Қарға қарғани кўзини чўқимайди, аммо бу бизга тегишли эмас
«Бу орзулар мамлакати эмас...»
Америкага анча йиллар олдин кўчиб кетган бир ҳамюртимизнинг ишлари юришиб ўз бизнесини йўлга қўйибди. Бу орада фарзандлари ҳам вояга етиб қанотига кирибди. Ота ўғилларидан бирини чақириб шундай дебди:
—Ўғлим, қачондир маблағим етарли бўлса она юртимнинг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшмоқчи эдим. Бугун шунинг мавриди келди. Уч млн. доллар ажратдим. Қишлоғимизда кичик корхонача қурилиши учун ускуналар гаплашдим ҳатто ўша ускуналарни етказиб берадиган самолёт ҳам тайёр. Ҳамқишлоқларим бизни дуо қилишсин, озроқ бўлса ҳам она юртим учун фойдам тегсин.
Йигит қишлоқда корхона қурилиши учун кетадиган ускуналарни самолётга юклаб, Ўзбекистонга келибди. Аммо қаттиққўл божхоначи ходимлар бу ускуналарни Ўзбекистонга киритишга қаршилик қилишибди. Америкадан келган саховатпеша ҳамюртимиз текширув қаттиқлигини кўриб: «Бутун армияни опкелиб текширинглар, бу ерда ҳеч қандай хавфли нарса йўқ», десаям оёқ тираб туриб олишибди. Шунда текширувчилардан бири ўша йигитни четга тортиб агар 50 минг кўкидан берсанг ўтказвораман, дебди.
Йигит... Америкада ҳеч қаерда ишини пора бериб битирмаган йигит отасининг орзусини амалга оширмай ортга қайтибди.
«Дадажон, — дебди у отасига, — 3 млн доллар топган одам учун 50 мингни бериш қийин эмас. Ўша айтилган маблағни бериб сизнинг қишлоғингизга боришим мумкин эди, лекин улар бу яхшиликка арзимайди (айнан худди шундай деган) ўзини юртига яхшилик қилишни истамайдиган, бошқа яхшилик қилишни истайдиганларга тўсқинлик қиладиган халқнинг дуоси бизга керакмас. У мамлакат орзулар мамлакати эмас экан...»
Бу тўқилган ҳикоя эмас. Яқинда сафарга чиққанимда ҳамроҳларимнинг бирига танишлари айтиб берган, қачонлиги номаълум бўлган воқеа.
Сардобада саробга айланган хайриялар
Ўтган йили бошимизга тушган мусибат — Сардоба тўғонининг бузилиши, саноқли сонияларда аҳолининг бошпанасиз қолиши халқимиз учун катта бир синов бўлди. Сирдарё учун жўнатилган ёрдамнинг чегараси бўлмади. Барчамиз саховатпеша ҳамюртларимиздан бир қувонган бўлсак, саховатга зор бўлмаган яна бир қатламнинг очкўзлигидан минг куюндик.
Ўша пайтлари Сирдарёга йўлим тушганида кўрган воқеаларим ҳалигача кўз ўнгимдан кетмайди. Инсонпарварлик ёрдамлари ортилган карвоннинг кети узилмади бир ойлаб. Аммо ёрдам олиб борган одамлардан қулаб тушай деган ҳожатхона учун пул йиғиб олган йигит, уйида қовурғалари саналиб ётган кучугини яхшироқ ҳаёт кўриш мақсадида олиб кетаётган кўнгилли—волонтерлардан пул сўраган уй эгаси, текинга тарқатилиши керак бўлган кийим кечакларнинг дўконларда пулланиши — буларнинг барчаси саховатпеша халқимизнинг ҳимматларини ювиб юборгандек эди.
Ўша пайтлари тинимсиз Сирдарёга шунча ёрдам берилди, деган хабарлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилган бўлса, уни ортидан чиққан фалон сўм талон тарож қилинди деган фикрлардан кўнглимиз шу қадар чўкди.
Кейин коронавирус пандемияси... Коронавирусга қарши кураш тадбирларига ажратилаётган маблағлар талон-торож қилиниши ҳали ҳамон давом этмоқда. Талон-торож қилинаётган миллиард-миллиард маблағни эшитиб ҳушингиз бошингиздан учгудек бўлади.
Мусофир юртда бир-бирини талаётганлар
Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган кўҳна мақол бор. Аммо нимагадир айнан ҳамюртларимиз мусофирчиликдаям бир бирини тунаш, бир бирини орқасидан пичоқ уриш каби аянчли воқеаларни жуда кўп эшитамиз.
«Мени Кореяда фалончи оғайним ухлатиб кетди», «Мени Туркияда фалончи дугонам чув тушириб кетди»...
Яқинда фейсбукдаги «Моҳият» гуруҳига қўйилган пост ва унга ёзилган изоҳлар миллатимизни нафақат ўзимиз олдимизда, балки бошқа юртлар олдида ҳам шарманда қилаётганига мисол.
«Корейс миллатига мансуб бир инсон паспорт топиб олди. Қараса, Ўзбекистоннинг паспорти экан. Уни бошқа бир ўзбекка бердики, паспорт эгаси сарсон бўлмасин, миллатдоши не қилса ҳам корейсдан кўра осонроқ ва тезроқ паспортни етказа олади. Тўғри, Жанубий Кореяда ҳаракатланиш учун паспорт керак эмас, махсус карта бор, лекин ватанга бориш-келиш паспортсиз иложсиз. Ўзбек эса ўз юртдошини (яъни паспорт эгасини) топиб қўнғироқ қилди ва паспортни қайтариш эвазига $1000 мукофот пули сўради. Паспорт эгаси ночор ҳолда $500 бера олишини айтди, қаҳрамонимиз эса кўнмади ва паспортини қайтариб бермади. Ўртага таниш аралиштирилди ва $600 эвазига паспорт эгасига қайтарилди».
Бу воқеага 100 нафардан зиёд одам изоҳ ёзиб қолдирган ва жуда кўпчилиги ўзлари муҳожирликда гувоҳ бўлаётган воқеаларни ёзиб қолдиришган.
«Адашмасам 2008 йилларда Россияда қурилишга Ўзбекистондан ишга борган 9 нафар муҳожир йигитларнинг паспортини бригадир вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун йиғиб олади. Ва буни бошка қурувчиларга бош бўлган бола кўриб қолиб «э, юринг ака чой ичамиз», деб машинасига ўтқазади ва овқатланиш жойига етиб борганида қўлидаги паспортлар солинган халтани олиб тушаётган шеригига машинада қолдираверинг», дейди. Иккала бригадир овқатланиб бўлиб ташқарига чиқишса машина очилган, паспортлар йўқолган. Машина ҳайдовчиси, яъни бригадир бола «билмадим» деб тураверган. Ички ишлардан ҳам фойда бўлмаган. Шу ҳудудни назоратчисига учрашишган. Эртага келсаларинг суриштириб кўрамиз деган. Эртасига «паспорт топилди, ҳар бир паспорт учун 30 мингдан берсаларинг қайтариб берамиз», деган хабар келади. Муҳожир йигитлар илтимос қилиб 10 мингдан паспортларни қайтиб олишган. Ўшанда паспортни қайтиб олаётган йигитлардан бири ўзга миллат кишисидан «ҳеч кимга айтмайман бу паспортни қаердан олдиларинг» деганда, «ўзларингнинг ҳамюртларинг пул эвазига қайтариш шарти билан берди», деган экан. Шу бригадада хўжайиним ҳам ишлаган, мен овқат пиширардим. Ким олгани Аллоҳга ҳавола энди, гумон иймондан айиради...»
Яқинда яна бир фейсбук фойдаланувчи Қримда яшаётгани, яқин ҳудудда ўзбек йигитлари ишсизликдан қийналиб мурожаат қилгани ва етиб келишлари учун 10000 (рублда) пул жўнатгани, аммо пулни олгач дом-дараксиз кетгани ҳақида, йигитларнинг паспорти билан суратларини жойлаштириб пост қолдирди. У йигитларга жўнатган пулига ачинмаётгани, балки айрим ўзбек йигитларининг шу қадар лафзсиз бўлиб бораётгани ҳақида куюниб ёзган... Ва ҳар доимгидек мавзу қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган, ҳамма хорижда юрган ҳамюртларимиз ўзлари гувоҳ бўлган мана шундай воқеаларни мисол қилиб келтирган.
Биз тепадаги масъулларни муҳокама қиламиз, уларни порахўрликда, лоқайдликда, очкўзликда айблаймиз. Аммо ўзимизчи? Айнан ўшаларни муҳокама қилаётганлар, нолиётганлар, инсоф сўраётганлар орасида болалар ҳақига кўз олайтирадиган боғча опалар, мудиралар бўлади, айнан ноҳақлик деб жар солаётганлар орасида сизу менга гўштни орасига суякни эпчиллик билан тиқиштириб тортиб бераётган ёки ейиш мумкин бўлмаган ҳайвоннинг гўштини алдаб сотаётган қассоб бўлади, айнан мана шундай адолат излаётганлар орасида 100 долларга беморнинг кўричагини олиб ташлашни савдолашаётган шифокорлар бўлади. Ноҳақликдан жабр чекаётган божхона ходими ҳозир қайсидир порахўр амалдордан ёзғираётган бўлади. Бу божхона ходимининг онаси бир пайтлар ўқитувчига тилла зирак совға қилиш учун пул йиғишда бош қош бўлган бўлади....
Россиядан туриб уйига қайтолмаётган, уйига қайтиш учун пора сўради мендан деган биз ачинган муҳожир ватандошимиз бировнинг паспортини топиб олиб шўрлик яна бир муҳожирдан 500 доллар сўраётган бўлади.
Мен бир саволга ҳеч қачон жавоб тополмайман. Нега бундай қиламиз? Ота-боболаримизнинг биз фахрланадиган томонлари ҳам бор, лекин кўпгина ватан, миллат фидойиларини пул учун, мансаб учун сотганлар ҳам ўзимиздан чиққан. Хўш нега шундаймиз? Савол жавоби ҳамиша очиқ... Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деган мақол мутлақо бизга тегишли эмасдек. Нафақат чўқиймиз, бир-биримизнинг кўзимизни ўйиб ҳам оламиз, аччиқ ҳақиқат шу...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter