Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дезинформация. Унинг болалар тарбиясига психологик таъсири

Дезинформация. Унинг болалар тарбиясига психологик таъсири

Фото: Иллюстратив фото

Технологиялар тез ривожланиб бормоқда, болалар ва ўсмирлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган интернет ва ижтимоий тармоқлар уларнинг билим доирасини кенгайтириш, ижодкорлигини ривожлантириш ва дунёқарашини шакллантириш имкониятини берса-да, айни пайтда катта хавфларни ҳам ўз ичига олади. Айниқса, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган болалар ёлғон, нотўғри ёки манипулятив маълумотларни ҳақиқат сифатида қабул қилишга мойил бўлишади.

Сўнгги йилларда турли «чақирув» (chellenge) ва ўйинлар болалар ўртасида кенг тарқалди. Улардан баъзилари, масалан, «Blue Whale» (Кўк кит), «Momo challenge» ёки «TikTok»даги хавфли вазифаларга асосланган трендлар болаларни ўз жонига қасд қилишгача олиб борадиган даражада руҳий босим остида қолдирган.

Хусусан, Буюк Британиянинг «The Guardian» нашрида чоп этилган хабарга кўра, 2025 йил февраль ойида тўрт нафар ота-она «TikTok» платформасини судга берди, чунки уларнинг фарзандлари оммалашган «Blackout Challenge»ни бажаришга уриниб, ҳаётдан кўз юмган. Мутахассислар ушбу челленжни, оқибатлари яшириб кўрсатилгани учун, дезинформация деб атайди. Ота-оналар «TikTok»ни ушбу хавфли контентни тарқатишда масъулиятли бўлишга чақирди.

Жорий йилнинг январида қизамиқ эпидемиясига қарши вакциналар ҳақида нотўғри маълумотлар, хусусан, уларнинг хавфсиз эмаслиги ёки аутизм каби касалликларга олиб келиши ҳақидаги асоссиз даъволар ота-оналарнинг эмлашдан воз кечишига сабаб бўлди. Оқибатда икки бола вафот этган. Шунингдек, қизамиқ каби олдини олиш мумкин бўлган касалликларнинг қайта авж олишига олиб келган.

Бундай дезинформация кампаниялар, ёлғон «чақирув»лар ёки манипуляциявий контентлар болаларда руҳий тушкунлик, қўрқув, ёлғизланиш ҳиссини кучайтиради. Айрим ҳолатларда бола ўзини баҳоланмаётгандек ҳис қилиб, виртуал дунёда «диққат марказида» бўлиш учун хавфли ишларни қилишга интилади. Бу эса тарбия жараёнида жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Юқорида санаб ўтилган таҳдидлар жаҳонда рўй беришига қарамасдан, Ўзбекистон болаларига ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Бугун малакатимизда дезинформацияга қарши курашиш, ёшларимиз унинг қурбонига айланмаслиги учун олиб борилаётган ислоҳотлар етарли эмасдек. Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 2446-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Ҳозир дезинформациянинг болалар тарбиясига салбий таъсирини камайтириш учун Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурати долзарб масалага айланган. Чунки амалдаги ҳуқуқий асослар кўпроқ жазолашга қаратилган бўлиб, хавфли ахборот оқимининг олдини олишга эмас, балки оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган. Замонавий ижтимоий медиа муҳити эса тезкор, илғор ва профилактик (олдини олувчи) ёндашувларни талаб қилади.

Бу борада ривожланган Германия ва Канада қонунчилик тизмидаги андозалар кўплаб мамлакатларга намуна бўлиши мумкин. Хусусан, NetzDG (Netzwerkdurchsetzungsgesetz) — «Интернетда провокациявий таҳдидларга ва ёлғон маълумотларга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун 2017 йили қабул қилинган бўлиб, Германия ҳукумати томонидан ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформаларда нафратга, зўравонликка, ирқчиликка, киберҳужумга ва бошқа зарарли контентга қарши курашиш учун ишлаб чиқилган. Унга кўра, платформалар ўз фойдаланувчилари томонидан жойлаштирилган ноқонуний контентни 24 соат ичида олиб ташлашга доир мажбурият белгилаб қўйилган. Агар платформалар қонун талабларига жавоб бермаса, уларга катта (20 миллион еврогача) жарималар солиниши кўзда тутилган.

Канадада «Digital Charter Implementation Act» — «Рақамли устуворлик тўғрисида»ги қонун 2020 йили қабул қилинган. Бу қонун Канадада рақамли хавфсизликни таъминлаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва фойдаланувчиларни интернетда хавф-хатарлардан назорат қилишни мақсад қилади. Қонун давлат ва шахсий секторда ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган. Шунингдек, «The Youth Protection Act» — «Ёшлар ҳимояси тўғрисида»ги қонун бўлиб, болалар ва ўсмирларни интернетдаги зарарли контентдан ҳимоя қилишга йўналтирилган. У, шунингдек, онлайн буллинг ва киберҳужумларнинг олдини олишга ҳам мўлжалланган.

Германия ва Канада қонунлари ўзларининг аниқ ва самарали тартибга солиш механизмлари билан нафақат дезинформация, балки интернетдаги хавф-хатарлардан болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Бу қонунчилик тизимлари бошқа мамлакатлар учун ҳам фойдали тажриба бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда Германия ва Канададаги каби қонунчилик механизмларини жорий этиш дезинформация ва онлайн хавф-хатарлар билан самарали курашишга ёрдам бериши мумкин. Бироқ қонунларни жорий қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур, чунки бу интернет эркинлиги ва шахсий ҳуқуқларни чеклашга олиб келиши мумкин. Платформалар ва интернет компанияларининг жавобгарлигини ошириш, уларнинг фойдаланувчилар томонидан тарқатилган зарарли контентни аниқлаш ва тезда олиб ташлашни таъминлаш, мамлакатда рақамли ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Бундай қонунларни жорий қилишда технологияларни тез ривожланишини ҳисобга олиш, платформаларни назорат қилишни оптималлаштириш ва рақамли хавфсизликни ошириш муҳимдир.

Ҳар қандай қонун ижросида эркин фикр билдириш ҳуқуқини чекламаслик, шахсий эркинликни сақлаш ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш зарур. Шу билан бирга, платформалар ва давлат ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарали ва жадал мониторинг тизимларини жорий этиш ва халқаро тажрибаларни ҳисобга олиш Ўзбекистон учун рақамли хавфсизликни таъминлашда муваффақиятга эришиш имконини яратади.

Назим Бўронов,
мустақил тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг