«Бола, кўрсичқон, тулки ва от» ёки нима учун бу мультфильмни кўришингиз керак?
Британиялик рассом ва ёзувчи Чарли Маккизи 2019 йилда «Бола, кўрсичқон, тулки ва от» эртак китобини нашрдан чиқарди, шундан сўнг 2022 йил асар асосида мультфильм ишланди.
Маълумот учун: «Бола, кўрсичқон, тулки ва от» Британиянинг BAFTA ва Annie Awards мукофотларини, кейинчалик «Оскар» ни қўлга киритган.
Мультфильм крот, яъни кичкина ер остида яшайдиган кўрсичқон билан исмсиз болакайнинг танишувидан бошланади.
– Катта бўлганингда қандай бўлишни хоҳлайсан?
– Меҳрли инсон.
– Ҳм... дунёда меҳрдан бошқа ҳеч қандай қимматли нарса йўқ. Ҳаётда шунчалар кўп гўзаллик борки, буларнинг барчасини сақлаш керак.
Мультфильмдаги диалоглар ўзининг соддалиги, аниқлиги билан таъсирли.
Бош қаҳрамон болакай ғамгин, ўйчан, ёлғиз. У жигарранг рангда тасвирланган.
Унинг дўсти мўйнали ҳайвонча эса нарсаларни фарқлашда қийналади, шунинг учун у дарахт ўрнига тортни кўради, қор ўрнида шакар. Лекин хато қилганини англаб, тушкунликка тушмайди ва доим яхшиликдан умидвор...
Йўлда кўрсичқонга тулки ҳамла қилади ва бир оздан кейин ўзи қопқонга тушади. Мультфильм давомида аниқ бўладики, тулки умуман қўрқинчли эмас.
Фильмда унчалик кўп ранглар йўқ, оқ қор, баргларсиз қорамтир шохлар, муз остидан йўл олаётган дарё ва қор кўчкилари. Ҳар бир сюжет оддий кўрингани билан қалбнинг энг нозик торларига тегади.
Бола: – Сенинг шиоринг нима?
Кўрсичқон: – Агар ҳеч нарса ўхшамаса ҳам торт е...
Болакай сувдаги аксини кўриб шундай дейди:
–Бу жуда ғалатия. Биз фақат ўз қиёфамизни кўрамиз, унда ҳиссиётлар, фикрларимиз кўринмайди-а...
Болакай билан кўрсичқон йўл, юради йўл юрса ҳам мўл юриб қоронғу тушгач бир жойда тўхташади.
Шунда кўрсичқон дейди:
–Тасаввур қил биз қўрқувларимиз ўрнига орзу қилишни ўрганганимизда эди. Сенга масалан нима керак?
–Менга иссиқ, хавфсиз уй керак, лекин бу уй қанақа бўлади, мен билмайман.
Мультфильм меҳрибон ва таъсирчан, аммо буни тушуниш ва ҳис-туйғуларингизни тартибга солиш учун вақт керак бўлади... Қалбингиздаги кечинмаларни гапириш осон бўлмаган мультфильм. Ундаги тўрт қаҳрамон ҳам битта одамнинг ичига жойлашган характер аслида.
Мультфильмни томоша қилаётган одам болакайнинг юпун кийимига эътиборсиз қолмайди. Ҳаммасини мукаммал ёритган ижодкор наҳотки уни қалин кийинтиришни унутган бўлса деб ўйлайсиз. Йўқ унутмаган. Мультфильм давомида мўйнали ҳайвонча уни иситиб боради. Яъни ташвишсиз сичқоннинг вазифаси болани иссиқ тутиш, қолаверса у қўрқувдан яшириниш учун жой керак. Уларнинг яна бир ҳамроҳи от...бу ҳақда кейинроқ.
Биз ёввойи ва важоҳатли деб ўйлаган тулкининг ҳам қалбида айтиши керак бўлган гаплари бор. Улар йўлда давом этади.
Болакай: – Тулки биз билан умуман гаплашмаяпти.
От: – Гапирмасаям унинг биз билан биргалиги яхши.
Мультфильмдаги от боланинг ичидаги энг донишманд одамча.
Тулкининг ушбу фикрига отнинг жавобини эшитинг-а.
Тулки: – Агар ростини айтадиган бўлсам, мен эшитишни унчалик қизиқ эмас деб ўйлайман.
От: – Ростгўйлик аслида жуда қизиқдир.
Йўлда болакай отдан йиқилиб тушиб йиғлайди.
Шунда от айтади: – Биласанми кўз ёшлар шунчаки оқмайди. Улар сенинг кучсизлигинг эмас, балки сенинг кучингдир.
Болакай: – Сен менга ҳатто ўзимдан ҳам кўпроқ ишонасан. Сенинг энг муҳим ва қатъий туриб айта олган гапинг қайси бўлар эди?
От: – Ёрдам беринг... Сен ёрдам сўрашдан уялма. Ёрдам сўраш бу енгилишни истамаганинг, енгилмаслик учун йўл қидиришдир.
Кўрсичқон: – Мен сизларни яхши кўраман, деб айтиш менга жуда қийин. Мен яхшиси бу гапни шундай ифодалайман: «Сизлар билан биргалигим жуда яхши».
Улар бироз югуришади, ўйнашади. Шунда бола айтади, ўртоқларинг билан бирга ҳеч нарса қилмаслик бу бекорчилик эмас тўғрими...
Кўрсичқон: – О, мен қанчалар кичкинаман.
Болакай: – Ҳа, аммо сен жуда катта аҳамиятга эгасан.
«Бола, кўрсичқон, тулки ва от» – тасвирлаш қийин бўлган мультфильм. Бу ҳаётий, лекин айни пайтда театрлаштирилган. Бу самимий ва тушуниш қийин, интуитив ва ҳаддан ташқари ҳаяжонли, ўйга толдиради. Бу ҳамма учун – жуда ёш томошабинлар учун, эндигина фикр юритишни ўрганаётганлар ва ҳаётда ҳамма нарсани айтишга улгурганлар, ҳеч қачон ҳеч бир гапини айтолмаганлар, айтолмай меҳрни изҳор қилганлар учун.
«Ўйлайманки, бу эртак орқали яратилган мультфильм бошқалар билан ҳаётни қандай баҳам кўрамиз, қандай мулоқот қилишимиз керак мана шу ҳақда, – дейди китоб муаллифи Маккизи бир анжуманда. – Бу китоб руҳий соғломлик ҳақида эмас. Бу борлиқ ҳақида, бу инсон бўлиш ҳақида, бу мулоқот ва умид, қўрқув ва заифлик ҳақида.»
Продюссер Cара Спеллернинг сўзларига кўра, суратга олиш тахминан икки йил давом этган: «Бутун мультфильмни ишлаш давомида бизда 20 мамлакатдан 120 нафар рассом бор эди!»
Визуал дизайн гуруҳи илҳом олиш учун Шимолий Англиядаги Нортумберленднинг кўплаб фотосуратларини, қор остидаги ландшафтларни, турли об-ҳаво ва ёруғлик шароитларини кўриб чиқишади.
«Шубҳасиз, сиз фильм суратга олганингизда, китоб ёзганингизда ёки шунга ўхшаш бирор нарса қилсангиз, одамлар сиз ҳеч қачон ўйламаган ёки олдиндан кўра олмаган ёки ҳатто тасаввур ҳам қила олмаган ҳар хил нарсаларни қабул қилишади – ва улар ҳамма нарсага ҳар хил муносабатда бўлади», – дейди Маккизи. – Мен умид қиламанки, одамлар буни томоша қилишдан завқланишади ва ўзларини яхши ҳис қилишади, ўзларига ва бошқаларга кўпроқ умид беришади, тасалли ва меҳр-муҳаббатни ҳис қилишади...»
Бола: – Қўрқаманки, мен ҳеч қачон уйимни тополмайман.
Тулки: – Мен нимани англаб етдим. Сени қадрлашади, сени севишади, сен дунёга жуда кераксан, шунинг учун бардам бўл, ишончингни йўқотма. Ҳеч қачон эсингдан чиқарма, сен қандай бўлишингдан қатъий назар яхшисан...
От: – Мен сизлардан бир нарсани яширганман. Мен уча оламан, аммо учмай қўйганман. Сабаби дўстларим менга ҳасад қилишган.
Болакай: – Биз сени яхши кўрамиз сен учасанми ёки йўқми, барибир биз сени яхши кўрамиз.
Бола: – Хайр, мен сизларсиз зерикаман, сизларни соғинаман. Уй албатта бу жой, макон дегани эмас, сизлар мен ҳақимда биласизларми, барибир мени яхши кўраверасизларми?
От: – Биз сени олдингидан ҳам кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Шунинг учун шу ердамиз, биргамиз меҳр бериш, севиш ва севилиш учун...
Ҳа, барчамиз шу мультфильмни кўриш учун шу ердамиз, кўпроқ меҳрли бўлиш, меҳр олиш учун.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter