзда баён қилиши лозим».

Дарҳақиқат, аския санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган Охунжон қизиқ, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Расулқори Мамадалиев, Абулқосим Тўйчиев каби забардаст сўз усталари ижро этган аския ва пайровлар нафақат шунчаки томоша, балки юксак фикр ва заковат маҳсули бўлган.

Шундай экан, яна бир бор савол туғилади, нима учун Нилуфар Ҳамидова иштирокидаги бундай «бемаза» чиқиш аскияга тенглаштирилмоқда?

Ушбу дуэт интернетга тарқалгач жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Дастлаб актриса «тор ва дутор ҳақидаги қўшиқни нега ёмон маънога бураяпсиз, агар сиз бу қўшиқдан ёмон маъно чиқарган бўлсангиз муаммо менда эмас, муаммо ўзингизда, мен маданият ва санъат одамиман, нимани куйлаётганимни яхши биламан, бу соҳада жуда кўп нарсани биламан», деб иддао қилди. Санъаткорнинг «сиз бузуқ фикрлаяпсиз» деган важининг ўзи газлайтинг, айб юклаш яъни инсоннинг ўз соғлом фикрига шубҳа қилдириш усули эмасми? Бу худди бировнинг оёғини атайлаб босиб олиб, кейин «Оёғингиз нега бу ерда турибди, ўзингиз айбдорсиз» дейишга ўхшайди.

Одамларнинг эътирозлари барибир тўхтамади. Шундан сўнг актриса кейинги видео мурожаатида халқдан кечирим сўраркан шундай деди: «Мен ўзбек санъати, маданиятининг бир қисми бўлган аскиядан илҳомланиб қилинган контентимиз кўпчликка манзур бўлмаганидан афсусдаман».

Мақоланинг ёзилишига ҳам айнан Нилуфар Ҳамидованинг мана шу видеочиқиши сабаб бўлди. Ушбу соҳада салкам 25 йил фаолият юритган санъаткор «ўзбек санъати маданиятининг бир қисми бўлган аския жанридан илҳомлангандим», дея аския жанрига нисбатан маънавий зўравонлик қилмаганида балки бу мақола ёзилмасмиди?

Хўш, аския ўзи қандай жанр?

Аския жанрини ўрганиш учун тадқиқотлар олиб борган Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари доктори Ҳикматулло Дўсматов ўзининг «Нозикфаҳм закийлар баҳси тугамайди» номли мақоласида бу борада қимматли маълумотларни келтиради: «Аския» асли арабча бўлиб, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ёзилганидек, «зийрак, ақлли, зеҳнли, қобилиятли» маъноларини ифодаловчи закий сўзининг кўплик шакли азкиёдан келиб чиққан. Олим ўз мақоласида Ўрта Осиё халқлари ҳаётининг тадқиқотчиси Н.С.Ликошиннинг «Туркистонда ярим умр» китобидан иқтибос келтирган ҳолда, аскияга қуйидагича баҳо беради: «Ўзбек халқ санъати ва ўйинлари орасида аския энг фикрга бой, кишилар ҳиссиёти ва онгига кучли таъсир этувчи энг таъсирчан восита, кишини ҳайратда қолдирадиган оригинал баҳс (диспут)дир».

Шунингдек, Ҳ. Дўсматовнинг хулоса қилишича, аския ва пайровлар инсон тафаккурининг ҳозиржавоблиги, зеҳни ўткирлиги, ақл-идрок ва донолигини ифодалайди. Унинг негизида сўз ўйинлари, қочириқлар, киноя ва муболағалар ётади. Шу маънода, у ёшларимизни сўзга чечан, закий ва нозикфаҳм қилиб тарбиялашда катта роль ўйнайди. Бундай ҳаракатлар ўзбек аскиячилик санъатининг халқаро миқёсда ёйилишига ва комил инсон тарбиясига хизмат қилади».

Бироқ, бугунги кунда «аския» деб тақдим этилаётган айрим чиқишлар кишини ўйлантириб қўяди. Хўш, ҳозирги давралардаги айтилаётган  «аския»лар  ёшларни сўзнинг иккинчи нозик ишорасини ўрганишга ва заковатга чорлаяптими ёки уларни шунчаки арзон, уятли шаъмалардан завқланишга одатлантирмоқдами? Афсуски, бугунги кунда «аския» деганда кўпчиликнинг хаёлига «белдан паст» ишоралар келадиган бўлиб қолди. Ваҳоланки, классик аскияда асосий урғу сўзнинг маъносини топиш ва рақибни мантиқ билан мот қилишга қаратилади. Ҳозирги икки маъноли шаъма «innuendo» юмори эса аскиянинг соддалашган ва қадрсизланган кўринишидир.

Нилуфар Ҳамидова ва Якзон ижро этган дуэт атрофидаги баҳслар ҳам шундай саволни ўртага ташлади: бу аскиями, ёки аския ниқоби остидаги арзон ишорами? Ахир аввалги қизиқчилар ва аския усталарининг услуби ҳозиргидан жиддий фарқ қилган. Уларнинг маҳорати шунда бўлганки, айтилган гапнинг устки маъноси мутлақо одобли бўлиб, иккинчи «тагдор» маъносини фақат закий ва сўз тагида гап борлигини тушунадиган одамгина илғаб олган. Аския айтадиганлар бундай мавзуларга жуда эҳтиёткорлик билан, «пичоқнинг тиғида юргандек» ёндашишган ва кўпроқ ижтимоий муаммолар, характер ва касб-кор устидан кулишни афзал кўришган.

Қолаверса, бундай тагдор қочиримларни аёл ва эркак биргаликда омма олдида ҳеч қачон айтмаган. Наҳотки, салкам 25 йилдан бери шу соҳада фаолият юритаётган санъаткор ҳазил томошалар фақат эркакларнинг ёпиқ даврасига хос бўлганини, хотин-қизлар иштирок этган саҳнада бундай ишоралар қилиш «беҳаёлик» деб баҳоланганини билмаган. Ёшларга дарс берган устоз санъаткор наҳотки қочиримли пайровлар икки жинс иштирокида айтилиши уёқда турсин аёллар, ёшлар орасида ижро қилинмаслигини, фақат эркаклар даврасида айтилишининг гувоҳи бўлмаган?

Ҳозирги вайнлар ва баъзи гуруҳларнинг чиқишларида аскиянинг нозик қочирим хусусияти йўқолиб сўз тагида гап қолдириш эмас, балки сўз орқали ножўя нарсага очиқ ишора қилиш урфга кирди. Ёшларнинг аскияга тақлид қилиб олаётган вайнларида кўпинча ижтимоий танқид ёки маданий юмор четда қолиб, фақатгина шахсиятга тегиш ёки уятли мавзулар биринчи ўринга чиқмоқда.

Ёшларга бу борада ким ўрнак бўлмоқда?

Яна бир эътибор бериладиган жиҳат, актриса мени кўриб ёшлар бузилиб қолмайди деди, лекин бундай чиқишлар ўсиб келаётган авлодда сўзга бўлган масъулиятни ўлдиради. Дид зўравонлиги кўпгина тадқиқотларда учрайди. Бу — оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали инсонга сийқаси чиққан, қўпол ва паст савияли контентни мажбуран сингдиришдир. Сиз телевизорни ёқасиз ёки ижтимоий тармоққа кирасиз ва хоҳласангиз-хоҳламасангиз шу бачкана ишорали ҳазилларга дуч келасиз. Бу сизнинг дидингизни мажбуран заҳарлаш, демакки, маънавий оламингизга зўрлик билан киришдир.
Ота-боболаримиз ишлатган қочиримлар кишини мушоҳадага чорлаган бўлса, бугунги «гап тагидаги гаплар» фақатгина хижолатпазлик ёки мантиқсиз кулгини келтириб чиқаради. Ачинарлиси, санъат ниқоби остида уятсизлик нормаллашади, эстетик дид пасаяди ва оммавий маданиятнинг энг паст қатламларига мослашиш бошланади.

Янаям афсусланарлиси, аскиянинг асл моҳияти бузилганда, тил ўз нафосатини йўқотади. Сўзларнинг асл маъноси қолиб, фақат шаъма ва кинояларга таяниш тилнинг бой имкониятларини чеклаб қўяди. Бу жараён, айниқса, сўз бойлиги энди шаклланаётган ёш авлоднинг нутқи ва тафаккурига салбий таъсир кўрсатади. Аёл-эркак ўртасидаги мулоқот ҳазилга ўралиб ўртада ҳурмат камайиб боради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, жамиятда ишорали юморнинг меъёрдан ортиши тилнинг нафосатини ўлдирибгина қолмай, одамлар ўртасидаги ижтимоий масофа ва ҳурмат чегараларини емиради.

Бундай дуэтларнинг, агар санъат дейиш жойиз бўлса жамиятга етказаётган энг катта зарари сўзларнинг мазмунини заҳарлаётганидадир.

Келинг, юқоридаги тор ва дутор иштирок этган дуэтни лингвистик таҳлил қилиб кўрамиз.
Агар актриса иддао қилганидек, мақсад чолғу асбоби ҳақида куйлаш бўлганида, матн қуйидагича бўларди: «Сизнинг қўлингиздаги дуторми?» ёки «Бу чолғу асбоби торми?», «Йўқ менинг қўлимдаги тор эмас дутор» қабилида сўз қурилганида бу ерда эътибор объектга (чолғу асбобига) қаратилган бўларди. «Сизники» — бу шахсиятга қаратилган ишора. Дуэтда айтилган «Сизники торми?» жумласида урғу бевосита суҳбатдошнинг ўзига, унинг танасига ёки шахсий ҳудудига қаратилган. Ўзбек тилининг мантиқий қурилишида «сизники» сўзи аксар ҳолларда жисмоний ёки шахсий тегишлиликни англатади.

Бу ерда грамматик қурилишнинг ўзиёқ икки маънолилик (innuendo) учун атайлаб танланган. Дутор, тор, най ёки ғижжак деганда кўз олдимизга нафис санъат, мақом ва миллий ифтихор келади. Саҳнадаги бундай бўлмағур ва мантиқсиз ишоралар туфайли бу сўзларнинг ортига «иккинчи маъно» — уятсиз ишоралар тиркаб қўйилди, яъни санъат воситалари юморнинг «қуроли»га айланиб қолди.

Ғарб адабиётшунослиги ва лингвистикасида бу «Double Entendre» деб аталади. Масалан, Виктория Эрикссон шуни таъкидлайдики, агар юмор фақат жинсий тагмаънога (innuendo) таянса, у «Low-brow humor» (паст савияли юмор) тоифасига киради. Чет элда бундай юморнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши жамиятдаги «Objectification» (инсонни шахс эмас, буюм ёки объект сифатида кўриш) жараёнини тезлаштириши исботланган. Агар юмор фақат паст инстинктларга хизмат қилса, жамиятнинг жиддий муаммоларни муҳокама қилиш қобилияти йўқолади.

Аския — бу сўзнинг юкини ҳис қилиш ва унинг замиридаги маъноларни нозиклик билан етказиш санъати. Юмор, кулги дегани оддий сўздан атайлаб уятли маъно чиқариш эмас, балки сўз масъулиятини англаган ҳолда даврадаги андиша пардасини асраб қолишдир. Тилнинг нафосати ва мазмуни йўқолган жойда нафақат санъат, балки жамиятнинг маънавий қиёфаси ҳам инқирозга юз тутади. Шу сабабли санъаткорлар сўзни хайп қурбонига айлантирмасдан, тилнинг асл жозибасини ва инсоний ҳурматни сақлаб қолиш ҳақида қайғурса яхши бўларди. Тор ва дутор арзон хайп учун эмас, санъат ва дидни ўстиришга хизмат қилсин — тор торлигича, дутор эса дуторлигича қолсин!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг