Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ноқонуний қурилган бино ва иншоотларда «снос» кучайди (видео)

«Бу қонуний ҳатти-ҳаракатларимиз айрим тадбиркор ва одамларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, бугун ўзбошимчалик ва қонунийликка кўз юмиб ўтилса, эртага шаҳарсозлик нормаларининг бузилишига, кўпмингсонли одамларнинг бунёдкорлик ишларидан талофат кўришига сабаб бўлиб қоламиз...», Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари.

«Бир кун муҳлат беринг, ҳеч бўлмаса, дўкон ичидаги мулкларимизни йиғиштириб олайлик!»

«Ўзимга ўт  қўяман!»

«Ўзимни кран остига ташлайман. Йўлимни тўсманг, қочинг!»

«Шу пайт собиқ ҳокимлар тирик бўлганида, бу ҳатти-ҳаракатларингга йўл қўймас эди»

«Тўғри, қурилишим ноқонуний. Кўп бор қаттиқ огоҳлантирилганман. Аммо, бузиб ташланишига ишонмай келганмиз. Вақт борида ҳужжатларимни тўғриламай, қонунийликка қўл силтаб келганимдан пушаймонман»....

Куни кеча Бухоро вилоятида ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний барпо этилган  ер майдонларида тикланган бино ва иншоотлар бартараф этилаётган пайтда тадбиркорларнинг бу сўзлари узоқ вақтдан буён огоҳлантиришларга қарамай, ҳолатга эътиборсиз қўл силтаб келганларидан дарак берди.

Журналистлар: Ноқонуний объектлар бартараф этилишига ишонмаймиз. Бу шунчаки «пиар»...

Бухорода жорий йилнинг 20 октябрдан бошлаб, прокуратура, мажбурий ижро бюроси, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ва бошқа тегишли хизматлар ҳамкорлигида ҳудуддаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш амалий чора-тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида бошланди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

Ушбу жараён олди журналист, блогерлар, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилган.

Матбуот анжумани иштирокчилари томонидан бугунги кунда шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермайдиган юзлаб ноқонуний субъектлар мавжудлиги, ўзбошимча қурилган бино ва иншоотлар шаҳар кўркини бузаётгани, «снос»лар ҳақидаги важлар эса қуруқ гап эканини, шу пайтгача ҳам  бу шунчаки «пиар» учун айтиб келингани, оқибатда шаҳарсозлик нормалари издан чиқиб, ўзбошимча ва ноқонуний қурилмалар сафи кенгайиб боришига хизмат қилиб келгани қаттиқ танқид остига олинган.

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жалол Арашов.

«Йўқ! «снос»га кетади!»

«Йўқ, бартараф этилади. Ноқонуний, ўзбошимча қурилмалар борки, «снос»га кетади. Ўзига хос қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланган шаҳар ва туманларимизда бу соҳада тартиб ўрнатиш зарур. Сўнгги йилларда ноқонуний қурилган бино ва иншоотлар туфайли турли салбий ҳолатлар юзага келаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ўрганувлар натижасида аниқ бўлдики, жуда ҳам кўп камчиликларга йўл қўйилган. Вилоятнинг барча шаҳар-туманлар ҳудудларида маиший ва тижорат биноларига эга бўлган кўплаб фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳужжатлари ҳам, тиклаган қурилмалари ҳам шаҳарсозлик меъёрларига номувофиқ. Мулкни сотиб олаётганда эҳтиёт бўлишмаган, тегишли идоралар билан маслаҳатлашишмаган. Керакли рухсатномаларни олмасдан ёки архитектура ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларини сезиларли даражада бузган ҳолда бино ва иншоотлар тиклаб келаверишган. Ўрни келганда, айтиш мумкинки, ўринсиз ваъдаларга ишониб келишган. Оқибатда турли салбий ҳолатлар юзага келаётганидан кўз юмиб бўлмайди», — деди Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жалол Арашов.

«Тан олиш керак, бундай ўзбошимчалигу, ноқонуний қурилмаларнинг ошиб кетиш ҳолатларининг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги ҳам сабаб бўлган. Юқорида айтилганидек, ноқонуний бино, иншоот эгаслари бундай қуруқ сўзларга, «қур, орқангда мен борман!» деган ваъдаларга ишониб ҳам келишган. Бу мутасаддиларнинг қарийб, 70-80 фоизи бугун лавозимда эмас...», — дея савол йўллади «Xabar.uz» мухбири.

Ҳоким ўринбосари саволга жавобан шундай эътиборсизликлар оқибатида қонунбузилишлар сони ошиб кетгани, бундай камчиликлар қайта такрорланмаслиги учун қатъий чоралар белгиланаётгани, бугун ўзига хос қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланган Бухорода бу соҳада тартиб ўрнатиш зарурлиги, қурилиш соҳасида комплекс ёндашувга талаб ошганини билдирган.

Дарҳақиқат, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга, ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, спорт масканларини бунёд этишда шаҳарсозлик қоида ва меъёрларига алоҳида эътибор қаратиш тақозо қилмоқда. Бунинг учун ҳар қандай мезонда ҳам ноқонуний қурилмаларни қонунан бартараф этишга тўғри келади.

Таъкидланишича, биргина Бухоро шаҳар ҳудудида ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш борасида жорий йилнинг 9 ойи давомида жисмоний шахслар томонидан жами 98 та ҳолатда 1,28 гектар ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бароварга ошган. Аниқланган қонунбузилишларнинг 6 та ҳолатида ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари дастлабки ҳолатига қайтарилган. Қолган 92 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, шундан 61 та ҳолатда даъво аризалар қаноатлантирилган.

Бухоро шаҳрида жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзларига тегишли бўлган ер майдонларида 44 та ҳолатда шаҳарсозлик талаблари қўпол равишда бузилган. Ҳозирги кунда мазкур объектлар амалдаги талабларга жавоб бермаслиги ва мазкур бинолардан фойдаланувчиларнинг ҳаётини хавфга қўйиши сабабли уларни йиқитиш учун суд органларига даъво аризалари киритилган.

«Ҳозирда, ваколатли органларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаган ер майдонларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилган бино ва иншоотларни бартараф этиш бўйича даъво аризаларнинг 74 таси, шундан 13 та турар, 61 та нотурар жой мажбурий ижро этишга қаратилган», —деди Жалол Арашов.

«Бузилишларга ишонмай, қўл силтаб келган эканман...»

Бухоро шаҳридаги Ибн Сино кўчаси ёқасида жойлашган ўзига тегишли нотурар бинонинг ён томонида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун ўзбошимчалик билан ноқонуний тикланган бино олдида «снос» техник воситаларининг етиб келгани тадбиркорни шошириб қўйди. Қурилмани бартараф қилиш тўғрисидаги Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳал қилув қарори мавжуд. Мулк эгаси Фазлиддин Ғойипов жорий йилнинг апрель ойида огоҳлантирилган. Қонунан ва мажбуран бузиб ташланиши ҳақида шу куннинг ўзида ҳам билдирилган.

«Ҳақиқатан ҳам тадбиркорлик субъектимга ёндош ҳудудда ноқонуний қурилма қурганман. Рад эта олмайман. Тўғриси, бузилишларга ишонмай, қўл силтаб келган эдим. Ўз вақтида огоҳлантиришларга эътибор қилмай, «барибир, йиқитилмайди» деб келаверганимдан, ўз муаммоимни ўз вақтида бартараф этмаганимдан пушаймонман...», —деди Фазлиддин Ғойипов.

«Марҳумлар ётган манзил чегарасидан чиқиш – оғриқли»

Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар бўлими даъвосида ўзбошимчалиги билан қурилган бино-иншоотнинг бартараф этилиши жавобгар Насиба Муҳаммедовага ҳам қимматга тушди. Бухоро шаҳридаги  «Мухтор Ашрафий» МФЙдаги «Ҳазрати Имом» қабристони ён томонида жойлашган объектларнинг файзли ва бежиримлиги эътиборни тортмай қўймайди. Афсуски, 280 квадрат метрли майдонда қурилган иншоотларда қонун чегараси бузилган.

«Россияда ишлаб келиб, боримни тикдим шу объект учун. Тўғри, ноқонуний қурилиш қурганман. Беш йилдан ошди, бошқа ишларга чалғидимми, хуллас, ҳужжатларни ўз вақтида тўғрилашни пайсалга солибман. Ва белгиланган ер майдонлари чегарасидан ўтиб, лойиҳадан ташқари ноқонуний қурилмалар тикладим. Аммо, бинонинг олд томонидан эмас, орқа тарафидан. Олд томонида эса ноқонунийлик йўқ. Илтимос, қурилиш молларимни йиғиштириб олишимга муҳлат беринглар!» — дейди ёш тадбиркорлардан бири.

Маълум бўлишича, ёш тадбиркор енгил конструкцияли тадбиркорлик объектлари қуриш ўрнида мустаҳкам ва оғир юкли иншоотлар тиклаган.

«Шундоқ Ҳазрати Имом қабристонига ёндош бу объектнинг орқа тарафида, қабристон чегарасиниям бузиб ўтиб, мармар ишлаб чиқариш цехини ташкил этган. Ўзига қонунан белгиланган ер майдони атрофини ўзбошимчалик билан, етмаганига, марҳумлар ётган манзил чегарасиниям бузиб ўтиш бу – оғриқли-да, энди...» — дейди мутасаддилардан бири ёш тадбиркорнинг ноқонуний қурилиш ишлари ҳақида сўзлар экан.

Маълум бўлишича, ёш тадбиркор илгариги мутасаддиларнинг ваъда ва «қуравер» деган ишораларига таяниб, қонунсизлик этагидан тутган ва бугун пушаймонликда қолган. Бироқ, ёш тадбиркорга нисбатан «снос»чилар томонидан яна ўзбекона тамойил қўлланилди. Уч кун муҳлатда ўзига тегишли объектларнинг ноқонуний қисмларини бартараф этиши ва объектдан тегишли мол-мулкини чиқариши талаби қўйилди.

«Ўзимни кран остига ташлайман. Йўлимни тўсманг, қочинг!»

Бухоро шаҳридаги «Чорбахосса» МФЙ, Талижа кўчасидаги 110 метр квадрат майдон ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз бунёд қилинган. Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари биносини мажбурий буздириш учун махсус техника ва кучлар воситалари жалб қилинди.

 «Ўзимга ўт  қўяман!», «Ўзимни кран остига ташлайман. Йўлимни тўсманг, қочинг!», «Карим Камолов билан Ўктам Барноевлар тирик бўлганида, сенларни шундай қолдирмас эди» дея важ-карсон келтириб, бартараф этиш ишларига тўсқинлик қилишга, автотехникалар олдига чиқишга уринишлар ҳам бўлди.

Тўғри, четдан ҳолатни кузатаётган кишилар: «4-5 сўм тирикчилигини қилаётган бу фуқароларнинг дўконини бузиш шартми, мана-ман, деган каттаконларнинг ноқонуний биноларини йиқитишсин», — дея норозилик ҳам билдиришди. Аммо, шаҳарсозлик меъёрлари ва кўркини бузиб турган бундай ноқонуний бинолардан воз кечиш вақти аллақачон келган.

Маълум бўлишича, жавобгар Алишер Аҳмедов Бухоро шаҳридаги Талижа кўчасидаги ўзи яшаш хонадонининг 530,0 квадрат метр ер майдонида бино-иншоот қуриб, ноқонуний эгаллаб олган. Шундан 55,0 вадрат метрида ертўла, 140, квадрат метрида биго-иншоот, 31,0 квадрат метрида айвон биноси ҳамда узунлиги 25,0 метр, баландлиги 2,8 метр бўлган девор тиклаган. Бу объектларнинг ўз ҳисобидан буздирилиши ҳақида жорий йилнинг февраль ойида суд қарори чиққан. Бироқ, фуқаро ўзбошимчаликда давом этиб келган.

Бартараф этиш чоғида эса бу манзилда ноқонуний қурилмалар мавжудлиги, аслида, оға-инилар ўртасида мулк можароси сабаб бошлангани маълум бўлди. Билдирилишича, тўрт оға-инилар ўртасидаги жанжал туфайли уларнинг ўзбошимча эгаллаб олинган ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиб келишаётгани юзага чиққан.

110 метр квадрат майдон ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз бунёд қилинган. Қурилиш моллари савдо дўконлари биноси, шунингдек, умумий 530 метр квадратга тенг майдондаги ўндан ортиқ савдо дўкони, ертўла ва айвонлар бузиб ташланиб, ер майдонини асл ҳолига келтириш юзасидан масъуллар ва жавобгар томонларига тавсия ва топшириқлар берилди.

Бухоро марказидаги «Шергирон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган турар жой  биноси олдида 40,0 квадрат майдонда  нонвойхона қурган Икром Сирожиддиновнинг ҳам «мулки» эътибордан четда қолмади. Ноқонуний қурилма бузиб ташланди.

Халқимиз ободликни қадрлайди ва доим шунга интилади. Пули кўпайса, дарров чиройли иморатлар қуришга, қатор бинолар тиклашга чоғланади. Бироқ, кўплаб тадбиркорлар ҳам борки, баъзан қурилишнинг қонуний талаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Сир эмас, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ҳам ноқонуний барпо этишган. Биргина Бухоро шаҳрининг ўзида 44 та ҳолатда кўп қаватли уйларда қонунга хилоф равишда ноқонуний қўшимча қаватлар «уланган»и маълум қилинди.

«Галдаги техник воситалар «юриши» шуларга қаратилади. Бу қонуний ҳатти-ҳаракатларимиз айрим тадбиркор ва одамларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, бугун ўзбошимчалик ва қонунийликка кўз юмиб ўтилса, эртага шаҳарсозлик нормаларининг бузилишига, кўпмингсонли одамларнинг бунёдкорлик ишларидан талофат кўришига сабаб бўлиб қоламиз. Тегишли ташкилот ва бошқармалардан олинган маълумотга биноан, ҳар бир тегишли ҳужжатсиз ва ўзбошимчалик билан қурилган бинони ихтиёрий равишда бартараф этиш ишлари жадал давом этади. Барча шаҳар-туманларда ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш амалий ҳаракатига киришилди. Шу ўринда, Бухоро шаҳри, қолаверса, барча шаҳар-туманлар ҳудудида маиший ва тижорат биноларига эга бўлган фуқароларни мулк ҳужжатларининг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлигини яна бир бор синчиклаб текширишга, ўзбошимчалик билан ноқонуний тикланган бино-иншоотларни ихтиёрий равишда бартараф этишга чақирамиз», — деди Жалол Арашов.    

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг