Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди Европа дунёга Ғарб кўзи билан эмас, Шарқ ёки Жануб кўзи билан қарашни ўрганиши керак

Энди Европа дунёга Ғарб кўзи билан эмас, Шарқ ёки Жануб кўзи билан қарашни ўрганиши керак

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити том маънода тарихий бўлди. Тадбирда 20 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва хукумат раҳбари иштирок этиши жаҳонда Хитой ва шу билан бирга ШҲТнинг обрўси ошиб бораётганидан далолат. Маълумки, аввалбошида ШҲТ хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни кўзлаган эди. Вақт ўтиб ташкилот иқтисодий ҳамкорлик масаларига аҳамият бера бошлади.

Бу галги саммит аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади? Маълумки, бугунги кунда АҚШ турли давлатларга қўллаётган божлари туфайли дунёда яккаланиб бормоқда. Унинг бож сиёсати яқин ҳамкорларининг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда. АҚШ сиёсатидаги ноаниқлик туфайли кўплаб мамлакатларнинг АҚШга ишончи сусаймоқда.

Мана шундай бир пайтда Тяньцзинда бўлиб ўтган “ШҲТ плюс” саммитида Хитой раиси Си Цзиньпин глобал бошқарув ташаббуси билан чиқди ҳамда барча мамлакатларни янада адолатли ва оқилона глобал бошқарув тизимини яратиш учун биргаликда ишлашга чақирди. Бу ташаббус сўнгги йилларда Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган тўртинчи ташаббус ҳисобланади. Бундан аввал у  Глобал тараққиёт бўйича Ташаббус, Глобал Хавфсизлик бўйича Ташаббус ва Глобал цивилизациялар бўйича Ташаббус билан чиққан эди. 

Си Цзиньпин Глобал бошқарув бўйича Ташаббусни ҳаётга татбиқ этишда бешта тамойилни илгари сурди: суверен тенгликни таъминлаш, халқаро қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, мультилатерализмни ҳаётга татбиқ этиш, «аввало инсон» ёндашуви, ҳақиқий ҳаракатларга эътибор қаратиш.

Хитой Раисининг сўзларига кўра, тинчлик, ривожланиш, ҳамкорлик ва умумий манфаатнинг ҳозирги тенденциялари ўзгаришсиз қолмоқда, аммо совуқ уруш менталитети, гегемонизм ва протекционизм туманлари тарқалмаяпти, янги таҳдид ва муаммолар доимий равишда ошиб бормоқда, дунё беқарорлик ва ўзгариш даврига кирмоқда.

У БМТнинг мақоми ва обрўсини қатъий ҳимоя қилиш, унинг глобал бошқарувдаги ажралмас ва асосий ролини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Си Цзиньпиннинг таъкидлашича, ҳажми, кучи ва бойлигидан қатъи назар, барча мамлакатлар Глобал бошқарувнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари бўлиб, қарор қабул қилиш ва имтиёзлар олиш ҳуқуқига эга. «Икки томонлама стандартлар бўлмаслиги керак ва оз сонли мамлакатларнинг «уй қоидалари» бошқаларга юкланмаслиги керак», деди Хитой раҳбари. У инсониятнинг умумий муаммоларига янада самарали қарши туришга, Шимол ва Жануб ривожланишидаги бўшлиқни ёпишга ва дунёнинг барча мамлакатларининг умумий манфаатларини ҳимоя қилишга чақирди.

Си Цзиньпин таъкидлаганидек, ШҲТ етакчи рол ўйнаши ва Глобал бошқарув ташаббусини амалга оширишда намуна бўлиши, ҳозирги нотинч дунёда барқарорлик учун куч бўлиб қолиши керак.

Си Цзиньпин ташкилотни бутун дунё бўйлаб очиқ ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди.

«Биз девор қуришдан кўра уларни бузишда давом этишимиз, бўлинишдан кўра интеграцияга интилишимиз, «Белбоғ ва йўл»нинг юқори сифатли қурилишини рағбатлантиришимиз керак», деди Хитой раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Хитой ўзининг улкан бозори имкониятларини баҳам кўришга тайёр ва «ШҲТ оиласи» доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни сифатли ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режасини амалга оширишда давом этади.

Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТга аъзо давлатларга ХХРнинг инвестицияси 84 млрд АҚШ долларидан ошиб кетди. Бу мамлакатлар билан икки  томонлама савдо ҳажми 500 млрд АҚШ долларидан ошди. Бу йил Хитой ШҲТга аъзо мамлакатларга 2 млрд юан (280 млн доллар) миқдорида грант ва қўшимча 10 млрд юан (1,4 млрд доллар) миқдорида кредит ажратишга ваъда берди.

Хитой раҳбарининг  Глобал бошқарув борасидаги Ташаббуси долзарб аҳамият касб этади ва ўз вақтида илгари сурилди. Бу ташаббус хитой халқининг донишмандлигини ўзида акс эттиради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Бу ерда буюк Конфуцийнинг «Ҳаётда ўз ўрнингни топишни хоҳлар экансан, бошқаларга ёрдам бер, муваффақиятга интилар экансан, бошқаларнинг ютуғига кўмак бер», деган ҳикматли сўзлари ўзгача руҳда янграйди».

Фикримча, Си Цзиньпиннинг Глобал бошқарув борасидаги Ташаббуси дунёга тинчлик, барқарлик, бағрикенглик олиб келади.

Энди Европа дунёга Ғарб кўзи билан эмас, Шарқ ёки Жануб кўзи билан қарашни ўрганиши керак.

       Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг