Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қардошига ғирромлик қилган бизга оқибат кўрсатармикан?.. Сенаторларнинг ЕОИИга аъзолик борасидаги хавотирлари

Қардошига ғирромлик қилган бизга оқибат кўрсатармикан?.. Сенаторларнинг ЕОИИга аъзолик борасидаги хавотирлари

Олий Мажлис Сенати аъзолари

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласи жамоатчилик, айниқса, зиёлилар ўртасида кескин баҳслар, таъбир жоиз бўлса, эҳтиросли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу борада амалий қадам ҳам қўйилди. Вазирлар Маҳкамаси қарори ва баённомаси, Ўзбекистон – Россия қўшма комиссияси хулосалари парламентга тақдим этилди. Олий Мажлис Сенати жорий йил 11 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мамлакат мақомида киришини маъқуллади. Энди биз иттифоққа бегона эмасмиз, аммо унга аъзо ҳам эмасмиз – бу «сулаймончаси»га доно қарор бўлди. Бошқаси бизга тўғри келмасди.

Қарор қабул қилинди. Эҳтирослар балки бироз сокинлашар?

Балки... Аммо дўппини олиб қўйиб, жиддий мулоҳаза юритиш, уни ҳар жиҳатдан асослаш жараёни давом этмоғи зарур. Зеро, масала ҳали узил-кесил ҳал бўлгани йўқ.

Сир эмас, ҳеч бир мамлакат маҳдудликда яшай олмайди. Бунда ривожланиш тўғрисида гапириб ўтириш ортиқча. Буюк Ипак йўли ва Ҳиндистон савдо йўли чорраҳасида жойлашган минтақамиз ўрта асрларда тараққиётнинг, илм-фан ва маданиятнинг чўққисига чиққан эди. Денгиз йўллари кашф этилиши туфайли Шарқ ва Ғарб билан алоқаларимиз дастлаб жуда заифлашиб қолди. Кейинчалик турли сиёсий, диний-мафкуравий келишмовчиликлар, сепаратизм ва феодал тарқоқлик халқимизни маҳдудлаштириб қўйди. Ўтмиш ютуқларимизни йилдан-йил бой бера бошладик. Оқибатлари эса маълум.

Барча замонларда иқтисодий, илмий, маданий, ижтимоий-сиёсий робиталар жамият равнақининг муҳим омили бўлиб келган. Шу сабабдан Ўзбекистонда ҳам нафақат ички миллий жипсликка, ташқи халқаро алоқалар ривожланишига ҳам улкан эътибор қаратилмоқда. Ташқи сиёсатда Ўзбекистон яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқли ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлидан бормоқда. Натижада мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий, савдо-сотиқ, илмий, маданий, туристик, спорт алоқалари изчил ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори мустаҳкамланди. Иқтисодиётимизга киритилаётган чет эл сармояси ҳажми кескин ошди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги замонавий технологияларга ўтказиш тезлашди. Яқин қўшниларимиз, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ ва EИ аъзоларининг Ўзбекистонга хайрихоҳлиги ортди, амалий ҳамкорлик яхшиланди.

Ғарб давлатлари биз билан ҳамкорликни кенгайтиришининг муҳим икки сабаби бор

Биринчиси – Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларга очиқлиги, бу борадаилгари йўл қўйилган камчиликларни тузатаётгани. Иккинчидан – ички ва ташқи сиёсатда мустақиллиги, ўзига «катта оға» изламаслиги, турли сиёсий блокларга интилмаслигидирки, бу халқаро ҳамжамият, айниқса, Ғарб кўз ўнгида биринчисига нисбатан кам аҳамиятга эга эмас. ЕОИИ – Ўзбекистон муносабатлари замирида ҳам «катта оға» изламаслик, мустақил ташқи сиёсатни давом эттириш тамойили турмоғи лозим.

Ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиш экан, бизнинг жаҳон ҳамжамиятига чуқурроқ интеграциялашувимиз; ШҲТ, МДҲ, Туркий тили давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмаларга аъзо бўлишимиз; турли давлатлар, EИ, EХҲТ каби бирлашмалар билан ҳамкорлик қилишимиз ҳаётий заруратдир. Биргина шарт шуки, халқаро ташкилотларга аъзолик, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик суверенитетимизга соя солмаслиги, манфаатларимизга зид келмаслиги лозим.

Eвроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик масаласи 2019 йил сентябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон – Россия ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганилган ва муҳокама этилган. Яқин беш йилда аъзоликнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий ва салбий таъсири тадқиқ қилинган. Қайд этилишича, бу таъсир биринчи беш йилда салбий, ўрта ва узоқ истиқболда эса ижобий бўлади.

Лекин тахмин ва фаразлар ўзини оқлайдими?

Ўзбекистон аввало иқтисодий муносабатлари, метрология, божхона, молия-кредит тизими ва инфратузилмаси, иқтисодий қонунчилигини ЕОИИнинг меъёр ва талабларига мослаштириши лозим. Бунинг учун улкан харажатлар қаторида муайян вақт – ўтиш даври талаб қилинади. Агар мазкур иттифоққа кириладиган бўлса, бу жараён қанча давом этиши лозим? Ўтиш даврини тезлаштириб, уч-тўрт йилга келтириш мумкин. Аммо бу иқтисодиётда ўзига хос фалаж терапиясига айланиши ҳеч гап эмас. Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий тамойилларидан бири – тадрижийлик. Агар унга риоя этилмаса, аҳолининг шусиз ҳам юқори бўлмаган турмуш даражаси янада пасаяди, ишсизлик ўсади. Ижтимоий муносабатлар ҳам таранглашиши мумкин. Буни ЕОИИга аъзолик оқибатларини ўрганиб, ҳисоб-китоб қилган Ўзбекистон – Россия комиссияси ҳам қайд этган. Қолаверса, халқаро тузилмага аъзолик ўрта ва узоқ истиқболда ҳам комиссия хулосаларидагидек фақат ижобий ва фойдали бўлишига кафолат йўқ. Келинг, айрим эҳтимолий салбий оқибатларни таҳлил қилиб кўрайлик.

Биринчидан, EОИИ, унинг етакчи давлати Россия саноат, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, асбобсозлик, электротехника, IT ва нанотехнологиялар (ҳарбий саноатдан ташқари) соҳасида мутараққий Ғарб давлатларига нисбатан анча қолоқ. Унга аъзо бўлиш EИ, АҚШ, Япония ва Россияга мухолиф бошқа мамлакатлардан илғор технологияларни, айниқса, халқ хўжалиги ва ҳарбий саноатда иккиёқлама қўлланадиган технологиялар импортини чеклаб, ҳатто тўхтатиб қўйиши мумкин. Иккиёқлама технологияларга нанотехнологиялар, сунъий интеллект ва АКТ, айрим биотехнологиялар ёки янги композит материалларни яратиш каби кўплаб замонавий юксак илмий ишланмалар, тадқиқотлар киради.

Ўзбекистон – Россия комиссияси хулосасида хориж инвестициясининг камайиши, баъзи лойиҳаларнинг яқин истиқболда амалга ошмай қолиш эҳтимоли ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Боз устига, бу ҳол анча чуқур ва узоқ муддатли муаммолар, инчунин, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграцияси сусайишига олиб келиши мумкин. Ғарб мамлакатлари, айниқса, АҚШ, ЕИ Россияни ўзининг асосий сиёсий ва иқтисодий рақиби ҳисоблаши сабабли улар билан иқтисодий ва илмий-технологик ҳамкорлигимизда ҳам саволлар туғилиши ҳеч гап эмас. Оқибатда мамлакат янги технологияларга эга бўлиш имконияти ва рақобатбардошлигини йўқотиши ҳам мумкин.

Яна бир муаммо: Россиянинг ўзида турли сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлайдиган кучлар бор. Келгусида Москва сиёсати босим ўтказиш томон ўзгармаслигига ҳеч ким кафиллик беролмайди. Россияда «собиқ Совет Иттифоқига кирган миллий республикалар ҳамда Шарқий Европанинг собиқ социалистик мамлакатлари бизнинг таъсир доирамизда бўлиши лозим» қабилидаги иддаоларни очиқчасига олға сураётган буюк давлатчилик руҳидаги партиялар ва сиёсатчилар ҳам; Россия бошчилигидаги Совет Иттифоқига ўхшаш, бироқ бозор иқтисодиёти ва рақобатга асосланган, амалда эса янгича унитар давлатни тиклашни истайдиганлар ҳам топилади.

Владимир Жириновский кабилар буни яшириб ўтиргани йўқ. Ўзини ҳақиқий демократ ҳисобловчи баъзи кучлар, айниқса, гайдарчиларга ўхшаб «СССР даврида иттифоқдош республикалар ва социалистик ҳамдўстлик мамлакатлари Россия ҳисобидан кун кечирган, энди бошқача бўлиши лозим, бизга бўйсунсин, бизнинг сифациз ва қиммат маҳсулотларимизни олсин, «ўзбошимчалик» қилмасин» дейдиганлар ҳам талайгина. Маълумки, Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларида рубл зонасида қолган эди. Россия янги пулини чиқарди-ю, Ўзбекистонни қўшмади. Агар Ўзбекистон янги рубл зонасига кирмоқчи бўлса, олтин захираларини ва конларини Россияга берсин, деб даъво қилган ҳам айни Егор Гайдар ҳукуматидир.

ЕОИИ доирасида жиддий сиёсий муаммолар юзага келиши эҳтимоли ҳам бор. Халқаро масалаларда сиёсатни Москва билан мувофиқлаштириш, халқаро ташкилотларда ҳужжат қабул қилишда Россия томонда туриб овоз беришга тўғри келади. Бу эса айрим ўринларда сиёсий позиция ва миллий манфаатларга мос келмаслиги мумкин.

ЁИИга аъзолик таъсири

ЁИИга аъзолик Ўзбекистоннинг БМТ, ЖССТ, ЮНЕСКО, ХВФ, Жаҳон банки, ЕТТБ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигига таъсир кўрсатмаса керак. Аммо Ғарб мамлакатлари билан икки томонлама сиёсий ва технологик алоқаларимиз хусусида бундай деб бўлмайди.

Бундан ташқари, ЕОИИни иқтисодий иттифоқдан сиёсий-иқтисодий, ҳарбий блокка айлантириш орзусидаги сиёсатчилар ҳамон фаол. Улар мамлакатга Россия ҳарбий базасини жойлаштириш ғоясидан ҳам воз кечиши амримаҳол. Бу йўналишда зимдан босим кучайиб боравериши мумкин.

ЕИда Германиядан кейинги иккинчи йирик иқтисодиётга эга бўлган Буюк Британия турли сабабларга кўра иттифоқни тарк этишга қарор қилди. Иқтисодий сабаблар рўкач қилинган бўлса-да, бунда сиёсий суверенитет масаласи, яъни Брюсселдан келадиган қарору тавсияларга лаббайкашлик қилмаслик истаги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Янги авлоднинг технократ раҳбарлари орасида Владимир Путинга ўхшаган совет даврида шаклланиб, халқлар дўстлигининг айрим гуманистик ғояларига, ижтимоий адолат каби қадриятларга содиқ сиёсатчилар қанча? Ундан кейин ҳокимият тепасига қандай кайфият, қандай сиёсий муддаодаги кучлар келишини ҳеч ким билмайди. Путиннинг ўзи, агар бошқарувда узоқ муддат қолса, қайси томонга ўзгаради? ЭОИИга аъзо бўлишдан аввал бу ҳақда ҳам жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади. Зеро, имкон қадар миллатимиз тақдирига чет кучлар салбий таъсирининг олдини олишимиз керак. Тўғри, ЕОИИ – ўз номи билан иқтисодий иттифоқ. Аммо... бу ўринда хаёлингизга Карл Маркснинг «Сиёсат – иқтисодиётнинг мужассамланган ифодасидир» деган сўзлари беихтиёр келаверади. Чунки ЕОИИ бизга маълум МДҲ, ШҲТ, БРИКСга ўхшаш оддий халқаро иқтисодий ташкилот эмас, балки ЕИга ўхшаб чуқур интеграциялашишга интилаётган тузилмадир. У иқтисодий бирлашмани сиёсий ва ҳарбий иттифоқ билан тўлдириш мақсадини сақлаб қолса ажаб эмас.

Рақобатга тайёр туринг

ЭОИИга кирсак, унинг стандартлари, жумладан, ишлаб чиқариш, меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларига риоя қилишимиз, меҳнат ва капиталнинг, савдо-сотиқ маҳсулотларининг эркин ҳаракати, юзага келадиган рақобатга тайёр туришимиз лозим. Биз учун манфаатлиси – ортиқча ишчи кучини Россия ва Қозоғистонга эркинроқ жўнатиш имконини қўлга киритамиз. Меҳнат мигрантлари эса бугунгига нисбатан анча кўпроқ ижтимоий муҳофаза ва ҳуқуқларга эга бўлади. Аммо арзон, асосан малакасиз ишчи кучи бўлиб қолаверади. Аъзоликка ўцак, россиялик иш берувчиларнинг уларга қизиқиши анча сусаяди. Чунки ҳар бир қонуний ишчи учун ижтимоий солиқлар тўлаш, маош ва иш соатининг белгиланган меъёрига амал қилиш талаб этилади. Қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ ҳолат ҳам фикримизни тасдиқлайди. Лекин барибир мигрантларимизга анча енгил бўлади. Айни чоқда уларни ўйлаб, сиёсий суверенитетимизни хатарга қўйиш нораво. Қолаверса, бу масала ечими ўзгача бўлиши лозим – янги иш ўринлари яратиб, уларни Ўзбекистонга қайтариш чораларини излаган маъқул.

Яна бир ҳолат. Ички бозоримизни Россия ва Қозоғистондан келадиган маҳсулотлардан ҳимоя қила олмаймиз. Бу эса ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга салбий таъсир кўрсатади. Комиссия хулосасига кўра, аъзоликка ҳозир ўцак, биргина автомобилсозлик  соҳаси 1,2 млрд доллар зарар кўради, ишсизлар 100 минг нафарга ортади. Кўплаб саноат корхоналари жиддий муаммоларга дуч келади, айримлари синади. Шу сабабдан Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардош бўлмагунча, ишлаб чиқариш тўлиқ модернизация қилиниб, замонавий технологияларга ўтилмагунча, иттифоққа аъзо бўлишга шошмаслигимиз керак.

Чуқур интеграциялашган иқтисодий иттифоқларга аъзолик, истаймизми-йўқми, айрим иқтисодий ҳуқуқларимиз ва сиёсий суверенитетимизни, масалан, божхона, молия­кредит, транспорт-коммуникация, энергетика каби соҳаларда ихтиёрий равишда иттифоқнинг бошқарув органларига ўтказишга олиб келади. Аммо бундан ҳам хавфлироғи капиталнинг эркин ҳаракатланиши ва ягона фонд бозорининг вужудга келиши туфайли республикамиздаги кўплаб корхоналар, банк активлари россиялик ва қозоғистонлик миллиардерлар қўлига ўтиб кетиши мумкин. Чунки бизда хусусий қўлларда йирик легал маблағ йўқ. Ўзбекистонда аҳоли даромади ўртасида ўта катта тафовут бўлмаслигига йўналтирилган сиёсат зимдан коррупсия ва ўғриликни авж олдириб, яширин бойларни вужудга келтирган бўлса-да, ноҳалол топилган маблағ на амнистия қилиниб, легаллаштирилди, на давлат фойдасига мусодара этилди. Мамлакатимизда фонд биржаларидаги катта савдоларда қатнаша оладиган хусусий сармоядорлар ҳам расман йўқ. Бу энди тор иқтисодий масаладан кенг ижтимоий-сиёсий масалага айланади. Чунки ерости ва ерусти бойликларига эгалик қилиш мустақилликнинг асосий шарти ва мезони экани маълум.

Иқтисодий суверенитет ўта заифлашади

Чуқур интеграциялашган иқтисодий иттифоқлар эртами-кечми сиёсат соҳасида ҳам миллий давлат тузилмаларидан устун умумий меъёрлар чиқарувчи ва амалга оширувчи тузилмаларга эҳтиёж сезади. Миллий ҳукуматларнинг сиёсий ваколатлари, сиёсий иродаси чеклана бошлайди. Хусусан, иқтисодий суверенитет ўта заифлашади. Буни ЭИ тажрибаси ҳам тасдиқлайди. Болгария, Руминия, Греция, Словакия, Болтиқбўйи  давлатлари, Испания ва Португалия кабилар ўта мураккаб иқтисодий муаммоларга дуч келганини, қулоғигача қарзга ботиб қолганини эслатиш ортиқча бўлмас. Ҳозирда Болгария ва Болтиқбўйи давлатлари аҳолиси қисқариб бораётир. Туғилиш Болгарияда ўлимнинг ўрнини қоплаёлмай қолди. Социализм даврида қурилган йирик корхоналар касодга учрагани сабаб ёшлар оила қуриш ўрнига иш излаб Ғарбий Европа  мамлакатларига кетиб қолмоқда. Ягона валюта – еврога ўтган давлатлар пулни ўзига керакли ҳажмда берухсат эмиссия қилолмайди, негаки, бу ҳол инфлясияга олиб келади. Бюджет дефицитини ҳам маълум фоиздан оширолмайди. Натижада иқтисодий манёвр қилиш имконияти камайиб кетади.

ЭОИИга аъзо бўлиш учун қарор қабул қилишда фақат Ўзбекистон – Россия қўшма комиссияси хулосалари ва бундан кейин кузатувчи давлат сифатида тўпланган дастлабки тажриба билан чекланиш тўғри эмас. Чунки кузатувчи давлатга иттифоқнинг барча мажбуриятлари, ички меъёрлари тўлиқ қўлланмайди, унга иқтисодий ва сиёсий босим ҳам ўтказилмайди. Аммо аъзоликка ўтгач, вазият ва муносабатлар 180 градусга ўзгариши мумкин. Бу жиҳатдан ЕИ тажрибасини, айниқса, унга кейин аъзо бўлган ва еврога ўтган давлатларнинг ютуқ ва ютқизиқларини ҳар томонлама ўрганиш лозим.

Икки-уч йил аввал норасмий доираларда ЭОИИ умумий валютаси масаласи кўтарилди. ОАВда ушбу мавзу анча-мунча ёритилди. В.Путиннинг бу масалани кун тартибига қўйиш учун камида 10-15 йил керак, деган гапидан кейин мавзу вақтинча ёпилди. Ягона валюта жорий қилингудек бўлса, эмиссия қилиш меъёри ҳар бир аъзо мамлакатга иқтисодий эҳтиёжидан эмас, ЯИМ ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади. Бизда ЯИМнинг улуши аҳоли жон бошига Россия ва Қозоғис­тонга нисбатан бир неча бор кам – бу шароитда пул эмиссиясидаги ҳуқуқимиз уларникига тенг бўлмайди.

Иттифоқдошларига нисбатан ноҳалоллик

Капиталнинг шакли-шамойили, сивилизациялашганлик даражаси ўзгарса-да, моҳияти ўзгармайди. Унга арзон ишчи кучи, арзон хомашё базаси, тайёр маҳсулотларни сотадиган бозор керак. Рус капитали нафақат технологик, балки ҳамкорларига муносабатнинг сивилизациялашиш даражаси қолоқлиги бўйича ҳам ажралиб туради. Беларус ва Россия – иттифоқдош давлат. Бироқ Россия компаниялари неча марталаб Беларус ширкатларини чув туширишга ҳаракат қилди. Мисоллар жуда кўп. «Беларус қаёққа ҳам борарди? Маҳсулотларимизни барибир биз айтган нархда олишга мажбур» қабилидаги ёндашув нефт-газ масаласида икки давлатни кўп маротаба жиддий зиддиятларга олиб келди. Беларуснинг Россия компаниялари билан бирлашган калий ўғити ишлаб чиқувчи АЖни (биргаликда жаҳондаги 40% калий ўғитини ишлаб чиқарар эди) банкрот қилишга бўлган ҳаракатлар рус капитали табиатан ёввойилиги ва имкон топса, қонундаги ҳар қандай бўшлиқлардан фойдаланишга уринишини кўрсатди. Қардошлари, энг яқин иттифоқдошларига нисбатан ноҳалоллик қилаётган компаниялар бизга бошқача муносабатда бўлармиди?!

Ҳамюртларимизни қўрқитиш ниятимиз йўқ, аммо...

Ўзбекистонда аҳоли ўсиш суръати, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий таъминот эҳтиёжи, хавфсизлик, мудофаа ва шу кабилар билан боғлиқ бюджет харажати катталиги, маош стандартлари муайян минимумдан кам бўлмаслигини ҳисобга олсак, ЭОИИ доирасида ауцайдерга айланиб қолмаслик, ташқи қарзлар кўпайиб кетмаслигига кафолат йўқ. Бўёқларни қуюқлаштириб, ҳамюртларимизни қўрқитиш ниятимиз йўқ. Аммо давлат мустақиллиги, миллат тақдири – шунчаки иқтисодий лойиҳа эмаски, агар муваффақияциз чиқса, қанча улкан бўлмасин, фақат маблағдан бошқа нарса йўқотмасанг!

Маънавият, маданият борасида қандай муаммоларга дуч келамиз – номаълум. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил бўлмоқда. Аммо нутқ маданияти, она тилига ҳурмат, давлат тилига доир қонун ижроси ҳамон оқсаяпти. Бу масалада миллий онгимиз, ғуруримиз етарлича эмаслиги кўриниб қолди. ЕОИИга аъзолик, Россияга бориб иш топиш, ўқиш истаги ёшларнинг салмоқли қисмида она тилига беписандлик туйғусини кучайтиради. Тил маданияти сусайиб кетади.

Умумжаҳон интеграцияси тобора кучайиб бораётган шароитда миллий тиллар келажаги тўғрисида ҳам турли фаразлар илгари сурилмоқда. Уларнинг бирида сўзловчиси 300 миллион кишидан кам бўлган тиллар истиқболсиз, деб баҳоланган эди. Шунда Россия Думаси спикерининг ўринбосарларидан бири «Собиқ СССРда 320 миллиондан ортиқ аҳоли яшар, улар ва шарқий европалик собиқ социалистик мамлакатлар аҳолиси рус тилини ўрганар эди. Жаҳонда рус тилида сўзловчилар 400-450 миллион киши эди. Биз рус тилининг истиқболи учун ҳам эски чегараларни тиклашимиз, собиқ миллий республикаларни Россиянинг губериняларига айлантиришимиз керак» дея айюҳаннос солган эди. Тил ва маданият борасида бу каби ассимиляторлик сиёсати тарафдорлари Россияда кам эмас. Фақат уларнинг кўпчилиги ё фикрини очиқ айтмайди, ё бу жараён «табиий-маданий» шаклларда кечиши тарафдори.

ЕОИИга аъзо бўлсак, она тилимизнинг илм-фанда, олий таълимда, халқаро муносабатларда қўлланиши маълум даражада сусаяди. Миллий маданиятимиз ҳам босим остида қолади. Унда рус ва ғарб оммавий маданияти таъсирида интерференсия унсурлари кучаяди. Ахлоқий-маданий, сиёсий ва эътиқодий толерантлик ниқоби остида беҳаёликни, зўравонликни, айрим номаъқул, шубҳали ғояларни ташувчи маҳсулотлар, ахборот кириб келади. Маданий ва маиший ҳаётимизда зиддиятлар кўпаяди. Баъзи миллий қадриятларимиз таҳрирга учрайди.

Қўни-қўшнилар билан алоқаларимиз қандай бўлади?

Бошқарув осон бўлиши учун қардош халқларда зимдан бир-бирига ишончсизлик, шубҳа, миллатчилик кайфиятини шакллантирган собиқ мустабид давлатнинг тарихий хотирасидан бу усуллар бутунлай ўчиб кетганмикан? Улар қайта жонланмасмикан?..

Тўғри, илм-фан, адабиёт ва санъат, умуман маданият ва спорт соҳаларида ЕОИИга аъзоликнинг ижобий жиҳатлари ҳам талайгина. Айниқса, илм-фандаги интеграция ва кооперация жуда фойдали. Телекоммуникация ва космик тадқиқотларни ривожлантириш, орбитага ўз сунъий йўлдошимизни чиқаришда Россиянинг ёрдами ва ҳамкорлиги зарур. Ушбу масалада Хитой, ЕИ ёки АҚШ билан ҳамкорлик истиқболи ҳам ёмон эмас. Россия билан ҳамкорлик эса тил борасида осонроқ ва самаралироқ кечади. Аммо ассимилясияга хизмат қилувчи унсурлар кўпайиб бораверади.

Дарвоқе, чуқур интеграциялашган иттифоқларга аъзо бўлишнинг ўзи жуда серхаражат ва ташкилий жиҳатдан анча қийин. Бироқ ундан чиқиб кетиш харажат жиҳатдан ҳам, сиёсий-ташкилий жиҳатдан ҳам ўн карра қийин. Буни Британиянинг ЕИдан чиқиши билан боғлиқ муаммолар яққол кўрсатмоқда. Шу сабабдан ЕОИИга аъзолик масаласида ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш, етти эмас, етти минг марта ўлчаб, бир кесиш зарур. Даставвал тараққиёт даражамиз, турмуш фаровонлиги ва сифатини кўтариб олайлик. Кузатувчи сифатида ЭОИИни 10-15 йил синаб кўрайлик; Россиянинг сиёсати, мамлакат элитасининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий мўлжаллари қай томонга оғишини билиб олайлик, у ёғи бир гап бўлар. Ўшанда ҳам, бизнингча, иттифоққа аъзо бўлиш масаласи парламент ва ҳукумат орқали эмас, умумхалқ референдуми орқали ҳал этилиши зарур.

Абдураҳим ЭРКАЕВ, 
Хуршид ФОЗИЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзолари
“Тафаккур” журналидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг