Либос танага хос-у мос бўлсин
Халқ ва мамлакат тақдирида тил масаласи қанчалик моҳият касб этса, ёзув масаласи ҳам шунчалик эътиборлидир. Шундай экан, алифбо масаласига жиддий муносабатда бўлиш талаб этилади.
Халқимиз ўз тарихий тақдирида кўплаб ёзувларни истифода этишига тўғри келган. Ўрхун-Энасой, сўғд, хоразм, бақтрия, паҳлавий, қадимги уйғур, араб, лотин, кирил алифболари шулар жумласидандир.
Ҳар бир халқнинг, миллатнинг ўз ёзуви бўлиши мақсадга мувофиқ, албатта. Лекин жуда кўплаб давлатлар ички ва ташқи омиллар сабаб бошқа халқларнинг ёзувларини истифода этиб келгани маълум.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги даврда бу борада қабул қилинган илк ҳужжатлардан бири ҳам айнан давлатнинг расмий ёзуви тўғрисида бўлган. Бу Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги (1993 йил, 2 сентябр, 931-Х11 - сон) Қонуни эди.
Ушбу Қонун «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланиб ва ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929—1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда республиканинг ҳар тарафлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилади», — дея қайд қилинганди.
Бунга эътироз йўқ. Энг қизиғи, бугун муаммога айланган «Ш», «Ч» ва «Ў», «Ғ» ҳарфлари ўша пайтда тўғри ифода этилганди. Ҳатто, каминанинг бир неча ўқув қўлланмаси ва «Ҳарфлар гулшани» номли янги алифбони ўргатишга қаратилган манзумаси ҳам чоп этилганди. Кўпчилик ўрганишга астойдил киришди, аҳолининг муайян қатлами буни эгаллади ҳам.
Кўп ўтмай, унга ўзгартириш киритиш ҳақида масала ўртага ташланди. Натижада яна битта ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида қонуни (1995 йил 16 май. 71-1-сон) эълон қилинди. Шунга мувофиқ қуйидагича ўзгартиришлар киритилди:
- «31 ҳарф ва 1 тутуқ белгиси (апостроф)дан» сўзлари «26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасидан» сўзлари билан алмаштирилсин.
- С с, Ɉ ɉ ҳарфлари мустақил ҳарф белгиси сифатида алифбодан чиқарилсин.
- Ō ō ҳарфи O‘ o‘, шаклида, Ḡ ḡ ҳарфи G‘ g‘ шаклида, Ş ş ҳарфи Sh sh шаклида. Ç ς ҳарфи Ch ch шаклида. N̅ n̅ ҳарфи Ng ng шаклида. Q ҳарф белгиси q шаклида ифодалансин.
- А а, I i, G g, G‘ g‘, Q q, O‘ o‘, Z z ҳарфлари ва Сh сh ҳарфлар бирикмасининг ёзма шакли тегишлича A a, I i, G g, Ğ ğ, Q q, O‘ o‘, Z z, Сh сh тарзида ифодалансин.
Жорий йилнинг 22 сентябр куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масалаларига бағишланган республика илмий-назарий конференция»си бўлиб ўтди. Соҳа мутахассислари, сенаторлар, журналист ва блогерлар ҳам иштирок этишди. Бир неча йиллар давомида чўзиб келинган масала яна тикланди. Буни узил-кесил ҳал этилиши ва жорий йил бошидан тўлиқ ўтилиши қарор билан қайд этилганди. Масала ўз ижросини топмаганди. Сўнгги нуқтани қўйиш масаласи урғуланди.
Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги PF-6084-cон Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 5 июл куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувидаги «Мана, кейинги пайтларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта ишларни амалга ошираяпмиз. Айни пайтда олдимизда янги янада муҳим вазифалар турибди. Жумладан, зиёлиларимиз, кенг жамоатчилигимиз билан бамаслаҳат, лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказишимиз зарур» деган алифбомизни ислоҳ қилиш бўйича билдирган таклифлари асосида ишчи гуруҳ томонидан такомиллаштирилган алифбо лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шунга асосан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси лойиҳаси эълон қилинди. Унда 4 та ҳарфнинг шакли ўзгариши кўзда тутилган: o‘, g‘, sh ва ch. Лойиҳа бўйича янги ўзбек алифбоси 28 та ҳарф, 1 та ҳарф бирикмаси ва тутуқ белгисидан иборат бўлади. Лойиҳа эълон қилинди. Табиийки, баҳс-мунозаралар бошланди. Лойиҳа орқали «шу пайтга қадар кўп мураккабликларни юзага келтираётган ҳарфлар ислоҳ қилиниши» таъкидланган.
Бунда
- O‘ o‘ ни Õ õ
- G‘ g‘ ни Ğ ğ
- Sh sh ни Ş ş
- Ch ch ни C c ҳарфига ўзгартириш таклифи берилганди.
Табиийки, тасдиқ ва инкор маъносидаги эътирозу эътирофлар билдирилди. Бундай усулда давом этадиган бўлсак, яна ўттиз йил чўзилиб кетиши мумкинлиги, баъзи баҳсталаб масалаларга ён босишимиз зарурлиги ҳам таъкидланди.
Ён бериш бу муаммодан кўз юмиш бадалига бўлмаслигини эътироф этиш асносида мен ҳам минбарга чиқдим. Мутахассислар фикри ва ишчи гуруҳнинг меҳнатини эътироф қилган ҳолда, асосан, Ng ҳарф бирикмасини алифбодан чиқазиб ташлаш кераклигини айтдим. Чунки, биз уни айнан талаффуз қилмаяпмиз. Тўғри, бу ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларида муҳим рол ўйнайди. Алифбони ихчамлаштириш нуқтаи назаридан Ng нинг вазифаси деярли сезилмайди. «Кўнмоқ» ва «синмоқ» феъллари асосида ясалган «кўнгил» ва «сингил» сўзлари талаффузида ажратиб ўқишимиз керак бўлса, қалб маъносидаги «кўнгил», қиз ука маъносидаги «сингил» ҳам деярлик бир хил талаффуз қилинади ва бир хил ёзилади. Ундан фақат алифбо ҳарфлари транскрипциясида истифода этиш ўринли бўлади. Бу фикримни ТДЎТА университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ҳам маъқулладилар.
«Ч» ҳарфининг ифодаланиши ҳақида ҳам эътирозли мулоҳазалар билдирилди. Олдин Сh шаклида бўлган Ç тарзида ифодаласак бўлмайдими дейишди. Қўшимча белгиларни қисқартириш мақсадида С шаклида ифодаланиши, қолаверса, жадид маърифатпарварлари давридаги матбаа нашрларида С кўринишида бўлгани ишчи гуруҳ томонидан мақбул кўрилгани асос бўлди ва биз буни тўғри деб ҳисоблаймиз.
Фикр-мулоҳазалар ва келишувда якдиллик бўлмагани учун овоз бериш орқали ҳал қилиш ҳамда бу муаммога бугун нуқта қўйишимиз шуни ҳал этмагунча ҳеч ким эшикдан чиқмаслиги керак деган таклифимни қўллаб-қувватлашганидан мамнун бўлдим. Натижада кўпчилик овоз билан ишчи гуруҳ томонидан тузилган ҳарфлардаги ўзгариш ўз кучида қолди, фақат Ng ҳарф бирикмаси алфавитдан чиқазиб ташланиши маъқулланди. Шундай қилиб янги алифбо янги ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва тутуқ белгисидан иборат бўлиши кўпчилик томонидан таъкидланди.
Таъбир жоиз бўлса, тил тана, ёзув либосдир. Шундай экан, танага мос ўлчовдаги либос хос ва мос бўлади ва уни кўрганда ярашиқли, ҳам қарашиқли бўлади. Халқимиз ўз тарихида жуда кўп ёзувларни истифода этган. Яъни, либосларни алмаштиришга мажбур бўлиб келган. Шуни эътироф этиш керакки, дунё халқларининг ҳеч бирида ўз тилида мавжуд бўлган товушларни тўла ифода эта оладиган алифбо то ҳануз мавжуд эмас. Aлифбо имкон даражада қисқаликка интилади. Aгар бизда мавжуд бўлган товушларни қандайдир ҳарфий белги билан ифода этиш зарур бўлганда уларнинг сони элликка яқин бўларди. Шунинг учун ҳам имкон даражада умумийлаштириш, алифбо ҳарфларини қисқартириш, майли бошқа халқлар тақдирида ҳам муҳим рол ўйнаган. Тарих шундан шоҳидки, давлатлар алифбодаги ҳарфларни кам бўлиши нуқтаи назаридан айрим ҳарфлардан воз кечиши ҳамда ихчамлаштиришга интилгани аниқ. Музокараларга чек қўйиб буни амалда тўла қўлланилишига эришиш керак, вассалом.
Aйримлар бу иқтисодий жиҳатдан жуда катта харажатни талаб этади деган фикрни билдиришаяпти. Лекин маънавий жиҳатдан берадиган зарари ҳам бундан кам бўлмайди. Ҳар хил важ корсонлар кўрсатмасдан, ишни пайсалга солмасдан тезроқ тасдиқланиши ва лотин-ўзбек алифбосига зудлик билан ўтилиши мақсадга мувофиқ.
Ёзув инсоният даҳосининг буюк кашфиётларидан бири. Чунки у бўлмаганда аждодларнинг орзу-армонлари ва интилишлари ҳақида таассурот уйғонмаган бўларди ва биз хабар топмаган бўлардик.
Шунинг учун ҳам тил ва ёзув масаласи жиддий муаммодир. Саводхонлик белгиси оғзаки ва ёзма нутқда фикрни тўла ифода этишга қобилликни англатади. Эндиликда оммани янги алифбога ўргатишга тайёрлаш керак. Токи, улар кўникма ҳосил қилишсин.
Шуни таассуф билан айтиш керакки, кирилл алифбосида ёзишда ҳам онқадар саводли эмас эдик. Ёзув масаласи ҳам худди шундай. Лотин ёзувига асосланган алифбодаги имломизда барчанинг тўғри ёзиш малакасини ошириш чораларини жиддий кўриб чиқиш зарур. Ривожланган давлатларнинг аксариятида саводхонлик масаласига жиддий эътибор қилинади. Ҳатто ана шу мақсадга хизмат қилувчи тил ва ёзув рутбасини назорат ва ҳимоя қиладиган ташкилотлар бор. Негадир биз бу масалага унчалик эътибор қилмаймиз. Саводхонликни сингдириш механизми тараққий этган кўплаб давлатларнинг муҳим муаммоларидан саналгани аниқ. Бу фаолият уларда турли ёш, соҳа ва касбий йўналишлар бўйича амалга оширилади. Йилнинг ҳар чорагида омма саводхонлигини кузатиш, текшириш мазмунида тадбирлар ўтказиб туради. Худди шундай муассасалардан Буюк Британияда «National Literacy Trust» (Миллий саводхонлик фонди) ва АҚШда «Key to Literacy» (Саводхонлик калити), Россияда «Центр грамотности» (Саводхонлик маркази) ташкилотлари мавжуд.
Айрим ёшларнинг интернет тармоқларидаги ёзишмаларини кўриб юрагингиз орқага тортиб кетади. Савод масаласи наҳотки, шу ҳолатга келиб қолган бўлса.
Маънавиятнинг муҳим белгиси том маънодаги саводхонлик эканини унутмаслик керак. Бу эса оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини амалда қўлланилишини, тилнинг орфоэпик ва орфографик қоидаларининг ишлатилишини назорат этиш заруратини ҳам келтириб чиқаради. Айни пайтда оғзаки нутқнинг турли кўринишларида - монолог, диалог, суҳбат, интервью, баҳс-мунозара каби шаклларда сўзловчининг ўз фикрини чигаллаштирмасдан, очиқ ва равон ифода этиш компетентлигига қаратилган риторик маҳоратни, нотиқлик санъатини такомиллаштириш масаласи ҳам ёзма нутқ саводхонлигимиз даражасига боғлиқдир.
Раҳимбой Жуманиёзов,
профессор
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter