Ижтимоий тармоқлар ва сериаллар орқали қадрсизланаётган оила қадриятлари

Оммавий маданият индивидуализм, виртуаллашув, «мен» концепцияси ва ностандарт ахлоқий қарашлар каби ғояларни тарғиб қилади. Ушбу маданият шакли бир томондан, кенг оммани жалб қилишга қаратилган, бошқа томондан миллий ва умуминсоний қадриятларнинг ўзига хослигини йўқотишига сабаб бўлмоқда. Энди «оломон маданияти» фақатгина кийиниш маданиятини тарғиб этиш билан чекланмай, оила, фарзанд, эътиқод, ор-номус, шахсни идентификациялаш, «мен» концепцияси, янгича ахлоқ, кибержиноятчилик, қуролланиш пойгаси, суицид, роҳатланиш саноати, виртуаллашув каби муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Яна бир томондан кенг жамоатчилик томонидан илгари сурилаётган «бизга ўзи мафкура керакми» ёхуд «маънавият бизга нима берди» қабилидаги саволларнинг кўпайиши туфайли ушбу тушунчанинг қадр-қиммати, жамиятда мавжудлик моҳиятига таъсир ўтказмоқда.
Хўш, жамият ҳаётини бу тушунчаларсиз тасаввур қилиш оқибатлари қандай? Бизни қандай хавф-хатар ва таҳдидлар кутиб турибди?
Келинг, оила қадриятлари ўзгариб бораётганига назар ташлаймиз. Чунки «оммавий маданият»нинг янги кўринишлари оила қадриятларига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани сир эмас. Энди эркак-эркак билан, аёл-аёл билан, ҳатто ҳайвонлар билан никоҳ қуриши каби ҳолатлар нафақат Ғарбда, балки айрим Осиё давлатларида ҳам учрамоқда. Ушбу янги «оилавий никоҳ»ларнинг ривожланиши ҳамда уларнинг ҳуқуқий ва моддий таъминоти афсуски кучли ҳимоя остида. Бу ҳолатлар глобаллашув жараёнларининг салбий жиҳатлари ҳамда «оломон маданияти»нинг дунё халқларига етказаётган энг фожиали зарарларидан биридир. Маърифатпарвар жадидларимиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий эса: «Эй қариндошлар, сизлардан катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпанинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан наъмуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятлардан намуна олиб, бул жиҳатдан тақлид қилмоғимиз лозимдур. Оврўпанинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир - қул қиладур. Бундан сақланингиз» каби ўзбек миллати учун муҳим бўлган миллий қадриятларни асрашга оид фикрлари қанчалик ҳақиқат эканлигини англаймиз.
Оила ҳақида қарашларнинг ўзгаришига албатта ижтимоий тармоқлар ва ОАВ воситалари оилавий муаммоларга оид контентлар билан тўлиб-тошиб кетаётгани ҳам сабаб. Яъни савиясиз кинолар, видеофильмлар, сериаллар ҳақиқий «тарбия» мактабини ўтамоқда.
Ушбу, агар ижод деб аташ мумкин бўлса ижод намуналарида персонажларга эътибор беринг: блогер келин, ўғри келин, ношукур келин, бир кунлик келин, чилим чеккан келинчак, довдир келин, нафси бузуқ келин, эркакшода келин, эркатой келин... ёки жодугар қайнона, шаллақи қайнона, келинни қулдек кўрадиган қайнона, фирибгар қайнона... хуллас луғатимиздаги бор энг хунук сифатлар, фазилатлар ёпиштирилган аёллар бугун қаҳрамон қилиб кўрасатилмоқда. Бу каби персонажлар ёшлар онгида ҳамма шунақа эканда ва бу табиий деган тушунчани келтириб чиқариши шубҳасиз. Яъни нафақат Ғарбдан кириб келаётган таҳдидлар балки, ички таҳдид ва хавф-хатарлар ҳам эътиборни талаб этадиган муаммоларимиз аслида.
Жаҳон ҳамжамияти оила олий қадрият эканлигини ифодаловчи кино ва драмалар ишлаб чиқариш орқали оилавий қадриятларнинг қадрсизланишини олдини олишга ҳаракат қилаяпти. Масалан, ижтимоий тармоқлар ва телеканалларда оммалашган «Ҳаёт сенга мандарин берганда» каби фильмлар оиланинг муқаддаслиги ғоялари тарғиб қилинади.
Бизга ҳам бугун мана шундай руҳдаги кино ва сериаллар керак. Ўтмишга назар ташласак, бундай фильмлар ўзбекфильм архивида ҳам етарлича. Аммо, бугунги замонавий «хомо сапиенс»нинг янгича қиёфадаги кино ва медиа контентларга бўлган талаби ортиб бораётгани ташвишланарли ҳол.
Шу боис, бугун хорижда ҳам оммавий маданиятга қарши курашиш фаол ҳаракатга айланган. АҚШда 1500 дан ортиқ ақл марказлари (маънавият, маърифат марказлари) ва илмий тадқиқот институтлари миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ғоялар ва мафкуралар билан суғорилган кинофильмлар ишлаб чиқариш орқали пешқадамлик қилмоқда. Хитой эса 4500 га яқин ақл марказлари ва тадқиқот институтлари ҳамкорлигида Буюк Хитой маданияти ва тарихини ривожлантиришга қаратилган ғояларни тарғиб қилишга қаттиқ киришган. Қўшни мамлакатларда миллий тикланиш, давлат тилининг қадрини ошириш мақсадида блогерлар ва тармоқ фойдаланувчилари миллат имижини тарғиб қилувчи кино, фильм, мусиқа, рақамли контентларни яратишга катта эътибор қаратмоқда. Демак, биз ҳам оммавий маданиятга қарши тарбиявий аҳамиятга эга контентлар ва сифатли кинофильмлар орқали курашишимиз керак.
Чунки бугун улғаяётган Зета, Альфа ва Бета авлодларининг шахсий ва ижтимоий идентификацияси нафақат биз яшаётган дунёга, балки виртуал оламга ҳам боғлиқ. Виртуал реаллик, сунъий интеллект ёки мета оламларнинг ривожланиши уларда реал дунёдан ажралган шахсийлик ва муҳит тўғрисида янги тушунчаларни шакллантиради. Бу авлод вакилларининг асосий вақтини илм-фан ютуқлари туфайли анимацияланган контентлар оламидан ташкил топган кибер муҳитда ўтказиш имконияти жуда катта.
Лекин яна бир томондан бу авлод дофомин қарамлиги (мияда «рағбатлантириш» ва «мотивация» сигналларини узатувчи модда) туфайли виртуал маконнинг ашаддий мижозларига айланиб бориши эҳтимоли ҳам жуда катта.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ёшу қарининг фаворитига айланган инстаюлдузлар туфайли авж олаётган, урфга айланаётган миллий хусусиятларни четлаб ўтувчи «ред флаг» ёхуд «ўзингни сев, ўзгани қўй» каби ғояларнинг тренд, мем, челленджларга айланиши ҳам ёшларнинг оилавий муносабатларга бўлган қарашларни тубдан ўзгартириши сир эмас. Бу ишлаётган механизмлар эса жамиятнинг тили, дини, эътиқоди, қадриятлари ва анъаналари аста-секинлик билан йўқ қилиши мумкин. Америкалик сиёсатшунос олим Д.Дериан таъкидлаганидек, «Зўравонликни узоқ масофаларда минимал йўқотишларсиз амалга ошириш имконияти замонавий дунёнинг манзарасини ўзгартирмоқда.»
Ҳа, биз учун жуда муҳим оила, эътиқод каби қадриятлар бугун ҳимояга муҳтож. Бу ҳимоя эса, албатта, ғоявий-мафкуравий таҳлил ва саралаш механизми орқали амалга оширилади.
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан Республиканинг барча ҳудудларида жамият ижтимоий-маънавий муҳитини ва уни соғломлаштириш технологиясини ишлаб чиқишга оид сўровнома ташкил этилди. 35 мингга яқин респондент қатнашган ушбу тадқиқот натижаларига кўра, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий ҳаёт яхшиланиб бормоқда (62,9%). Респондентларнинг 86,8 фоизи ўз турмушини ўрта ва юқори даражада, деб билади. Ҳамюртларимиз ор-номус, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, инсоф, инсонпарварлик ва эътиқод бугунги кунда энг керакли ахлоқий қадриятлар деб ҳисоблашади.
Яна бир эътиборли жиҳат: Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан зиёлилар – олимлар, ёзувчилар, тарихчилар иштирокида янги лойиҳа йўлга қўйилди. Ўқув ва илмий-методик қўлланмалар, услубий тавсия, маърифий адабиёт ва медиа маҳсулотлар мажмуасини яратишдан ташқари ижтимоий тармоқларда сунъий интеллектнинг турли хил дастурлари орқали ўзбек қадрияти, маданияти, тарихини тиклаш, жонлантиришга қаратилган кўплаб миллий контентлар яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Нигора Ҳусанова,
Республика Маънавият ва Маърифат маркази
Ижтимоий маънавий-тадқиқотлар институти илмий ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter