Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Данияда кичкина совға ҳам пора ҳисобланади» — Давлат хизматчисига оид лойиҳа муҳокамасида қатнашяпсизми?

«Данияда кичкина совға ҳам пора ҳисобланади» — Давлат хизматчисига оид лойиҳа муҳокамасида қатнашяпсизми?

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси муҳокама қўйилгани ҳақида хабар бергандик.

Унда давлат фуқаролик хизматчиси БҲМнинг 5 бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги совға олиши мумкинлиги қайд этилган.

Жуда фаол бўлмаса-да (аслида айнан шу масалада жамоатчилик фикри жуда муҳим ва ҳар бир фуқаро фаол бўлиши шарт) ўз фикрлари, таклифлари билан лойиҳа муҳокамасида қатнашаётганлар бор.  Қуйида уларнинг айримлари билан бўлишишни лозим топдик. 

Абдуқаҳҳаор Назоров, давлат хизматчиси:

  1. Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан унга тақдим этилган совға тўғрисида уч иш куни ичида давлат органининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмасига (кейинги ўринларда – масъул тузилма) Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган ҳисоботни тақдим этади, деб кўрсатилган. Таклиф: хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлардан қайтгандан сўнг уч иш куни ичида деб тўлдириш керак.
  2. Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати бўйича қуйидаги миқдор белгиланади: Давлат фуқаролик хизматининг барча сиёсий гуруҳи, даража ва лавозимдаги давлат фуқаролик хизматчилари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) бараваридан (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) кўп бўлмаган миқдорда. деб белгиланган. Таклиф: базавий ҳисоблаш миқдорининг жумласи ўрнига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг жумласи билан ўзгартириш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, халқаро тадбирлардан берилган совғалар миқдорини халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда, валюта қийматида белгилаб, шу кунги марказий банк курси бўйича ҳисоблаш мақсадга мувофиқдир.
  3. Совғанинг баҳоси ушбу Низомда белгиланган миқдордан зиёд бўлган совғалар тақдири қуйидаги тартибда ҳал этилади: совға тақдим этилган давлат фуқаролик хизматчиси томонидан совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун давлат органига тўлов амалга оширилади ва сотиб олинади. Совғани сотишдан тушган маблағ давлат органининг бюджети ёки бюджетдан ташқари даромадлари ҳисобига ўтказилади, деб кўрсатилган. Таклиф: зиёд миқдори учун давлат органига белгиланган тартибда солиқ тўловлари амалга оширилади ва сотиб олинади деб кўрсатиш зарур.

Лутфиёр Абдурахимов: Ходимнинг шахсий ўзига берилган совғалар бўйича ҳам махсус комиссия тузилиши керак ва бу ходим берилган совғани тўлов миқдорини белгиланган маълум бир қисмини тўлаб ўз ихтиёрида қолдиришини ҳам кўзда тутиш лозим. Ривожланган давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқса яхши бўлади.

International Lawyer мустақил тадқиқотчи: Замонавий, инновацион, рақамли ва асосийси, нисбатан хавфсиз пора: «Пластик картамга паймедан ўтказинг...» Яъни тадқиқотчи таклиф бермоқчи — пластик масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак.

 Мустақил тадқиқотчи ўз тадқиқотларидан яна бир қизиқ ҳолатни ҳам муҳокамага ташлаган: «Ҳукуматдаги вазирларнинг вазни билан, коррупция боғлиқлигини 15та собиқ иттифоқ республикаларида солиштириб чиқишибди. ((https://onlinelibrary.wiley.com/doi/full/10.1111/ecot.12259).

Натижалар шуни кўрсатадики, бир нечта коррупция ўлчов бирликларига кўра, ҳукумат аъзоларида ортиқча вазн кўпроқ бўлган мамлакатларда коррупция даражаси баландроқ. Коррупцияни бу ерда (Transparency International Corruption Perceptions Index, World Bank worldwide governance indicator Control of Corruption, Index of Public Integrity) қуйидаги рейтинглар билан ўлчашган: Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, тана массаси индексига (ТМИ) кўра, барча Собиқ Иттифоқ мамлакатлари ҳукумат аъзоларидан оғирроқ экан. Тана массаси индекси (ТМИ) вазннинг бўйга (квадратига) нисбати орқали ўлчанади, масалан 1.81 cм бўлган, одамнинг вазни 88 килограмм бўлса, унинг тана массаси индекси 26.9. Бизда ўртача ҳукумат аъзосининг тана массаси индекси 35.5 деб топилибди, 35.5 ни нисбий ўлчамга қўйсак: бўйи 1.75 м бўлган одамни ТМИси 35.5 дегани, унинг вазни тахминан 109 килограмм бўлиши керак. Хуллас, ўртача ТМИ бизни ҳукуматимиз аъзоларида бошқа мамлакатлардан кўра баландроқ экан. Ўн беш мамлакат ичида, энг «енгил» ҳукумат аъзолари, бу — Эстония, Латвия ва Литвада экан. Энг «оғир» учлик бу —Украина, Туркманистон ва Ўзбекистон. Биз собиқ иттифоқда энг коррупсияга ботган мамлакат эмасмиз, бу кўрсаткичда Туркманистон ва Тожикистон биздан ёмонроқ. Лекин вазн бўйича биз улардан озгина оғирроқ эканмиз.  Бу ерда эътибор бершингиз керак бўлгани, тадқиқот коррупция билан ортиқча вазн орасида корреляцияни топди. Лекин бу дегани, ҳукумат аъзолари вазни оғирлашган сари коррупция кўпроқ бўлади дегани эмас. Коррупция билан вазннинг боғлиқлиги сабаб билан оқибат бор дегани эмас. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг алоҳида таъкидлашича, вазни оғирроқ амалдор, коррупцияга мойилроқ дегани ҳам эмас. Шунчаки, ҳукумат аъзосининг ўртача вазни билан коррупция даражаси боғлиқ дегани холос. Хуллас қизиқ боғлиқлик, лекин қандайдир хулоса қилиш мумкин дегани эмас. Чунки назария йўқ. Назария иқтисодий тадқиқотлар учун айнан шуниси билан муҳим.

Баҳзод Худоёров: Бу Низомдан ҳам ўз манфаатида фойдаланиш учун амалдорлар форточка яратиб олмасликлари учун, ҳар қандай совғани ҳам пора сифатида қабул қилиш керак. Сиз ўзингизга юклатилган вазифани бажараётганингиз учун иш ҳақингизни олаяпсиз (ҳозирча кам бўлса ҳам) нима учун яна сизга иши боғлиқ бўлган шахсдан қандайдир манфаат кутиш керак? Агар йирик тадбирларда ўзи истаб қатнашиб тақдирланса бошқа гап. Коррупцияга нисбатан истисно ҳолатлар бўлмаслиги керак. Истисно ҳолатлар билан бундан ҳам ёмонлашаверади. Ўзим ҳам давлат хизматчисиман.

Абдулразоқ Қувватов, тадбиркор: Бизнинг қонунларимизнинг асосий камчилиги ҳудди шу ИСТИСНО ҳолатлар ҳисобланади. Мана шу ИСТИСНО ҳолатларни деб жамиятимизда коррупция илдиз отиб бораверади. Агар тушунмаган бўлсангиз, истисно ҳолатлардан ақлли ва тажрибали коррупционерлар қандай фойдаланишини суриштириб кўринг. Ундан кўра давлат хизматчисининг ойлик маошини кўтариш зарур. 

Абдужаббор Мирхолиқов, тадбиркор: Совға беришдан мақсад нима? Аслида совға беришдан манфаат бўлмаса, одамлар ўзидан ўзи совға бермайдику? Менимча, бу шунчаки пора олишни қонунийлаштириш дегани. Бу худди бир неча йиллар давомида болаларни пулга ўқишга олиб кирган одамлар, орадан 10-15 йилдан кейин супер контракт деган балони жорий қилгандек гап бўлибди. Шахсан мен бунга қаршиман.

Жаҳонгир Авзиев, давлат хизматчиси: Давлат хизматчисига доимий етарли ойлик маош, меҳнат ва дам олиш ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш ўрнига пора олишни қонунийлаштириб қўймоқчисизларми? Бир кунда 1.5 млн сўм қийматда бир кишидан неча марта совға олиш мумкин? Умумий нечта кишидан совға олиш мумкин?  Давлат хизматчиси нима учун совға олиши керак. Совға эвазига нима қилиб бериши керак давлат хизматчиси? Совға олиб, тили қисиқ бўлиб қоладими? Хуллас, ҳаммаси бефойда.  

Жалолиддин Қодиров, давлат хизматчиси: Давлат хизматчисига ҳадя тақдим қилишнинг умуман ҳожати йўқ. Сабаби у қандай қийматда бўлишидан қатъи назар орадаги муносабатни ўзгартириш хусусиятига эга. Умуман кераксиз нарса. Совға хизматчи ишлайдиган ташкилот томонидан берилса бу яхши ҳолат, касбига нисбатан лоялликни оширади.

Мираброр Воҳидов, илмий изланувчи: Умуман 0 қийматга тушириш керак, нима кераги бор шуни, совға олмаса ишдан кетадими, жамоа шартномаси нега тузилган унда, касаба уюшмаси-чи, озгина иқтисод қилинглар.

Яна бир ҳамюртимиз телеграмдаги «Европадаги саргузаштларим» каналидан   «Пора воқеаси»ни эслатади:

«Биринчи семестрни Жанубий Дания университетида ўқиганмиз. Профессор ва курсдошларга улашиш учун қадоқланган қуруқ мева ва ёнғоқлар, адрас шарфчалар олиб келгандик. Ҳа, энди ўзбекчиликда мозорбосди нарса – табаррук.

Ноябрда бир профессорнинг туғилган куни эди. Бир ҳафта олдин дам олиш кунлари туғилган кунини нишонлашини ўзи айтиб қолди. Кейинги дарсга қадоқланган қуруқ мевалардан биттасини олиб бордим ва дарс тугагач қўлига тутқаздим. Профессор табассум билан совғани олди ва баланд овозда бутун аудиторияга мурожаат қилди:

– Оҳ раҳмат, раҳмат. Лекин! Болалар, бу нарса Данияда пора ҳисобланади. Кетгунларингча жиноятчи бўлиб қолманглар, деб айтиб қўйяпман.

– Йўқ, йўқ, йўқ. Порамас, Ўзбекистондан келган. Туғилган кунингизга кичкина совға.

– Профессор талабадан олган ҳар қандай нарса порадир. Мен ҳозир буни қабул қиламан, лекин кафедрага олиб бориб қўяман. Ҳамма профессорлар бирга еймиз.

– Пора ҳисобланишга арзимайди бу, турса 3-4 доллар туради. Мен чин кўнгилдан бердим. Ўзбекистоннинг бир бўлагини татиб кўринг деб.

– Поранинг катта-кичиги бўлмайди. Нега сизнингча Дания коррупция энг паст бўлган мамлакатлар қаторига киради? Жамият коррупциядан тозаланиб, комилликка интилиши учун майда нарсаларгача қаттиқ туриши керак.

Қорамағиз одамман, юзим қизарганидан бинафшарангга кирди-ёв. Йиғлаб юборай дедим. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам ҳеч пора бермаганман. Деярли очиқчасига ишора қилиб гапиришганда ҳам пора сўралаётганини тушунмай, ишим битмаган ҳолатлар бўлган.

Aҳволимни кўриб, профессорнинг раҳми келди чоғи:

– Майли, ҳазил. Унчалик жиддий олма гапимни. Турли маданият вакиллари эканингизни ва одатларингиз тубдан фарқ қилишини тушунаман. Лекин Данияда кичкина совғалар ҳам пора ҳисобланишини билиб қўйинглар, дейман-да.

Шундан кейин қайтиб бошқа ҳеч қайси профессорга совға бермадим Данияда. Словенияда ҳам. Юрагим бетламади яна порахўрликка ҳисса қўшишга»...

Ушбу лойиҳа муҳокамага қўйилганига 3 кун бўлди. Бир қатнашчининг беш-олтита фикр берганини ҳисобга олмасак, таклифлар энди 20 тадан ошди. Бу жудаям кам. Бундай муҳокамаларда аҳоли фаол ва сергак, очиқ порталга ўз фикрини кўпроқ айтиши керак назаримда. Ана шунда биз коррупцияга қарши курашишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. regulation.gov.uz порталига киринг ва ўз таклифларингизни билдиринг. 22 ноябргача хоҳлаганча таклиф беришингиз мумкин. Сизни бу муҳокамада иштирок этишга ва фаол бўлишга чақирамиз.

Б.Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг