Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қароқчи» журналларда энг кўп илмий мақола чиқараётганлар биз бўламиз, ўзбекистонликлар!

«Қароқчи» журналларда энг кўп илмий мақола чиқараётганлар биз бўламиз, ўзбекистонликлар!

Бир илмий семинарда қатнашдим, ҳимоядан аввалги расмий жараён. Талабгор икки ихтисослик бўйича илмий иш ёқлаяпти. Семинар кенгаши таркибида йўқман, сабаби киритишмаган. Лекин бир ҳамкасбимиз диссертация автореферати ва ZOOM ҳаволасини юборди. «Домла, қатнашмасангиз бўлмайди!»

Қатнашдим. Маърузани эшитдим… Хуллас, замонавий фан йўқ. Саволлар кўп. Бешта савол бердим. Бу ёғи энди улоқ, майдон кенг. Савол-жавоб тугади, муҳокама бошланди. Иккинчи бўлиб гапирдим. Тахминан шундай:

«Ҳурматли домлалар, фан ўзгаряпти, ривожланяпти. Фан бизнинг тасаввуримизда қотиб қолгани йўқ. Мен бунақа иш қилмаган бўлардим, ўлиб қолсам ҳам! Эссиз шунча вақт, меҳнат, маблағ… Кимни алдаяпмиз? Пул халқники, давлатники, юзимизни ёруғ қилайлик. Хорижда олимлар бунақа ишларни қилишмаяпти. Иккита ихтисослик бўйича докторлик даражасига даъво қилиняпти, мен битта ихтисослик талаби ҳам бажарилганини кўрмаяпман…»

Яна бир киши гапирди. Ёши катта. «Шароитдан келиб чиқиб фан билан шуғулланилади, ҳали замонлар келади, биз ҳам замонавий фан билан ишлаймиз, шунинг учун доктор Расуловнинг (яъни, менинг) сўзлари ўринсиз…» Охиригача эшита олмадим, Жума вақти кираётганди.

Ҳовлига чиқдим. Кўп ҳамкасблар сўзларимни эшитишган экан. «Раҳмат, домла, ҳақиқатни ҳам айтса бўларканку!», «Домла, яхши гапирдингиз, қачонгача сифатсиз ишлар қилиб, ўзлари тузган семинарларда урра-урра қилишади…»

Кўп йиллар хорижда ишлаганим боис, бундай жараёнлардан узоқда эдим. Билмасдим. Бир семинар мисолида тушундимки, фаннинг ривожланмаслигида ҳеч ҳам давлат ёки бирор вазирликни айблаб бўлмас экан!

Айб ўзимизда экан! Ўзимизнинг олимларда.

Қотиб қолган тасаввуримиздаги фан билан шуғулланамиз. Инглизча бирорта мақола ёки абстрактини ўқимас эканмиз. Дунё нима билан ишлаяпти, қайси илмий усулни қўллаяпти ва ўша усулни амалга оширишга қайси жиҳоз керак, билмаймиз.

Фанга, айтайлик, метаболомика ёки протеомика кириб келганига анча йиллар бўлди, лекин бизга бу йўналишлар қоронғу, демак, биз уларни рад этамиз, эски усуллар билан ишлайверамиз (бу гапим ҳамма олимларга тааллуқли эмас, замонавий ишлар шуғулланаётган биологларимиз ҳам бор, гап эгасини топади). Шунинг учун обрўли журналларнинг яқинига ҳам боролмаймиз. ОАК ҳам фарқига бормайдиган қайсидир чет журналида мақола эълон қиламиз, ҳимоя қилишга улгурамиз, ҳалиги журнал эртага «қароқчи» журналлар рўйхатига тушиб турибдику!

Эсингиздан чиқарманг, «қароқчи» журналларда энг кўп илмий мақола чиқараётганлар биз бўламиз, ўзбекистонликлар! Журнал шубҳали бўлса, ундаги мақолалар ҳам шубҳали бўладими? Мантиқан шундай!

Яна энг ёмони, ўша устоз, тасаввуридаги фандан бошқасини тан олмайдиган «авторитет» «пачкалаб» шогирдлар олади – PhD, Dsc… Бу ёғи энди конвейер. Фанлар академиямизга бу ҳақда гапирилса, қулоғи кар, кўзи кўр.

Фан ривожи керакми, PhD ва Dsc бўлишни истаганларни замонавий фанни тушунган олимларга шогирдликка бериш керак. Замонавий фан билан шуғулланаётганларнинг мақолалари, H-индекслари билан танишиб олишса бўлади. Лекин буни кўпчилик ҳам хоҳламас экан.

Нега?

Сабаби, ҳар бир PhD ёки Dsc учун илмий раҳбарга қўшимча тўланади. Ойликка қўшилиб турса ёмонми? 700 минг–1 млн атрофида дейишди, аниғини билмайман. Шунинг учун, «фидоийлар»нинг шогирдлари узилмайди, 3-4 йил қўшимча олиб юраверади. Шогирд бечоранинг умри ўтади, эски-туски ковлаб вақти кетади.

Таклифим шундай (буни аввал ҳам ФАга етказганман): PhD ва Dsc бўлишни истаганларни H-индекси бор ёки юқори олимларга берилиши лозим. Илмий семинарлар ва ихтисослашган кенгашлар таркиби қайта кўриб чиқилиши шарт!

Фан таниш-билишчилик билан, гуруҳвозлик билан ривожланадиган соҳа эмас. Фан, айниқса, келажак фани, муҳим стратегик аҳамиятга эга. Давлат ривожи ва хавфсизлигида муҳим восита. Уни шахсий манфаатларимиз йўлида қурбон бермаслигимиз лозим.

Бахтиёр Абдуғафур

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг