«Аёз бобо»даги Настенка: ёлғиз қолган актриса қисмати
«Аёз бобо» фильм-эртагини томоша қилмаган одам кам бўлса керак. Режиссёр Александр Роу томонидан суратга олинган мазкур киноасарни нафақат миллионлаб болалар, балки уларнинг ота-оналари ҳам севиб кўришган. Фильмдаги мулойим ва содда Настенка итоаткорлик рамзи эди. Қуйида мазкур роль ижрочиси актриса Наталя Седих ҳақида ҳикоя қиламиз. У ҳали ҳамон сокин овозда гапиради.
Болалик ва ёшлик
Наталя Евгеньевна Седих 1948 йил 10 июлда Москвада туғилган. Онаси уй бекаси эди. Отаси авиация соҳасида хизмат қилган, полковник даражасига кўтарилган ва «Динамо» метро бекати яқинидаги Сталин биносидан яхши квартира олганди. Актриса ҳозирги кунгача шу уйда яшайди.
Болалигида Наташа телевизорда кўрсатилаётган фигурали учувчиларнинг чиқишларини кўриб, қизиқиб қолди. Онасидан спорт бўлимига олиб боришини илтимос қилди. Бироқ дастлаб Седихни қабул қилишмади – қиз ҳали гўдак эди.
Наталя бўш келмади. У севимли спортчисининг ўйинига мос тарзда танлов комиссияси учун чиқиш қилди. Мураббийлар самимий кулишди ва ўжар қизчани қабул қилишди.
Седих конькида учар экан, рақсга қизиқаётганини тезда англади ва кўпроқ вақтини шунга ажратишга қарор қилди. Ўн ёшида Наталя аллақачон унвонларга эга спортчига айланган: у икки марта Москва ўсмирлар чемпионатида ғолиб бўлган ва катталар чемпионатида бронза медалини қўлга киритган эди.
Бундан ташқари, Наташа шериги билан биргаликда мамлакат олимпия терма жамоасига номзод бўлди. Агар бир куни унинг қизиқиш доираси ўзгармаганида, ким билади, яна қандай юксакликка эришган бўларди! Бу сафар қиз «Жизель» спектаклини кўрди ва балет оламига шўнғиди.
Балет бўйича маҳоратга эга Седих ҳеч қандай муаммосиз Москва хореография билим юртига қабул қилинди. Спортни унутишига тўғри келди: ўқитувчилар болаларнинг оёқларига зарар бермаслиги учун хавфли машғулотларни тақиқлашди.
Ўқишни тугатгандан сўнг Седих мамлакатнинг бош балет саҳнаси – «Большой театр»га ишга кирди ва 20 йил умрини унга бағишлади.
Билим юртида жанжал
Седихнинг кинодаги таржимаи ҳоли унинг спортдаги фаолияти билан бирга старт олган. Актриса фильмографияси «Оловдан эҳтиёт бўлинг» тарғибот ролиги, шунингдек, мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган француз ўқув фильми билан бошланди.
Бадиий кинода роль ўйнашга эса 15 ёшида таклиф қилишди. Билим юртида ўқиш айни қизғин паллада эди ўшанда. Режиссёр Александр Роу қизнинг чиқишларини телевизорда кўрган эди: Наташа илгари машғулот ўтказган стадион директори ундан теледастур учун чиқишини сўраган эди. Наталя рози бўлди, аммо буни ўқитувчиларидан сир тутди. Оқибатда жанжал чиқди, чунки ўқув жараёни бир неча ой давомида тўхтаб қолган эди.
Натальянинг устози, таниқли балерина ва Майя Плисецкаянинг тутинган онаси Суламиф Михайловна Мессерер ўртага тушди. Седих ўқув дастурини ўзлаштиришга ҳаракат қилди – у дарсликларни кечаси билан ўқиб чиқарди.
«Аёз бобо» фильмини суратга олишда ёш актрисага ҳамма ғамхўрлик қилган. Марфушка роли ижрочиси Инна Чурикова, ҳатто Натальяни билим юртига тинглашлари учун олиб келган. Аммо ўқитувчи зўрға эшитадиган тарзда гапирадиган Натальяга қараб, у ерда қизнинг ўзига хослигини йўқ қилишлари мумкинлигини айтди.
Актриса ҳаётидаги биринчи ўпишиш у пинҳона севиб қолган Иванушка ролининг ижрочиси Эдуард Изотов билан бўлди. Фильм экранга чиққандан бир кун ўтиб, Седихга шон-шуҳратга кўмилди, хайриятки, спорт билан шуғулланганида у юлдузлик касалига қарши «эмланган» эди.
Наталя Евгеньевна эслашича, шундан сўнг кинога жуда кўплаб таклифлар бўлган, лекин у рад этарди – ўқишни биринчи ўринга қўярди. Роу яна мурожаат қилди – «Олов, сув ва мис қувурлар» эртагидаги Алёнушка бош роли учун. Актриса рад эта олмади. Фильмда машҳур киноюлдузлар Михаил Пуговкин, Георгий Милляр, Алексей Смирнов ҳам бор эди.
Анатолий Папанов бош ролни ижро этган туғруқхона шифокори ва асранди ўғиллари ҳақидаги «Дон Кихот болалари» фильмида Седих Лев Пригун ижросидаги Дмитрийнинг қаллиғи ролини ижро этди.
«Мовий муз» драмаси актрисага болаликдаги фигурали учишга бўлган иштиёқини эслатди: у чемпионатда мағлуб бўлгач, спортни тарк этишга қарор қилган спортчини ўйнади. Шериги профессионал фигурали учувчи, олимпия ўйинлари совриндори Александр Горелик эди.
Киностудияларга мактуб
Наталя Евгеньевнанинг узоқ танаффуси олдидан сўнгги фильми «Уч апельсинга муҳаббат» телевизион мусиқий фильми ҳисобланади. Суратга олиш жараёни чўзилгандан-чўзилар, режиссёр доимий равишда тузатишлар киритарди. Алал оқибат актрисанинг сабри тугади.
Мислсиз муваффақиятига қарамай, Седих ўзининг юлдуз мақоми ҳақида ўйлаб ўтирмади. Ёшлигида унинг хаёли фақат балет билан банд эди – ҳозир «Большой театр»да рақсга тушарди. Ва у айни йигирма ёшида ҳар қандай актриса нуқтаи назарида қўрқинчли ҳисобланган қарор қабул қилди – киностудияларга мактуб йўллаб, бугунги тил билан айтганда, ўзининг барча фотосуратларини маълумотлар базачидан ўчириб ташлашни сўради.
1990 йилда Наталя Евгеньевна «Никитский дарвозаси» театрига ишга кирди. Сўнг кичик эпизодларда иштирок этиб бўлса-да, яна актёрлик фаолиятини бошлади. 1994 йилда Валентин Гафт, Нина Русланова ва Анастасия Немоляева билан бирга «Мен озодман, мен ҳеч ким эмасман» комедиясида чиқди. «Об-ҳаво мутахассиси» трагикомедиясида ҳам роль ижро этди.
2007 йилда режиссёр Светлана Проскурина Иван Вирипаев сценарийси асосида «Йилнинг энг яхши вақти» драмасини суратга олди. У театр саҳнасини аллақачон тарк этган Седихни бош ролни ўйнашга таклиф қилди. Севги учбурчаги ҳақидаги фильм Андрей Тарковский номидаги «Ойна» кинофестивалининг танлов дастурида иштирок этди. Шундан сўнг актриса Проскуринанинг оммавий муҳокамага сабаб бўлган ва Кинотавр фестивалининг бош мукофоти билан тақдирланган «Сулҳ»ида суратга тушди. Фильм Германия, Англия ва Франциядаги халқаро кинофорумларда намойиш этилди.
Шундан сўнг кўринмай қолган Наталья Седих 2018 йилда Андрей Малаховнинг «Салом, Андрей!» шоусининг кўҳна эртакларга бағишланган сонида иштирок этди. Шунингдек, «Оҳ, оналар!» дастурининг қаҳрамонига айланди, «Юлдузлар сирларини очганда» дастурида эса у ўзининг ижодий фаолияти ва шахсий ҳаёти ҳақида гапириб берди.
Шахсий ҳаёт, бир ўғил ва хиёнат
Наталя Евгеньевнанинг иқрор бўлишича, у тез-тез, шу жумладан, машҳур атристларни ҳам севиб қолган, лекин фақат бир марта турмушга чиққан. Умр йўлдоши, бастакор Виктор Лебедев билан Санкт-Петербургдаги «Большой театр»га гастроль сафари чоғида танишган. Эрининг ўзи таниқли шахс бўлганлиги боис, балеринани кино юлдузи сифатида тан олмаганди. Седихдан дастхат сўрашганини кўриб, кейин ишонч ҳосил қилган.
Ижодкорлар оиласида ўғил Алексей Лебедев туғилди. Бироқ, афсуски, ўн йилдан сўнг никоҳга дарз кетди. Виктор Михайлович рашкчи бўлиб чиққан, аммо актрисанинг таъкидлашича, ажрашишга ҳар икки томоннинг ён босмагани ва ўз манфаатларини қурбон қилишни истамагани сабаб бўлган. Эр-хотин турли шаҳарларда яшашди ва охир-оқибат ўғил отасиникига кўчиб ўтди.
Уларнинг ажрашишига хиёнат сабаб бўлган эди: Наталья Евгеньевна Викторни бошқа аёл билан тутиб олди. Аммо эр-хотин жанжалсиз, дўстона ажрашди. Виктор Лебедев шундан сўнг иккинчи ва, ҳатто учинчи марта уйланди. Седих эса бошқа турмуш қурмади, лекин ишқий саргузаштга берилди: айнан у туфайли Михаил Церишенко ва Екатерина Семенованинг никоҳи бузилди.
Собиқ балерина умри давомида ўзини озиқ-овқатдан чеклаб келади, болалигидан давом этаётгани боис, бундан умуман азоб чекмайди. Актриса нозик қоматини сақлаб қола олди – бўйи 158 см, вазни тахминан 50 кг. У ёшига нисбатан навқирон кўринади, бу ўзи тан олганидек, пластик жарроҳлик эмас, балки махсус дори-дармонни тери остига, томирларга юбориш, муз билан артиш ва соғлом уйқу туфайли.
2018 йилда «Идеал таъмир» дастурини суратга олиш гуруҳи Наталья Евгеньевнанинг уйига ташриф буюрди ва хоналардан бирини ҳашаматли мебель билан жиҳозлади.
Виктор Лебедев 2021 йил март ойида вафот этди. Седих собиқ эри билан видолашув маросимига бормади. Интервьюда актриса буни ўғли унга Санкт-Петербургга боришни тақиқлагани, коронавирус пайтида хавфли бўлиши мумкинлиги билан изоҳлади.
Наталя Седих бугун нафақада, у Москвадаги уйда ёлғиз яшайди. Марк Розовский театрини тарк этганига йигирма йилдан ошди. Кинода суратга тушмайди, оммавий тадбирларга бормайди. Актрисанинг сўзларига кўра, у ўзига кўпроқ вақт ажратади ва ҳаётдан завқланади.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter