Кибержиноятчилари энг фаол ва жаҳон иқтисодиётига кўп зарар етказаётган мамлакатлар (рейтинг)
Оксфорд университети олимлари қайси мамлакатларнинг хакерлари энг фаол ва жаҳон иқтисодиётига кўп зарар етказаётганини аниқлашди.
Экспертлардан аноним сўров асосида тузилган рейтингга кўра, кибержиноятчиликнинг энг катта манбалари ва хаблари Россия ҳамда Украина саналади.
Кибержиноятчилик — халқаро муаммо, у етказаётган зарар миқдори йилига бир неча юз миллиондан триллион долларгачани ташкил этади. Шунча хавф-хатарига қарамай, муаммо «кўринмайди» — қаерда бўлишмасин, хакерлар турли никлар остида уддабуронлик билан ниқобланишади, билдирмасдан ҳимоя воситаларини бузиб киришади. Шу боис алоҳида хакерлик тўдалари қаерда жойлашганини техник жиҳатдан аниқлаш ва ўзига хос жаҳон кибержиноятчилари харитасини тузиш ўта мушкул масала.
Оксфорд университетининг кибержиноятчилик бўйича мутахассиси Миранда Брюс бошчилигидаги олимлар бу муаммога ечим топиш учун ноодатий усулни таклиф этишди. Улар экспертларни таклиф қилишди.
2021 йилнинг октябридан бошлаб бутун дунёдан кибержиноятчилик ва разведка соҳаси экспертлари аноним онлайн-сўровномага жалб қилинди. Қатнашчилардан кибержиноятчиликнинг беш асосий тоифасини белгилаш, бу жиноятлар ўчоғи сифатида кўрилаётган мамлакатлар номларини келтириш, ҳар бир мамлакатни унинг хакерлари келтираётган зарар, уларнинг профессионал даражаси ва техник тажрибаси бўйича тақсимлаш сўралди.
Жиноий киберфаолликнинг беш асосий тоифасига зарарли дастурлар яратиш, DoS-ҳужумлар, товламачи-дастурларни тарқатиш, маълумотларни ўғирлаш, жумладан, банк карталари билан фирибгарлик, электрон почтани бузиб кириш, онлайн аукционларни бузиш, пулларни «ювиш» ва бошқа жиноятлар кирди.
Тадқиқотда қатнашиш таклифи турли мамлакатлардаги 245 нафар мутахассисга жўнатилди, улардан 92 нафари сўровномани тўлдирди. Шунинг асосида олимлар Жаҳон кибержиноятчилик индекси (World Cybercrime Index)ни тузишди. Унга кўра, дунёдаги кибертаҳдидларнинг аксарият қисми саноқли давлатларга тўғри келмоқда ва бу рўйхатда етакчилар — Россия, Украина, Хитой, АҚШ, Нигерия ва Руминия.
Эътиборли томони, Россия катта фарқ билан бошқа мамлакатлардан олдинда — унинг кибержиноятчилик индекси — 58,39, яъни энг яқин таъқибчиси Украина (36,44)дан бир ярим баравар юқори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter