Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Глобаллашув ва тараққиёт майда халқларни ютиб юбормоқда (фото)

Глобаллашув ва тараққиёт майда халқларни ютиб юбормоқда (фото)

Иллюстратив фото

Ер юзида аҳоли тезлик билан кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда сайёрамизда яшаётган аҳоли сони 8 миллиарддан ошиб кетди. Аҳоли сони ошиб боряпти, шу билан бирга, бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган халқлар ҳам борлигидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Гап сон жиҳатидан камайиб бораётган қабила ва элатлар ҳақида бормоқда. Улар глобализация ва ассимиляциянинг қурбонига айланмоқда. Шу тариқа йўқолиб бораётган халқлар билан бирга, уларнинг маданияти ва турмуш тарзи ҳам йўқликка равона бўлмоқда.

Тезлик ва нанотехнологиялар асрида цивилизациядан панада бўлган халқлар ҳам мавжудки, уларнинг айримларининг тақдири хавф остида қолмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида 370 миллионга яқин туб халқ вакиллари истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 5 фоизи демакдир. Сайёрамизда 6 мингта халқ бўлиб, тадқиқотларга кўра, халқларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Цивилизация камсонли халқларни ер юзидан супуриб ташламоқда, гўёки. Улар билан бирга тиллар, маданиятлар йўқолиб бормоқда. Инсоният такрорланмас маданиятдан аста-секин жудо бўлмоқда. Агар табиатда қандайдир ҳайвон ёки ўсимлик йўқолиб кетиш арафасида турган бўлса, бу ҳақда бонг урилади. Бутун бошли халқлар йўқолиб борар экан, бунга оддий, шу билан бирга табиий ҳодиса сифатида қараб бўлмайди. Сайёрамиз халқлари орасида хилма-хиллик бўлмас экан, бу инсоният эволюциясига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.

Маданиятлар хилма-хиллигининг камайиб боришини фожиа сифатида қабул қилиш керак. Маданиятлар тирик организмга ўхшайди. Улардан бири олиб ташланса танамиз кемтик бўлиб қолади.

Сураткаш Жимми Нелсон (Jimmy Nelson) қўлидаги фотоаппарат билан дунё бўйлаб сайёҳат қилади, кўп мамлакатларда бўлган. У майда халқлар орасида бўлиб, уларнинг турмуш тарзини цивилизия вакилларига етказишга интилади. Нелсон «Ҳозирча улар йўқ бўлиб кетмади» (Before they pass away) деб номланган лоийҳага қўл урган. Лойиҳа ташқи дунёдан бутунлай ажралиб қолган халқлар турмуш тарзи, ҳаёти, урф-одатлари ҳақида атрофлича маълумот беради.

Журналлардан бирига берган интервюсида Жимми Нелсон уч йил мобайнида 44 та мамлакат ҳудудларида истиқомат қилаётган 29 та қабила вакиллари орасида бўлганини айтган эди. Унинг лойиҳаси сайёрамиз аҳолисининг ноёб қирраларини очиб беришга имкон беради.

Лобалар (Тибет, Непал).
Фото: Дзен

Йўқолиб бориш хавфи остида турган халқларнинг урф-одат ва аньаларини асраб қолиш мақсадида, Бразилияда бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, туб халқ вакилларининг биринчи халқаро спорт мусобақалари ўтказилди. Мусобақаларда 2200 нафар спортчи иштирок этди. Бразилиядаги туб аҳоли вакилларидан ташқари, 20 мамлакат, жумладан, АҚШ, Канада, Мексика, Янги Зеландия, Россия, Мўғулистон, Парагвай, Гватемаладан вакиллар келди.  Шу тариқа туб халқ вакилларининг маданияти ва аньаналари  кенг тарғиб қилинди.

Йўқолиб кетиш арафасида турган айрим халқлар ҳақида қисқача маълумот:

Самбуру. Кения ҳудудида истиқомат қилади. Сони — 160 минг кишидан ошмайди.

Самбурулар.
Фото: Дзен

Хули. Индонезии ва Папуа-Янги Гвинеяда яшайди. Сони — 150 мингга яқин.

Бушменлар. Ангола, Ботсвана, Замбия, Зимбабве, Намибия, Жанубий Африка Республикаси ҳудудларида истиқомат қилади. Сони — 100 минг атрофида.

Бушменлар кулбаси.
Фото: Дзен

Ладакҳи. Ҳиндистонда яшовчи бу халқ сони 57 минг кишидан иборат.

Ладакҳи халқига мансуб аёл.
Фото: Michael Hardy

Ваорани. Эквадор шарқида яшайдиган бу халқ 4 мингга яқин кишидан иборат.

Ваорани қизи.
Фото: Altcoopsys.org

Кокопа. Атиги 300 кишидан иборат бу халқ Мексикада ва АҚШнинг Аризона штатида яшайди.

Цаатанлар. 280 кишидан иборат бу халқ вакилларини Мўғулистон ҳудудларида учратиш мумкин.

Цаатан қизалоғи.
Фото: Pbs.twimg.com

Танзанияда масаи деган қабила бор. Бу халқ вакиллари болаларини ёшлик чоғлариданоқ ҳарбийликка ўргатишади.

Кўчманчиликда яшашни одат қилган рабари қабиласини Ҳиндистонда учратасиз. Бу қабила қизларини ёшлик давридаёқ чеварликка ўргатишади.

Мурси қабиласи Эфиопияда асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан машғул. Айни дамда Омо дарёси саҳилларида истиқомат қилувчи бу халқ вакиллари сайёҳлар билан суратга тушиш ҳисобига топган пул эвазига кун кечиради.

Непалда  лоба деб аталувчи халқ бор. 1991 йилга қадар улар яшайдиган Ло Қироллигига, ёки Юқори Мустанг ўлкасига сайёҳларнинг бориши тақиқланган эди. Эндиликда бу халқ турмуш тарзи билан яқиндан танишмоқчи бўлганлар 2-3 кун пиёда юриб, Кали-Гандаки соҳилидаги қишлоққа етиб олишлари мумкин.

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг