Ноқонуний қурилган уй-жойлар: сабаб, таҳлил, оқибат
Биз воқеликка баҳо беришда кўпинча оқ ва қора якрангликдан иборат мезонлардан фойдаланамиз. Азал ишонган идеалларимиз ҳам шундай: ёвузлик ва эзгулик курашади, бир томон шубҳасиз ёмон, иккинчи томон албатта яхши бўлади. Ва оқибатда эзгулик ғалаба қозонади (ёки ғалаба қозонган томон эзгу бўлиб чиқади).
Афсуки, ҳаётда ҳаммаси бундай оддий ва аён ажралиб турмайди. У ёки бу ҳодисанинг сабабларини ўргана бошлар экансан, вазият чалкашлиги, мураккаблиги ва турли жараёнларга боғлиқлигини кўрасан.
Шундай ҳолатда сабабларни топиш, оқлаш ёки қоралаш эмас, таҳлил қилиш лозимлигини англайсан.
Бугунги кунда ноқонуний қурилган уй-жойлар масаласига тўхталганда ҳам, шундай: тортишув, кўз ёши, ҳатто қон тасвирларига қараб эҳтирос билан турли баҳоларни беравермай, шунга олиб келган сабаблар ҳақида мушоҳада қилиш ва бундан кейин нима бўлади деган савол устида ўйлаш муҳим.
Ноқонуний уй-жойлар масаласида бу қадар тушунмовчилик ва зиддиятлар келиб чиқишининг сабаблари нима?
Бу воқеаларни ўтган йилги «снос» билан умумлаштириб тақдим қилиш нақадар тўғри?
Бундан кейин давлатнинг ноқонуний қурилган уй-жойларга нисбатан сиёсати қандай бўлади?
Аввало, сабаблар хусусида
- Демография ва уй-жой қурилиши. Фуқароларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш юзасидан узоқ йиллар етарлича ҳаракат қилинмади. Айниқса, қишлоқ жойларда аҳоли учун ҳамёнбоп турар жой бинолари қуриш масаласи эътиборга олинмади.
Хусусан, 2009 — 2017 йиллар давомида 81 992 та уй қурилди, 6 624 та уй-жой массиви барпо этилди. Мамлакат аҳолиси сони эса бу даврда 27 миллиондан 32 миллионгача ошди. Табиийки, уй-жой қурилиши шиддати аҳоли ўсиш шиддатидан анча ортда қолди.
Қолаверса, намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойларни сотиб олишга қишлоқ аҳолисининг қурби етмайдиган ҳолат ҳам кўп эди. Лойиҳани «реализация» қилиш учун бу уйлар уй-жойи бор, ўзига тўқ аҳолига, фермерларга, тадбиркорларга мажбурлаб сотилди. Шунга қарамай, лойиҳа қишлоқ аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қоплай олмади.
Одамларга шароитига мос ва ҳамёнбоп уйлар қурилмагани ва шиддатли демографик ўсиш бугун уй-жой танқислиги муаммосини келтириб чиқарди.
- Менталитет. Сўнгги йилларда аҳоли учун кўп қаватли ва арзон уй-жойлар қуриш ишлари анча жадаллашиб қолди. Президент қарори билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш Дастурига мувофиқ янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 53 мингдан зиёд арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилди, турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож 65 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланди.
Бироқ одамларимиз ерга яқин бўлишни истайди. Андижонда кўп қаватли уйдан квартира эмас, коттеж керак деб талаб қўйган аёл ёдингиздадир. Кўпчилик ўз қариндош-уруғи, ота-онасига яқин жойдан, ўзи яшаётган маҳалладан ҳовли-иморат қуришни истайди. Лекин шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳоли энг зич яшайдиган ўлкаси ҳисобланади ва аҳоли сони бўйича МДҲ давлатлари ўртасида «бепоён» Россиядан сўнг 2-ўринда туради.
Маълумот учун:
Ўзбекистон ер ресурслари ниҳоятда чекланган, аҳолиси эса шиддат билан ошиб бораётган мамлакат ҳисобланади. Аҳоли сони ўсиши шиддати суғориладиган ер майдонлари ошишидан анча юқори. Ҳар бир гектар суғориладиган ерга 8 киши тўғри келади. Умумий қишлоқ хўжалигига яроқли ер майдони 17,8 млн гектар бўлиб, Осиё тараққиёт банкининг прогнозларига кўра яқин 30 йилда суғориладиган ерлар миқдори яна 20-25 фоизга камаяди.
- Ер участкалари ажратишдаги қонунбузарликлар. Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 2018 йил давомида ҳокимликлар томонидан 335 гектар ер майдонлари ноқонуний ажратиб берилгани ва натижада маҳаллий бюджетларга 20 млрд 400 млн сўмдан кўпроқ зарар етказилгани аниқланган.
Хусусан, намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши учун биргина 2018 йилда туман ҳокимликлари томонидан ажратилган 1065 гектар ернинг 60 гектарга яқини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киради. Бугун шу хатолар учун қиммат бадал тўланяпти.
- Суст урбанизация. Аҳоли яшайдиган уйлар яқинида боғча-мактаб, поликлиника каби зарур муассасалар қад кўтариши, газ-сув, коммуникация масалалари ҳал этилиши лозим. Одамлар янги қурилган, аммо инфрастуктураси яхши ривожланмаган кварталларда яшашни истамайди. Лекин танганинг орқа томони ҳам бор: режасиз, тартибсиз, стихияли равишда кенгайиб бораётган маҳаллалар ва қишлоқларда инфрастуктура яратиш ҳам имконсиз. Компакт яшайдиган кварталлар учун инфрастуктура яратиш арзонроқ ва қулайроқ.
- Коррупция ва ҳуқуқий маданият. Одамларда қонуний яшаш ноқонуний яшашдан фойдалироқ деган хулоса бўлиши керак. Масалан, мен қонуний йўллар билан тегишли тўловларни амалга ошириб ер майдонига эга бўлсам-да, қўшним шу ишни ноқонуний йўл билан осонгина кимгадир пулини бериб ҳал қилса – қонунга асосан яшаш кераклигига ким ишонади, мен ҳам қўшним каби йўл тутганим афзалга айланмайдими? Худди шундай, барча уддабуронлар ўз ишларини битириб кетаверса, унда узоқ эмас, яқин келажакда қандай парокандаликка юз тутамиз?
Демак бундай ҳолат юз бермаслиги учун биз жамият сифатида тиш-тирноғимиз билан курашишимиз керак. Бунинг учун эса узоқ йиллардан бери илдиз отиб кетган коррупцияни жиловлаш, мансабдорларнинг қонунларга итоатда халққа намуна бўлишига эришиш, уй-жой, ер ва бошқа турли имтиёзлар берилишининг шаффоф механизмларини такомиллаштириш ҳамда қонунбузарларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш лозим. Шунда одамлар билан оғзаки келишиб давлат ерини бериб юборадиган фермер, бунга йўл қўядиган ҳокимликлар, бундан кўз юмадиган кадастр, «участковой», маҳаллаком каби масъуллар ва ниҳоят катта рискли авантюрага бош қўшиб пешона тери билан топган пулини ноқонуний ер ва иморатга тикадиган фуқаролар камаяди.
Ҳар бир ҳолат ўзига хос
Сабаблар бундан кўпроқ бўлиши мумкин. Лекин ноқонуний қурилган уй-жойлар ҳақида фикр билдиришда, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганишни талаб этишини унутмаслик лозим. Агар уй-жой қуриш учун ер ҳоким қарори билан ажратилган, аммо кейин, масалан кейинги ҳоким келгач, қарор бекор қилинган бўлса, «фуқаро ёки юридик шахснинг давлат органи қарорига бўлган ишончи қонун билан қўриқланиши» принципи амал қилиши лозим. Агар ер ҳеч бир ҳужжатсиз, ноқонуний эгалланган бўлса, тегишли тартибда давлат тасарруфига қайтарилиши шарт ва албатта жавобгарлик масаласи ҳал этилиши керак.
Шунингдек, ҳар ҳолатнинг ўзига яраша сабаби бўлишини назарда тутган ҳолда умумлашмалар ва тизимлаштиришларга эҳтиёт бўлиш керак. Айниқса, буни «снос» масаласи билан чалкаштирмаслик ва аҳолининг эҳтирослари билан ўйнашмаслик лозим.
«Бир марталик акция» яна бўладими?
Хабарингиз бор, мамлакатимизда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга давлат томонидан бир марталик амнистия эълон қилинган эди. Ушбу акция натижасида ярим миллиондан ортиқ инсонга уй-жойлари қонуний расмийлаштириб берилди. Бу ярим миллион оила қонуний бошпаналик бўлди, эртага ўз уйини авлодларига мерос қилиб қолдириши ёки олди-сотди ва гаровга қўйиш амалиётларини қилиши мумкин дегани. Яъни уй-жой борасида, қанчалик мураккаб бўлмасин, давлат томонидан фуқаролар томон улкан қадам ташланганини ҳеч ким инкор қила олмайди.
Аммо айримларда бу давом этади, уй-жойни қуриб, бирор йил ушлаб турсак, давлат яна «кечириб» юбориши мумкин деган нотўғри фикр шаклланган бўлиши мумкин.
Акция ўз номи билан бир марталик, энди бундай акция бўлмайди. Бундан ташқари, акцияни эълон қилиш тўғрисидаги Президент Фармонида «бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини бекор қилиш» ва «ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар учун жавобгарликни кучайтириш» вазифалари қўйилган эди.
Шу асосида қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди, яъни ўзбошимчалик билан қурилган уйларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин бўлган моддалар чиқариб ташланди.
Демак, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари масаласида давлатнинг қатъий позицияси маълум қилинди.
Энди нима бўлади?
Ўтказилган хатлов натижасига кўра, 2018-2019 йилларда 23 мингдан ортиқ ҳолатларда фуқаролар 3900 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишган, 6000 гектар экин ерларида ноқонуний иморатлар қуриб олинган.
Бу 23 мингта қонун бузилиши дегани. Энди 23 мингта оила бошпанасиз қоладими?
Афсуски, биз ҳамма ерларимизга уй-жой қуриб, озиқ-овқатни ташқаридан сотиб оладиган даражада бой давлат эмасмиз ҳали. Қолаверса, бу ҳолат давом этиш ҳам мумкин эмас – қонунийликни таъминлаш керак. Шунинг учун, фикримча, давлат мазкур масалада қатъият кўрсатишда давом этади.
Лекин...
Уй – бу ҳар инсоннинг ватани, таянч нуқтаси. У шунчаки моддий ҳосила эмас, инсонга бугунидан хотиржамлик, келажаги учун ишонч берадиган, турли хавотирларини аритадиган жой.
Шу сабабли уйини бузишга келган бульдозер тагига ётиб оладиган одамлар ҳам чиқяпти ва уларни ҳам қайсидир маънода тушуниш мумкин.
Демак, эндиги масала, бу жараённинг имкон қадар талафотсиз, аммо қонуний ҳал этишдан иборат.
Буни ижрочилар яхши англашлари керак. Ноқонуний қурилган уйларни бузиб, ерларни давлат тасарруфига қайтаришни суд қарори билан, қонунда белгиланган тартибга риоя этган ҳолда (икки кунда бузилади деб эмас) амалга ошириш лозим.
Сабаблар қандай бўлишидан қатъи назар, халққа ҳам, давлатга ҳам осон бўлмайди. Аммо ноқонунийликка кўз юмиш, давлат ерини талон-тарож қилишга қўйиб бериш мумкин эмас. Айбдорлар аниқлаб жазоланиши, сабаблар бартараф этилиши, лозим ўринларда, агар қонунчиликда шу кўзда тутилган бўлса, компенсациялар тўланиши керак. Бироқ ҳар бир қарич ноқонуний эгалланган ер давлатга қайтарилиши шарт.
Биз миллат сифатида, давлат сифатида қонуний яшашни ўрганишимиз керак. Айримлар қонун нечанчидир масала, инсоф, диёнат биринчи ўринда дейишади. Лекин инсоф, диёнатнинг на мезон-ўлчови, на ҳаммада бирдек мавжудлигига кафолат бор. 100 та инсонда инсоф даражаси 100 хил. Шунинг учун қонун мезон бўлиши, ҳамма учун тенг ишлайдиган қонунлар биринчи ўринда турмоғи, қонун билан яшаш ноқонуний яшашдан афзал бўлиши лозим.
Шаҳноза Соатова,
Адлия вазирлиги масъул ходими.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter