Исломни биринчи бўлиб қабул қилган мўғул хони ҳақида биласизми?
Тарихдан маълумки, XIII аср бошларида мўғуллар Чингизхон бошчилигида йирик кўламдаги босқинчилик юришларини амалга оширди. Бунинг натижаси ўлароқ, дунё харитасида тахминан 33 миллион квадрат километрни қамраб олган янги империя қад ростлади.
1285 йилда мўғуллар Аббосийлар халифалигининг пойтахти Бағдодни қамал қилиб, Ислом оламига катта талафот етказишди. Буни қарангки, минглаб мусулмонларни қиличдан ўтказган мўғул хонлари вақт ўтиши билан Исломни энг тўғри дин эканлигини англаб, аста-секин Ислом динига эргашишди.
Бугунги мақоламизда, мўғул хонлари орасида биринчи бўлиб Ислом динини қабул қилган ва унинг ривожланиши учун катта ҳисса қўшган Беркахон ҳақида ҳикоя қиламиз.
Беркахон ким?
Беркахон (1209-1266) мўғуллар салтанатининг асосчиси Чингизхоннинг набираси ва унинг тўнғич ўғли Жўчининг учинчи фарзанди ҳисобланади. Жўжихон моҳир ва тажрибали саркарда эди. У отаси Чингизхонга Ўрта Осиёни истило қилишда ёрдам берди.
Жўжихоннинг тўрт хотини бўлиб, улардан жами ўн тўртта ўғил ва икки нафар қиз фарзанди бўлган. Аммо, Жўжихон отаси томонидан берилган буйруқ асосида ов вақтида пинҳона ўлдириб юборилади. Чингизхон босиб олган ерларини тўртта улусга ажратиб, ўғилларига тақсимлаб берди. Ғарбий улус Жўжихоннинг иккинчи ўғли Ботухон (1208-1255) га берилди. Бу ерлар тарих солномаларида «Олтин Ўрда» деб аталган. Беркахон акаси вафот этганидан сўнг Олтин Ўрда тахтини эгаллади ва улусни мустақил равишда бошқарди.
Беркахоннинг Исломни қабул қилиши
Маълумотларга кўра, Беркахон дунёга келганида отаси Жўжихон бу ўғлини мусулмон бўлишини истаган. Жўжихон ўғлининг киндигини мусулмон эътиқодига кўра кесишни ва бу болани мусулмон аёл катта қилиши кераклигини буюрган. Ўрта асрда яшаб, ижод қилган эронлик тарихчи Журжонийнинг ёзишича, Беркахон ёшлигидан Хўжандда бир имомдан Қуръон ўқишни ўрганган ва сўфий шайх Сайфиддин Бохарзийдан ҳанафийлик мазҳабини қабул қилган.
Бошқа маълумотларга кўра, Беркахон ҳозирги Қозоғистоннинг ғарбида жойлашган Саройчиқ шаҳрида Бухородан келаётган карвонга дуч келади. Шунда Беркахон саёҳатчилардан уларнинг эътиқоди ҳақида сўраган ва Ислом динига қизиқиб қолган. Орадан маълум вақт ўтгач, сўфий шайх Сайфиддин Боҳарзийдан Исломни қабул қилган.
Кўп жилдлик «Байбарс тарихи» асарининг муаллифи Рукнуддин Бейбарс ўз китобида Беркахон қандай мусулмон бўлганини батафсил баён қилган:
“Берке мамлакати тахтига ўтирди. У Исломни қабул қилди, тақводор бўлди, дин маёқларини ўрнатди, мусулмон қонун-қоидаларини тарқатди... Ўз мамлакатининг турли ҳудудларида масжид ва мадрасалар қуришга киришди. Унинг ислом динини қабул қилишига шайх Нажмиддин Кубронинг муридларидан бўлган Сайфиддин Бохарзий сабабчи бўлди”.
Нуфузли шайх Боҳарзий таъсирида баъзи мўғуллар ҳам Исломни қабул қила бошладилар. Шайх ҳақида Беркахон олдинроқ эшитган эди. Беркахон ўзининг ҳурматини шайх Боҳарзийга изҳор қилиш учун унга «паизу» (мўғул ҳукмдорлари томонидан турли одамларга махсус ваколатлар бериш рамзи сифатида берилган, ёзувли металл ёки ёғоч ликопча) жўнатади. Аммо, шайхнинг бунга муносабати бошқача бўлади.
Беркахон жўнатган ёрлиқ чопар орқали шайхга етказилади. Шайх Сайфиддин Бохарзий хабарчидан бу нима деб сўрайди. Чопар буни хон жўнатганини, ана шу нарса инсонни турли балолардан асрашини айтади. Шунда шайх хабарчига қараб, «буни эшакка боғлаб, даштга жўнат. Агар у эшакни чивинлардан ҳимоя қилса, мен уни қабул қиламан. Агар у эшакни қўриқлай олмаса, у менга ҳеч қандай фойда келтирмас», дейди. Шайх Беркахон жўнатган ёрлиқни қабул қилмади. Хабарчи қайтиб келиб, шайхнинг айтганларини Беркахонга етказди. Шунда Беркахон: «мен ўзим унинг олдига бораман!» дея шайх Боҳарзийнинг олдига боради. Ўша вақтда шайх Бухорода эди. Беркахон Бухорога келиб, шайх эшиги олдида уч кун кутиб туради.
Араб тарихчиси ал-Муфаддал Беркахонни қуйидагича тасвирлаган:
“Сийрак соқол, катта сариқ рангли юз, сочлари иккала қулоқ орқасига таралган, қулоғида қимматбаҳо тошли олтин узук. У ипак халат кийган, бошида қалпоқ ва белида болгар терисидан ишланган қимматбаҳо тошлар билан безатилган олтин камар. Икки оёғида чармдан ясалган қизил пойабзал. Белбоғига қилич боғланмаган”.
Амакиваччалар ўртасидаги тўқнашув
Беркахоннинг жияни Ҳулоку ҳозирги шимолий Эронни бошқараётган даврда акаси Мунке томонидан Эрондан Мисргача бўлган ҳудудларни мўғуллар хонлигига қўшиб олиш тўғрисида кўрсатма олади. 1256 йилда Ҳулоку камида 100 минг кишилик қўшин билан юриш бошлайди. Қўшин исмоилийлар султонлигининг тоғли ерларига етиб бориб, бир йил ичида уларни таслим этади ва уларнинг етакчиси Рукниддин Хуршоҳ асир олиниб, ўлдирилади. Кейин Хулоку Ироққа эътиборини қаратади ва халифа ал-Мустасимга мактуб юбориб, мўғулларга итоат қилишини талаб қилади. Буни халифа рад этади. 1258 йилнинг январ ойида Ҳулоку қўшини Бағдод остонасига келди. Мўғуллар икки ҳафта ичида шаҳарни эгаллаб олди. Бир ой ўтгач, халифа ал-Мустасим қатл қилинди. Олти асрдан кўпроқ вақтдан бери юксалиб келаётган шаҳар талон-тарож ва ер билан яксон этилди. Бағдоднинг кўплаб аҳолиси ўлдирилди. Кўп ўтмай Ҳулоку Сурияга жўнаб кетди.
Беркахон Бағдоднинг талон-торож қилингани, мусулмон аҳоли қириб ташлангани ва бошқа мусулмон шаҳарлари ҳам Ҳулоку томонидан талон-тарож қилинаётганини эшитиб, ғазабланади ва қасос олишга қасам ичиб шундай дейди:
«Ҳулоку мусулмонларнинг барча шаҳарларини талон-тарож қилди. Мен худонинг ёрдами билан мусулмонларнинг бегуноҳ тўкилган қони учун уни жавобгарликка тортаман».
Ҳулоку Беркахон келаётгани эшитиб, Сурияда кичик бўлинма қолдириб, Эрон томонга чекинади. 1260 йилга келиб, мўғуллар Суриянинг катта қисмини бўй сундирди ва Фаластинни эгаллаш учун жанубга томон ҳаракат қила бошлади. Мўғулларнинг енгилмас қўшинини Мисрда ҳукмронлик қилаётган мамлуклар (1250-1517) тўхтата олди. Мамлук султони Сайфиддин Қутуз ўзининг энг ишонган лашкарбошиларидан бири бўлган Байбарсни Фаластинга юборади. Мамлуклар мўғул босқинига чек қўйиб, катта ҳудудларни мўғул зулмидан озод этди. Маълумотларга кўра, Ҳулокуга қарши кураш учун мамлуклар султони Сайфиддин Қутуз ва Беркахон иттифоқ тузган. Қисқа вақт ичида мамлуклар Фаластин ва Сурияни мўғуллардан қайтариб олдилар.
Фаластин қўлдан чиққани эшитган Ҳулоку мағлубият учун қасос олиш мақсадида юришга тайёргарлик кўради. Бироқ у бу юришни амалга ошира олмайди. Чунки Беркахон Кавказ минтақасида Ҳулокуга қарши бир қатор ҳужумларни уюштириб турганди.
Беркахон ва Ҳулоку ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб, очиқ урушга айланиб кетди. Бунинг сабаби фақат Ҳулоку томонидан аббосий халифасининг ўлдирилишида эмас. балки уларнинг иккиси замонавий Хитой ва Мўғулистон ҳудудини ўз ичига олган Шарқий хонликни бошқариш учун бошқа-бошқа номзодни қўллаётганида эди. Ҳулоку акаси Хубилайни қўллаб-қувватлар, Беркахон эса бошқа акаси Ариқбуғо тарафида эди. Иккала даъвогар ҳам урушда ўз тарафдорларига қўшилди, аммо жангда Ариқбуғо Хубилайга таслим бўлди. Урушда Ҳулоку ва Беркахон ҳам жиддий зарар кўрди.
Беркахон қаерга дафн этилган?
1265 йилнинг июль ойида Нўғай бошчилигидаги қўшин Дарбант довони орқали Жанубий Озарбайжонга бостириб кирди. Беркахон ўз лашкари билан душман келаётган томонга юриб, Абага дарёнинг жанубий қирғоғига етиб борди. Икки қўшин дарёнинг қарама-қарши қирғоқларида қароргоҳ қурди. Беркахон дарёни кесиб ўтиш мақсадида Тифлис томон ҳаракатланди. Бироқ йўлда хасталикдан вафот этди. Унинг қўшини Беркахон ўлимидан сўнг жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, шимолга чекинди.
Форс манбаларига кўра, Беркахоннинг жасади Сарой Батуга олиб кетилган ва у ерда Ислом анъаналарига муаффиқ дафн этилган. Унинг қабри Лапас ўрнида, Ахтубанинг чап қирғоғида, Саройдан қирқ километр шимолда жойлашган. Бу ерда тўртта мақбара харобалари топилган бўлиб, уларда тўртта мусулмон ҳукмдорлари: Беркахон, Ўзбекхон, Жанибекхон ва Бердибекхон дафн этилган.
Сардор Али
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter