Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистонда 150 минг доллар топадиган фрилансер бор» – IT-Парк директори

Xabar.uz ахборот таҳлилий порталининг «110 метр баландликда» лойиҳаси меҳмони – «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (IT-Парк) директори Фарҳод Заирович Ибрагимов.

Фарҳод Заирович Ибрагимов 1983 йил 15 августда туғилган. Маълумоти олий: Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Қироллик технология институти (Швеция), Давлат хизматчиларини тайёрлаш Марказий институти (Жанубий Корея), Тошкент ахборот технологиялари университети.

Мутахассислиги: ҳуқуқшунос, халқаро бизнес, кўчмас мулкни бошқариш, давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва АКТ соҳасидаги бошқарув.

Меҳнат фаолияти: Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Компьютерлаштириш ва Геоинформатика технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази» ДУК. «Мирзо Улуғбек Инновацион маркази» ва бошқа турли ташкилотларда фаолият олиб борган.

2019 йилдан бошлаб ҳозирга қадар эса «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ директори ҳисобланади.

Айтингчи, IT-Паркни ташкил этиш ғояси ўзи қандай туғилганди?

– IT-Паркни ташкил қилиш ғояси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил Ҳиндистонга ташриф буюрганида, у ерда ахборот технологияси соҳаси қай даражада ривожланганини, экспортга қандай катта салоҳият борлигини кўрганида, Ўзбекистонда ҳам бу каби лойиҳаларни жорий қилиш масаласи кўзда тутилган. Соҳамиз учун таълим йўналишида Амити университети ҳамда IT-Парк лойиҳалари билан бирга бошланган. Айнан шу вақтдан, яъни 2018 йилдан бу лойиҳа бошланган.

2018 йилнинг ноябр ойида Мирзо Улуғбек инновацион марказидан ишдан кетганман. Ноябр ойининг охирида АКТ вазири Шуҳрат Муҳаммаджонович Содиқов чақирган. Мен у инсонни Вазирлар Маҳкамасида, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида ишлаган вақтларидан биламан. Лекин улар билан шахсан таниш эмас эдим. Улар «айти»  йўналишида бир лойиҳани бошлаш бўйича таклиф бердилар. Ўйлаб ҳам ўтирмасдан бу таклифни қабул қилдим. Ўша вақтда шу инсоннинг қўллаб-қувватлаши менга мотивация берган.

Аввалроқ катта умидлар билан ташкил қилинган Мирзо Улуғбек технологик парки нима сабабдан йўқ бўлиб кетди? Унинг атрофида қандай воқеалар содир бўлганди ўзи?

– Бу лойиҳанинг бошқаруви соҳадан ташқарига чиқиб кетган. Чунки, қабул қилинган қарорлар ахборот технологияси соҳасини ривожлантириш учун эмас, балки бизнес соҳасини ривожлантириш учун қабул қилинган. Ҳамнафас иш олиб борилмаган. Ахборот технологияси деганда фақатгина унинг ўзигина эмас, балки шу соҳадаги бошқа корхоналар ҳам назарда тутилмоқда. Шу тизимдаги корхоналар билангина ахборот технологияларини ривожлантириш мумкин. Телекоммуникациясиз ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш мумкин эмас.

У ажралиб қолган лойиҳадай бўлган. Мирзо Улуғбек технологик парки лойиҳаси фақатгина имтиёзлар бериш билан чекланиб қолган. IT-Парк эса лойиҳаларни қилишга шароит яратиб беради.

Бу воқеалар кейинги йирик лойиҳа – IT-Парк учун ўзига хос сабоқ бўлдими? Нималарни қилиш ва нималарни қилмаслик керак, деган хулосага келгансиз?

– Авваламбор, соҳага барқарорлик керак. Айнан шу барқарорликка биз эгамиз. Муҳим бўлган сабоқлардан бири бу – фақатгина «айти» соҳаси билан машғул бўлган резидент корхоналар билан чекланиб қолиш эмас, балки бутун эко тизимни қамраб олиш кераклиги. Бутун эко тизим деганда нафақат дастурчи корхоналарга имтиёз бериш масаласини, балки қонунчилик билан ишлаш, авваламбор, уларнинг ишлаётган жараёнини тўғри қонуний белгилаб бериш. Бу биринчи муҳим иш.

Мазкур жараёнлар 2017 йилдан олдинги вақтда ҳар доим ҳам қонунчиликка тўғри келмаган. Ҳар йили биз қонунчиликка ўзгартириш киритамиз. Чунки, ахборот технологиялари соҳаси энг динамик соҳалардан бири. 2-3 йил қонунчиликка қарамай, ҳужжатларни ўзгартирмасак, биз яна бир қадам орқада қолиб кетамиз.

Иккинчи муҳим иш дастурчилар учун керакли шароитларни яратиб бериш. Қисқа қилиб айтганда, инфраструктура масаласини таъминлаб бериш. Тезкор интернет, электр таъминоти ва иш олиб борилаётган корхонаси керакли ҳолатда бўлиши дастурчи учун илҳом беради.

Учинчиси, бу – таълим йўналиши. Биласиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси бор. Бу Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати билан биргалида АКТ вазирлиги амалга ошираётган лойиҳа. Мазкур лойиҳада ёшларни дастурлашга қизиқишини кучайтириш асосий мақсад қилиб белгиланган. Ҳозирда 14 та IТ-соҳасига ихтисослашган мактаб бор. Насиб бўлса, йилнинг охирига қадар бу мактаблар сони 100 га етади.

Тўртинчи муҳим йўналиш – бу йигит-қизларимизга лойиҳалар яратишга шароит яратиб бериш.

Бешинчи, муҳим вазифа – ахборот технологиялари қанчалик муҳимлигини тарғиб қилиш.

Одамлар орасида IT-Парк ташкил қилинганидан кейин ҳали кўзга кўринадиган ҳеч қандай лойиҳа қилмади, қабилидаги гап-сўзлар юради. Бу каби танқидларга қандай қарайсиз?

– Биласизми, бу нормал ҳолат. Бир корхона ёки бир инсон муваффақиятга эришмоқчи бўлса, ўзига яраша танқидлар албатта бўлади. Ушбу босимга чидаб берган инсонгина бу муаммоларни ҳал қилиб, янги чўққиларга эришиши мумкин бўлади. 24 июль  куни IT-Парк очилганига 2 йил бўлди. Икки йил мен учун катта вақт. Лекин бир катта лойиҳа учун бу арзимаган вақт. Шундай бўлишига қарамасдан, жамоамиз билан биргаликда қилаётган ишимизга танқидий қараймиз.

Ҳозирги кунда меъёрий ҳужжат, инфраструктура, таълим лойиҳалари ва тарғибот ишлари доирасида эришган натижаларимиз бор. Аммо мен бу натижалардан қониқмайман. Давлатимиз раҳбари Ҳиндистонга ташриф буюрганларида, бу давлат IT соҳасида нимага эришганини кўрганлар, биз ҳам кўрганмиз. Ҳали бундай натижаларга эришмаганимиз учун мен қониқмайман.

Ҳозир кўп корхоналарда янги имкониятлар очилган. Ахборот технологиялари соҳасида IT-Парк резиденти бўлиш имкони яратиб берилган. Инфраструктура масаласига келсак, лойиҳамизни Давлат раҳбарига кўрсатганимиздан кейин ахборот технологиялари соҳасида, айнан дастурлаш йўналишида 2019 йил ноябрь ойидан кейин катта ўзгариш бўлди. Ахборот технологиялари соҳасида инсонларни онгини ўзгартириш учун биринчи қадам қўйилди. Агар эътибор берган бўлсангиз, кўпчилик қилинган лойиҳалар Тошкент шаҳрида бўлган, ҳозир ҳам афсуски шундай. Лекин вазият аста-секин ўзгармоқда.

Ўйлайманки, ахборот технология соҳаси муҳимлигини ҳамма тушунди. Шу соҳада кадрлар тайёрлаш республикамизни ривожлантириш учун катта имконият. IT-Парк лойиҳалари, IT-Паркка берилаётган имкониятлар республикамизни янги чўққига олиб чиқишга имконият бўлади. 

IT-Паркни ташкил этишдан асосий мақсад шуки, Парк фақатгина ўзини лойиҳаларини эмас, ёшларга ўз лойиҳаларини амалга оширишда имконият яратиб бериши керак.

Агар лойиҳалар ҳақида ҳақида яна гапирадиган бўлсак, республикамиздаги биз билган ҳар бир лойиҳада IT-Паркнинг алоқаси бор. Тўлов тизимлари, қишлоқ хўжалиги, таълим йўналиши бўладими, буларнинг барчаси IT-Паркнинг резидентлари.  IT-Парк ўзи лойиҳа яратмайди. IT-Парк фасилитатор (бу муваффақиятли гуруҳ алоқасини таъминлайдиган шахс ёки манба) ҳисобланади. IT-Парк резидентларга, стартапларга, ёшларга имконият яратиб беради.

Республикада бундан олдин 10 минг нафар ёшлар шу соҳага қизиққан бўлса, шуларни сонини 100 мингтадан кам бўлмаган ҳолатга келтириш IT-Паркни мақсади. Ана шу 100 мингта қизиқувчи ёшларни саралагандан кейин майли 10 мингтаси қолсин, лекин сараланган 10 мингта дастурчи бўлсин. Ана шу эко тизимни яратиб бериш IT-Паркнинг асосий мақсадидир.

Парк резиденти бўлиш нима беради ва ҳозирда қанча резидентлар бор? Уларнинг энг катта амалга ошираётган лойиҳаси қайси?

– IT-Паркда ҳозирги кунда 494 та резидент бор. Лекин резидентлар сони яна қисман камайиши мумкин. Чунки, афсуски, ҳамма резидендтлар ҳам ўз вақтида мажбуриятларини бажаришмайди. Мажбурият деганда шуни назарда тутяпманки, улар ҳар чоракда қилинаётган ишлари бўйича IT-Парк платформаси орқали, яъни сайтимимиз орқали қисқа тақдимот қилиши керак, бундан ташқари улар 1 йилда бир марта аудит хулоса топшириши керак. Афсуски, барча резидентлар ҳам вақтида бу вазифаларни бажармайди.

Асосий мақсадимиз корхоналарни текшириш эмас, уларга шароит яратиб бериш. Лекин ана шу шароитдан фойдалана олмаган, ўз вақтида мажбуриятини бажара олмаган корхоналар ҳақидаги маълумотни керакли ташкилотларга, солиқ бошқармаларига тақдим қиламиз. Агар ҳаммаси жойида бўлиб, бизга ўз вақтида компитент бўлмаганлиги сабабгина шу ҳужжатни бермаган бўлса, яна бир бор солиқ органлари билан келишилган ҳолатда текширувдан ўтгандан сўнг яна рўйхатдан ўтиш имконига эга бўлишади. Ўтган 6 ой ичида 30 га яқин корхоналар ўз мажбуриятини бажармаган. Шу сабабли резидентлар сони қисқаради.

Бизнинг мақсад корхоналар сонини кўпайтириш эмас, уларнинг ичида ишлаётган ходимларнинг ҳажмига, сифатига эътибор бериш. Ҳозир чет элдан Ўзбекистонга қизиқаётган корхоналар жуда кўп. 2019 йилнинг август ойида Беларусь Республикасига бордик. У ерда мавжуд бўлган Юқори технологиялар парки (ЮТП) ташкилоти билан мулоқот қилдик. Бу биз қилаёган ишнинг аналоги. Фақат Мирзо Улуғбек технологик паркидек кўпроқ имтиёзлар билан шуғулланувчи ташкилот. Тан оламан, у ердан жуда кўп нарса ўрганганмиз. Қизиқарли бўлган йўналишларни, меъёрий ҳужжатлар билан ишлашни ўргандик.

Лекин бу йил вазиримиз бошчилигида ташриф буюрганимизда 2019 йил танишган корхоналар билан яна кўришдик. Беларусь ЮТП маъмурияти билан учрашдик. Ушбу ЮТПда 2005 йилдан ҳамда 1993 йилдан буён мавжуд бўлган ТОП-5га кирган ташкилотларнинг энг катта бешталиги Ўзбекистонда ўзининг корхоналарини рўйхатдан ўтказмоқда. Улардан 2 таси бор эди, яна учтаси сентябрь ойигача мамлакатимизда рўйхатдан ўтмоқчи. Улар бизнинг ўзбек қора кўзларини иш билан таъминлаб, экспортга ишлаш имконига эга бўлишади. Ўзбекистондан туриб, чет эл билан ишлаш имкони пайдо бўлади.

«Бир миллион дастурчи» миллий дастурини амалга ошириш жараёнлари, у нималар берди ва бермоқда?

– «Бир миллион дастурчи»нинг асосий мақсади ёшларни ахборот технология соҳасига қизиқишини ошириш. Илгарилари камдан-кам ҳолатларда мактаблардаги ўқувчилар дастурчи бўлишни танларди. Фақатгина физика, математикани яхши билганлардагина бу имконият бор эди. Ҳозирда ҳар бир бола дастурчи бўлиш имконига эга, айнан биз ташкил қилган миллий дастур орқали. Бу дастурни тугатган йигит-қизларимиз ҳозирдан бир лойиҳани бажара олмайди, лекин улар етарли теоритик билимга эга бўлишади. Бу дастурни тугатган ёшларимиз бир-икки йил амалиёт қилганидан кейин IT-Паркни катта лойиҳаларида ҳам ишлаш имконига эга бўлади. Албатта, ҳар бир соҳа учун амалиёт керак бўлади.

Мутахассис сифатида айтингчи, юртимизнинг энг кучли дастурчиси қайси ҳудудда?

– Мен бу йўналишни иккига бўла оламан. Биринчиси, ҳокимлар, халқ таълими вакиллари ёрдами билан кучли кетаётган вилоятлар бор. Иккинчиси, олдиндан ахборот соҳасида кучли бўлган ҳудудлар бор.

Олдиндан кучли бўлган ҳудудлар менинг фикримча, Бухоро ва Хоразм вилоятлари. Бу вилоятларда ҳам ҳокимларнинг ёрдами бор. Лекин ўйлайманки, бошқа вилоятларга қараганда етарли эмас.

Наманган вилоятида ўқишга интиладиган ёшлар кўп. У вилоятнинг ҳокими 12 та IT-марказни бир вақтда очиб берди. IT-соҳасига қизиқувчи ёшлар Наманган вилоятида бошқа ҳудудларга қараганда энг кўп. Боиси, улар учун ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилган.

Навоий вилоятида тил биладиган, ўз устида ишлайдиган ёшлар кўп. Айниқса, бизнинг соҳада тил билиш, инглиз тилини билиш муҳим. «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг ҳам 25 фоизини шу вилоят қамраб олган.

Юқорида айтилган 4 та вилоят фикримча ҳозирда илғор ҳудудлардан. Бу билан бошқа вилоятлар ишламаяпти, демоқчи эмасман, лекин таъкидланган вилоятларни ажралиб турадиган жиҳатлари бор.

Умуман олганда, мамлакатимизнинг қайси ҳудуди «айти» йўналишида салоҳияти юқори ва бунга қандай омиллар сабабчи?

– Албатта, Тошкентда имконият юқори. Қилинаётган ҳамкорликлар сони, тадбиркорлар сони ҳам бу ерда кўп. Шу сабабдан келажакда бу соҳада Тошкент янада ўзиб кетиши ҳам мумкин.

Сиз стартапчи, фрилансер бўлиш учун олий маълумотли дипломга эга бўлиш шарт эмас, деб ҳисоблайсиз…

– «Айти» соҳаси учун эмас, лекин дастурчи бўлиш учун олий маълумот шарт эмас. Дастурчиликни ҳам ҳар хил йўналиши бор. Олим дастурчилар бор. Физика, математика қонуни билан ишлайдиган дастурчилар бор. Бундай дастурчи бўлиш олий таълимсиз жуда қийин. Бошқа дастурчилар учун эса, ўз устида ишлаш муҳим. Бу билан олий таълим керак эмас, демоқчи эмасман. Агар имконият бўлса ўқиш керак.

Энг кўп даромад топадиган дастурчи, фрилансер, стартапчилар?

– Мен бир сурхондарёлик фрилансер йигитни биламан. Унинг йиллик даромади 150 000 долларга яқин.

Фрилансерлар асосан лойиҳалар орқали пул олишади. Бу соҳа вакиллари ўзига хон, ўзига бек бўлади. Корхоналардаги ходимлар ҳақида гапирадиган бўлсак, етакчи «айти» корхонадаги ходимни биламан, бир ойда 10 000 доллар ойлик олади.

Ёшларнинг бандлигини таъминлашда «айти» соҳасининг қандай аҳамияти бор?

– Аҳамияти катта. «Айти» соҳасида қисқа муддатда ва энг кам ресурслар билан бу ишни ташкил этиш имконига эгамиз. Ресурс деганда шуни назарда тутяпманки, дастурчи учун битта хона, компьютер ва интернет керак.

Мени иккита нарса ташвишга солади. Биринчиси, таълимда ҳали савияли мутахассисларга эга бўлиш имкониятига эга эмасмиз, афсуски. Чунки, марказлар очилганига ҳали кўп бўлмади. Иккинчиси, вилоятда «Айти» мактабларни тугатаётган ёшларни лойиҳалар билан таъминлаб бериш. Шу иккита нарса менинг оғриқли нуқтам. Агар шу икки муаммони тўғирлай олсак, биз қилаётган занжир мустаҳкам бўлади.

Ўн йилдан кейин IT-Паркни қандай тасаввур қиласиз? Умуман олганда, келажакда бу йўналишда бизни нималар кутмоқда?

– Баландпарвоз гап айтмайман, вақтлар ўтиб инсонларни қарашлари ўзгаришини кутаман. Бу ўн йил қанақа бўлиши тасаввуримда бор. Инсонларни дипломга қараб, пулга қараб, ҳар бир қилинаётган ишларга қараб баҳоси ўзгаришини кутаман. «Айти» соҳаси инсонлар онгини ўзгартириш учун энг ўйланган, энг тез соҳа.

«Айти» соҳаси иқтисодиётнинг локомотиви. Бу фикрга қандай қарайсиз?

– Албатта. Иқисодиётнинг юраги бу «айти» соҳаси. IT-Парк шу локомотивнинг мияси. Биз тизимларни бир-бирига улаш имконига эга бўлдик. Давлатимиз раҳбари бизнинг соҳани қўллаб-қувватлаяптилар. Бу нарсага ич-ичидан ишонганлари учун ҳукуматнинг бошқа вакилларига ҳам бу нарса етиб бормоқда. Энг муҳими, ҳозирда ота-оналарни, ёшларни фикри бу соҳага нисбатан ўзгаряпти. 

Бир интервьюда IT-Парк лойиҳалари доирасида 2022 йилга бориб 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади, деган эдингиз.

– Биринчидан, 2022 йилга бориб етарли иншоотларимиз бўлади. Шунда 16 мингдан ортиқ ёшларни иш билан таъминлай оламиз. Иккинчидан, биз тайёрлаётган, университетлар тайёрлаётган ёшлар сони 20 мингдан ошади. Битирувчиларни назарда тутиб айтяпман. Ҳозирги кунда 7000 дан зиёд резидент бор. Бундан ташқари, соҳада бизлардан рўйхатдан ўтмаган 10 мингдан зиёд «айти» мутахассислари мавжуд. Бизда junior (бошловчи) дастурчилар жуда кўп. Мақсадимиз уларни middle (ўрта)га олиб чиқиш.

Сизни қийнайдиган муаммо?

– Жавобгарлик ҳисси қийнайди. Таълим сифатини ошириш ва янги лойиҳаларни яхши резидентларга етказиб бериш мени хавотирга солади. Ёшларимиз доим ҳам мавжуд бўлган шароитдан фойдалана олмайди. Насиб бўлса, 2026 йил якунига бориб 1 миллиард долларлик дастурий маҳсулотларни экспортга чиқариш режамиз бор.

IT-Парк веб-сайтида бир катта лойиҳа қилиниши ҳақида айтилган эди. Ўша лойиҳа ҳақида маълум қилиш вақти келмадимикин?

– Xabar.uzда биринчи марта шу янгилик ҳақида айтиш ниятимиз бор эди. Яқинда давлат раҳбаримиз билан учрашув бўлди. Биз ана шу лойиҳамиз тақдимотини кўрсатдик. Учрашувда янги очилаётган мактаблардаги битирувчиларни соҳада қолдириш учун олий ўқув юртларини муҳимлиги ҳақида сўз борди. Соҳамизда янги Масофавий университетни ташкил қилиш таклифи билан чиқдик. Бу университетнинг алоҳида биноси, ётоқхонаси бўлмайди. Лекин ҳар бир туман IT-марказларида филиаллари бўлади.

Масофавий университет инфраструктура бўйича республикада энг катта университет ҳисобланади.  Биз IT-марказларимизда ўқиётган ёшларни foundation (тайёрлов курси) курсларида тайёрлаб, уларни имтиҳонсиз университетимизга қабул қиламиз. Foundation курслари 9 ой давом этади. 11-синфда ўқиётган ёшларни дарсдан кейин IT-марказга бу курсларни ўтиш учун таклиф қиламиз. У ерда инглиз тили, дастурлаш, дизайн ҳамда корпоратив бошқарув йўналишларни танлаш имкони бўлади.

Май ёки июнь ойларида имтиҳонлари бўлади. Aгар бу имтиҳонлардан ўта олишса, бизнинг олий ўқув юртларига ҳеч қандай имтиҳонсиз кириш имкониятига эга бўладилар. Имтиҳон фақат инглиз тилидан бўлади. Улар ўзимизнинг тизим орқали имтиҳон топшириш имконига эга бўладилар. Энг муҳими, 11-синфда ўқиётган ёшларда имтиҳондан йиқилсам, бу йил бошқа олийгоҳга кира олмайман, деган хавотир бўлмайди. Ташкил қилинаётган университетда қабул қилиш квотаси чекланмаган. Ҳозирда мавжуд бўлган 200 та марказимизга мактабларимизда ўқиётган йигит-қизларни бўламиз.

Битта марказда 60 та одамни ўқитиш имконига эга бўламиз. Биз ташкил этаётган олий ўқув юрти 3 йиллик бўлади. Ҳар бир курсни тугатаётганда талабалар IBM, Google каби катта корпорацияларнинг курсларини ўтиш имконига эга бўлади. 

Ҳар бир курсни тугатаётганда 3 ойлик курс иши берилади. Бу курс иши университетимиздаги домлалар билан эмас, IBM билан олиб борилади. IBM сертификат беради ва бу сертификат тўғрисини айтганда, кўп давлатлардаги олийгоҳларнинг дипломидан кўра қадрлироқ. Шу каби ўқишлар уч йил давомида бўлади. Ҳар йили янги бир корхона сертификатига эга бўлиш имкони пайдо бўлади.

– Фарҳод Ибрагимовнинг ҳаётий қизиқишлари қандай? Aлбатта, ишдан ташқари…

– Aввало, менинг ишим ҳаётимга айланиб улгурган. Мен ҳаммага ўхшаб ишга кетяпман, деб чиқмайман. Бу иш ҳаётимнинг асосига айланган. Қизиқишларим бор, албатта. Футболга, велоспортга, сузишга қизиқаман. Футбол ва велоспорт билан билан ёшлигимдан шуғулланаман. Яна ўзим овқат қилишга қизиқаман. Овқатни тайёрлаш жараёнига қизиқаман. Кексайган чоғимда дала ҳовлида бир ошхона очиб, ўзим ошпаз ҳамда официант бўлиш ниятим бор. Одамлар билан мулоқот қилиб исатаган нарсаларини, керак бўлса, менюда бўлмаган таомни тайёрлаб, инсонларни кўнглини олсам, дейман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг