Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жумбоқли 7 ўлим ёхуд машҳур инсонлар билан рўй берган ғаройиб ҳодисалар

Жумбоқли 7 ўлим ёхуд машҳур инсонлар билан рўй берган ғаройиб ҳодисалар

Таниқли шахслар сиймосига боқиб, улар ҳақида ўқир эканмиз, гўё чўққида белкурак билан осонгина пул топиб, дам олиш масканларида роҳат қилишаётгандек туюлади. Аслида эса айримларининг ҳаётига назар солиб, инсон умри нақадар қисқалиги, бахтсиз ҳодисалар, ҳалокатли касаллик ва фожиали вазиятлардан, ҳатто миллионлар ҳам қутқара олмаслиги хусусида ўйлаб қоламиз. Яна таъкидлаш жоизки, қарғиш ва лаънатлар машҳурларни четлаб ўтмайди...

Лаънатланган автомобиль

Машҳур актёр ва пойгалар ишқибози Жеймс Дин ўлими кўплаб саволларни келтириб чиқарган. Унинг вафотидан кейин юзага чиққан гап-сўзлар қандайдир лаънатланиш билан боғлиқ бўлиб, мухлисларни карахт қилиб қўйди.

1955 йилнинг 30 сентябрида ўзининг яп-янги «Порше-550» автомобилига ўтирган 24 ёшли Дин механик Рольф Вьютерих ҳамроҳлигида Салинас пойгасига қараб йўл олди. Актёр Холаме шаҳри ёнидаги трасса бўйлаб ҳаракатланаётганида қарама-қарши томондан талаба Дональд Торнспид бошқараётган «Форд» келиб қолди. Машиналар бир-бирига урилиб кетди. Механик Вютерих оғир жароҳатланди, Дин эса шифохона йўлида вафот этди. Унинг сўнгги сўзлари шундай бўлди: «Бу йигит тўхтатиши керак эди, у бизни кўрган эди». Бироқ кейинчалик Торнспид матбуотга йўлда Диннинг машинасига кўзи тушмаганини айтиб туриб олди.

Қизиғи, Жеймс Дин «Жажжи ваҳший» деб эркалаган «Порше-550» автомобилини сотиб олгач, ғалати воқеалар юз бера бошлаган эди. Фалокатдан бир ҳафта аввал дўсти Алек Гинесс, агар у бу машинага яқинлашса ўлишини айтган. Кейин эса, автоҳалокатдан уч кун олдин актёрнинг маҳбубаси Диндан «Порше» рулига ўтирмаслиги ва ҳеч қаёққа кетмаслигини илтимос қилган, қандайдир кўнгилсиз ҳодиса рўй беришини ҳис этаётганини таъкидлаган. Афсуски, Жеймс бу гапларга эътибор бермаган.

Фожиа ва актёрнинг ўлимидан сўнг сирли воқеалар давом этди. Жеймс Дин иштирокидаги «Сабабсиз исён қатнашчиси» экранларга чиқди. Фильмда қаҳрамонлар сирли равишда ҳалокатга дучор бўладилар.

«Жажжи ваҳший»нинг кейинги барча эгалари ҳам ёки ҳалок бўлишди, ёки ногиронга айланишди. 1960 йили автомобиль тўла-тўкис тикланди, бироқ маълум вақт ўтгач, у ғойиб бўлди ва ҳозиргача топилгани йўқ.

Суиқасдми ёки қақшатқич зарба?

Бутун умрини жанговар санъатга ва танасини чиниқтиришга бағишлаган одам бош оғриғи малҳамидан ўлиши мумкинми?.. Брюс Лининг 32 ёшда вафот этгани ҳозиргача сирлигича қолаётир.

1973 йил 20 июль. Газеталар муқовасида шундай хабарлар чиқди: «Брюс Ли вафот этди!» Ўшанда актёр ўзининг қаҳрамони ўладиган картинада суратга тушаётганди. Шу боис мазкур хабарни дастлаб фильм рекламасига менгзадилар. Сайёрадаги энг кучли эркаклардан бири шу қадар кутилмаганда вафот этишини ҳеч ким ўйламаган эди.

Расмий ҳисобланган биринчи фаразга кўра, Ли табиий сабаб — мия ўсимтаси туфайли ўлган. Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, афсонавий актёрнинг ўлдирилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Шифокор ёзган ўлим хулосасининг йўқолиши гап-сўзларни янада алангалатиб юборди. Бир неча гувоҳнинг айтишича, Брюс Лини шифохонага маъшуқаси Бетти Тинг Пей олиб келган, яъни актёр унинг уйида ҳушини йўқотган. Кейин эса Брюснинг гиёҳванд модда қабул қилгани ва Бетти Пинг хонадонида жон бергани ҳақида гапира бошладилар. Яна бир фараз эса, Лининг «Триада» – Хитой мафияси йўлини кесиб ўтгани боис ўлдирилгани ҳам айтилди.

Энг ғаройиб тахмин эса «ўлимни кечиктирувчи техника»ни ишга солган махсус ёлланма қотил билан боғлиқ – у қўллаган ўзига хос зарба туфайли орадан бир неча ой ўтгач, Ли вафот этган. Айрим мухлислар наздида эса, Брюс Ли  аслида ўлмаган, у душманларидан яшириниш учун ўлим саҳнасини ўйлаб топган, холос.

Сувдан қўрққан актриса

«34-кўчадаги мўъжиза», «Дейзи Кловернинг ички дунёси» ва бошқа талай фильмларда роллар ижро этган Натали Вуд ўтган аср кинотанқидчилари ва томошабинлари юрагини забт этган эди. Натали 1981 йили 43 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўлими сабаби номаълум, актрисанинг чўкиб кетгани билан боғлиқ иш полиция томонидан бир неча марта кўриб чиқилган.

1981 йилнинг 30 ноябрь оқшомида Натали Вуд яхтада турмуш ўртоғи Роберт Вагнер ва унинг дўсти Кристофер Уокен билан Калифорния ороллари бўлмиш Санта-Каталина сари йўл олди. Кемада капитан Деннис Дэверн ҳам бор эди. Дэверн айтишича, ўша кеча Роберт хотини Натали билан уришиб қолган – уни Уокендан рашк қилган эмиш. Уокен уларни холи қолдиргач, жанжал давом этган. Дэверн олишув, қичқириқ ва тушунарсиз шовқин-суронни эшитганини таъкидлайди. У нима бўлаётганини билишга қарор қилганида Вуд Наталининг қайиққа ўтириб сузиб кетганини айтди. Ваҳоланки, 1979 йили суратга олиш чоғида Наталининг чўкиб кетишига бир баҳя қолган. Унинг сувдан ниҳоятда қўрқишини яқинлари билишган. Бу ҳадик шунчалик кучли бўлганки, Натали кичик кўл ёнида суратга тушишдан ҳам бош тортган.

Вуднинг жасадини топишганида у тунги кўйлак ва курткада эди. Актриса танасида шилинган ва кўкарган жойлар бўлиб, бу эри билан ёқалашиш туфайли юз берган. Расмий фараз: ичкилик истеъмол қилгани туфайли Натали бортга йиқилган! Бироқ гувоҳлар аёл кишининг ёрдамга чақирганини таъкидлашган.

Капитан Дэверн гувоҳлиги эслатиб ўтилган Марти Ралли қаламига оид «Алвидо, Натали, алвидо!» чиққач, полиция янги далилларга эътиборини қаратди. Шоҳидлар Роберт Вагнерни хотининнинг ўлимига алоқадор деб ҳисобласалар-да, у Натали Вуд ўлими билан боғлиқ ишни очиш учун терговга ҳар томонлама ёрдам беришга шайлигини расман эълон қилди.

«Қузғун»нинг қора иши

Брюс Лининг ўғли Брендон Ли «Қузғун» фильмида бош ролни ўйнаганидан сўнг машҳур бўлган. Аммо айни шу киноасар унинг умрига ҳам зомин бўлди. 28 ёшли йигит ҳар томонлама отасига ўхшар эди: жангари санъатга ошуфта, актёрлик касбини эгаллаган... Ҳатто, навқирон пайтида вафот этиб, юлдузи эрта сўнди.

1993 йил 31 март. «Қузғун» суратга олинаётган зим-зиё киномайдонида жароҳатланган Брендоннинг ўлими Ҳолливудни карахт қилиб қўйди. Пешанасига азалий қисмат битилган Ли мазкур киноасарни суратга олишдан саккиз соат аввал фильм ишлашда қўлланиладиган тўппончани қўлида айлантирган, виски шишасини нишонга олган ва тепкини босган – ҳеч нима юз бермаган. Бу ердагилардан бирининг оғзи очилиб қолди, Брендон эса, мийиғида кулиб, мазкур ўйинчоқ ўзига ҳеч қандай зиён етказмаслигини айтди.

Бош қаҳрамон ўлиши керак бўлган саҳнада Брендонга худди шу қалбаки «Магнум» тўппончасидан отишди. Бу сафар тўппончада биттагина пахтавон ўқ бўлиб, қуролнинг оғзига тўғри келмасди, шу туфайли отиш ниҳоятда кучли бўлиб, актёрнинг танасини тешиб ўтди.

Жарроҳлик столида беш соатдан кўп ётган Брендонни қутқариб қолишнинг иложи бўлмади. Шифокорларнинг айтишича, «Бемор бениҳоя кўп қон йўқотди, агар тирик қолганида ҳам бутун умр фалажланиб ётиши аниқ эди».

Кейинроқ аён бўлишича, «Қузғун»ни суратга олиш оғир кечган: кўпчилик фильм замирида лаънат ётганини таъкидлади. Актёрлар доимий равишда жароҳатланган, декорациялар ўз-ўзидан тушиб кетган, суратга олиш жараёни ҳақида ёзган журналист автоҳалокатга учраган, рассомнинг эса ақли озган. Фильм компьютер эффектлари ва дублёр ёрдамида ниҳоясига етказилди.

Брендон Лининг Элиза Хаттон билан тўйига бир ой қолган эди. Фожиали ўлим унинг ҳаётига нуқта қўйди. Брендон Сиэтлдаги «Лейк-Вью» қабристонида, отасининг ёнига дафн этилди.

Кўчадаги отишма

Реперлардан дунё миқёсида биринчи бўлиб Тупак Шакурга ҳайкал қўйилган. Унга 25 ёшида ўқ узилган эди. Тупак бешта ўқдан сўнг ҳам яшаб кетди, бироқ кейинги сафар бундай бўлмади.

Босқинчилар тўдаси аъзоси бўлган Шакур қамоқда бир неча бор ўтириб чиққан. У мунтазам равишда кўнгилсиз воқеаларга аралашиб қолар ва ортиғи билан тўларди. Худди шу тарзда, 1994 йили зўравонликда айбланди, бироқ ҳукм ўқилишидан бир кун олдин Тупакни тунашди ва танасига бешта ўқ жойлашди. Айтишларича, суиқасд Шакурнинг икки душмани Пуфф Дадди ва Ноториус томонидан уюштирилган. Шу ондан эътиборан кўча бандалари ўртасида «Қирғоқ уруши» бошланиб кетди.

1996 йили Тупак хип-хопни тарк этиб, сиёсатга шўнғигани ҳақида гап-сўзлар тарқала бошлади. У гўё ғалвали ҳаёт тарзи жонига теккан ва имиджини тубдан ўзгартириш, ҳатто мэр курсисини эгаллаш учун ўз номзодини қўймоқчи эмиш!

7 сентябрь куни, боксдаги яккама-якка беллашувдан сўнг, Тупак ошнаси Шуг Найт билан озгина кўнгил ёзмоқчи бўлди, бироқ клубга кетиш йўлида Шугнинг автомобили номаълум кишилар томонидан ўққа тутилди. Шакур тўртта ўқ билан жароҳатланди ва оғир аҳволда шифохонага етказилди. Сунъий нафас бериш ускунаси қўлланди, аммо бу амалиётлар наф бермади ва рэпер ҳаётдан кўз юмди.

Қотиллик юзасидан жуда кўплаб миш-мишлар тарқалди. Айримлар бу жиноятни айнан Шуг Найт ташкиллаштирган деб ҳисоблашди, бошқаларнинг айтишича, қўшиқчи қиморхонада келиб чиққан жанжал туфайли ўлдирилган. Кўпчилик эса, Тупак аслида ҳаётлиги, ўлими саҳналаштирилганига ишонади. Ҳақиқатга яқин тутилган фараз эса, Шакурнинг вафотига у рақиб бўлган шарқий гуруҳ, айнан Ноториус ва Пуфф Дадди сабабчи бўлгани билан боғлиқ. Рэпернинг жасади куйдирилди ва кули... яқин дўстлари томонидан марихуана қўшилган ҳолда чекиб юборилди.

Руҳий таназзулми ёки?..

Жанжалкаш актриса ва «Плейбой» журнали модели Анна Николь Смит 39 ёшида вафот этган. Унинг қайноқ ишидан ташқари шахсий ҳаёти ҳам жўшқин эди: бир нечта эр, қўйди-чиқдига оид овозалар, гиёҳванд моддани ҳаддан зиёд истеъмол қилиб шундоқ қўлида жон берган йигирма ёшли ўғлининг ўлими...

2007 йилнинг 8 февралида Багам ороллари меҳмонхонасида Анна Николнинг ўзи ҳам ҳаётдан кўз юмди. Мазкур ўлимга оид талай тахминлар бор. Кўпчилик айтишича, актриса ўғлининг вафоти муносабати билан юзага келган беқарор руҳий ҳолат ва ичкиликбозлик оқибатида ўз жонига қасд қилган. Аммо мурдани ёриб кўриш Аннанинг зотилжам билан оғригани, бола туққани ва руҳий зарбалар туфайли эса бу касаллик кучайгани ойдинлашди. Яна бир фаразга кўра, Анна Николь силнинг бир тури билан хасталаниб вафот этган.

Машҳур юлдузнинг ўлими сабаби ҳозиргача жумбоқлигича қолаётир. Тахминлар қаторига ўз жонига суиқасд, гиёҳванд моддани кўп истеъмол қилиш, юз терисини нотўғри торттиргандан кейинги асоратлар ва ҳоказо сабаблар ҳам киради...

Вафотидан кейин... «Оскар»

Омма эътиборидаги хушрўй ва арзанда йигит Хит Лежер руҳий сиқилишдан азият чекади, деб ким ўйлабди, дейсиз! Унинг ҳамма нарсаси: ҳурмат-эътибор, роллар, мухлислар муҳаббати ва севган қизи бор эди. Шундай бўлса-да, бу тўкислик актёрни ногаҳоний ўлимдан асраб қола олмади.

2008 йилнинг 22 январида 28 ёшли Лежер Нью-Йоркдаги уйида ўлик ҳолда топилди. Актёрнинг ярим яланғоч мурдаси теварагида сон-саноқсиз дори-дармон солинган банкачалар ётарди. Жасадни ёриб кўриш ҳеч нимани англатмади, шу сабабли қўшимча токсилогогик экспертиза ўтказилди (токсикология – заҳарлар хусусияти ва таъсирини ўрганадиган фан). Пировардида Хит ухлатувчи ва оғриқни қолдирадиган ҳапдорилар ҳамда асабни тинчлантирувчи дориларни ҳаддан зиёд истеъмол қилгани маълум бўлди.

Умрининг сўнгги икки ойи мобайнида Лежер «Қора рицар» фильмида суратга тушаётган эди. У ўз интервьюсида суткада икки соат ухлаётгани, кўп вақтини қаҳрамонининг феъл-атворини яхшироқ англашга сарфлаётганини айтган. Афтидан, Мишель Уильямс билан ажрашиш арафасида суратга тушиш Лежернинг роса силласини қуритган. Айримлар бу актёрни мазҳабпарастлар ўлдирган деб ҳисоблайди, бошқалар айтишича, бу – ўз жонига суиқасд, яна бир тоифа кишилар эса мазкур фожиани бахтсиз ҳодиса билан изоҳлашди. Қайд этиш керакки, Лежер ўлишни истамаган, чунки эртаси куни дўсти билан учрашиши режалаштирилган эди.

Хит Лежернинг Жокер роли иккинчи даражали эркак роли учун «Оскар» мукофотини қўлга киритди. Бу пайтда актёрнинг вафотига бир йилдан ошган эди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг