Қатар Ўзбекистондан нима истайди? Ўзбекистон-чи?
Жорий йилнинг 5 июнь куни Қатар давлати амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга келди. Бу ташриф 2 кун давом этди. Учрашувлар давомида кўплаб шартномаларга имзо чекилди. «Xabar.uz» шу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз бошида Қатар ва Ўзбекистон муносабатларининг бошланиш даври ҳақида гаплашсак. Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон Қатар билан қандай алоқалар олиб борган?
– Қатар Яқин Шарқ минтақасида ва араб дунёсида янги бир порлаб чиққан субъект. Бугунги кунда Қатар минтақада ва мусулмон оламида жуда фаол. Хўш, бу фаоллик қачондан бошланди? Келинг, биринчи навбатда шунга тўхталсак!
Қатар асосан газ ва нефть экспорти орқали бутун иқтисодиётни тиклади ҳамда машҳурликка эришди. Ҳозирда Қатар жуда ҳам катта илмий, сиёсий ва маданий тадбирлар ўтказмоқда. Бугун Қатар ўзини бутун минтақа учун сиёсий музокара ва мулоқотлар ўтказувчи майдон сифатида таклиф қилмоқда. Бу фаоллик кўп эмас, 20 йил олдин бошланган эди. Қатарнинг бу даражада ривожланган давлат бўлишига бир қанча сабаблар мавжуд. Албатта, кўпчилик бу ерда энергия ресурсларининг ўрни катта деб ҳисоблайди. Лекин менининг шахсий фикримча, Қатарни бундай ривожланиши ортида бошқа омиллар бор.
2000-йилларни бошида Қатар асосий пулини кадрларни шакллантиришга сарфлаб, дунёнинг энг нуфузли университетларида ёшларини ўқитди. Яъни, 20 йил олдинги пулини келажакка тикди. Бугунги кунда Қатар ҳукумати ва иқтисодиётини айнан Европада таълим олган ёшлар юритмоқда.
2008 йилда Қатар ҳукумати ва жамияти узоқ вақт энергия ресурслари экспорти билан яшай олмаслигини тушуниб етган ҳолатда, «2030 стратегияси»ни ишлаб чиқди. 2008 йилдан бошлаб Қатар минтақа ва яқин минтақа давлатларига инвестиция киритиб, ўз келажак бизнесини қура бошлади. Айнан 2008 йилда Ўзбекистон билан муносабатлар аста-секин йўлга қўйилди. 2010 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Қатарга давлат ташрифи билан борган эди. Яъни, икки давлат ўртасидаги муносабатларининг пойдевори айнан 2010 йилда қўйилган. Унгача Қатарни биз жиддий давлат сифатида билмас эдик. Бугун Қатарни бутун дунё билмоқда!
2010 йилдан бошлаб Қатар биринчи галда Форс кўрфазидаги ва Яқин Шарқ давлатлари орасида фаоллик кўрсатиш ва лидерликка эришиш ҳаракатларини бошлади. Шунинг учун Қатар асосий ташқи сиёсатини минтақа давлатлари билан муносабатларни шакллантиришга қаратди. Шу сабабли қўшни минтақа давлатлари билан ташқи сиёсатда фаоллик кузатилмаган. Лекин Қатар ўзининг келажак стратегиясида бошқа минтақа давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришни режалаштириб кетган эди.
Бугун шу кунлар келди. Яъни, бугун Қатар Европа, Узоқ Шарқ ва Марказий Осиёга қизиқиш билдирмоқда. Ўзининг улкан инвестицион потенциали орқали минтақалардаги янги иқтисодий соҳалар ва шу ердаги бозорларга кириб келишни бошлади. Хусусан, Қатар амирининг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифидан асосий мақсад – Марказий Осиё бозорлари ва ҳали ўзлаштирилмаган иқтисодиёт йўналишларига инвестиция киритиш.
– Нима деб ўйлайсиз, Қатар билан муносабатлар фақатгина иқтисодийми?
– Бирор бир иқтисодиётни шаклантириш учун сиёсий инструментлар керак. Чунки сиёсий инструментларсиз эркин иқтисодиётни кафолатлаб бера олмайсиз. Шунинг учун Қатар биринчи галда араб дунёсида ва ўз минтақасида сиёсий субъект сифатида тан олинишга ҳаракат қилди. Ўз минтақасидаги сиёсий муаммоларга ўзини воситачи сифатида таклиф қилди. Мисол учун, Судан муаммосида бир неча йиллардан бери воситачилик қилиб келган Мисрдан ўтиб, ўзини таклиф қилди. Айнан Судан муаммосини ҳал қилишда Қатар бир нечта кўзга кўринган натижаларга эришди. Бу билан Қатар араб давлатлари ва дунёга ўзини кимлигини кўрсата олди.
Албатта, Қатар бир неча қаршиликларга дуч келди. Чунки минтақада анъанавий лидер мамлакатлар бор бўлиб, улар асосий масалаларда етакчиликни ушлаб келаётган эди.
Вақт ўтиши билан Қатар қўшни минтақадаги ўзига маданияти ва тарихи нуқтаи назардан яқин бўлган давлатларга қизиқиш билдира бошлади. Шундай қизиқиш Марказий Осиёга бўлди. Бу минтақада эса энг кўп аҳолига эга бўлган мамлакат – бу Ўзбекистон. Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмон оламида ҳам ўз ўрнига эга. Чунки бизнинг боболаримиз Имом ал-Бухорий ва Ҳаким ат-Термизийни бутун араб дунёси танийди. Бундай потенциални кўрган Қатар, Марказий Осиёда асосий ўйинчи сифатда Ўзбекистонни танлади.
– Бизни Қатарда қандай манфаатларимиз бор?
– Ўзбекистон 2016 йилда тараққиётнинг кейинги босқичига ўтди. Яъни, ўзимизни ёпиқ давлатдан, очиқ давлат деб эълон қилдик. Лекин бунга ҳали кўп бўлганича йўқ. Биз «туризмни ривожлантиришимиз, кўп векторлик ташқи сиёсатни йўлга қўйишимиз, иқтисодиётни диверсификация қилишимиз керак», деб кўп гапиряпмиз. Бунда бизга орқасида бошқа сиёсий мақсадлари бўлмаган инвестициялар зарур. Бундай инвестицияларни дунёда камдан кам давлатлар беради!
– Қатар Ўзбекистонга холис инвестиция кирита оладими?
– Қатар орқасида сиёсий манфаатларни кўзламаган инвестиция киритишга бошқаларни ишонтира олди. Қатар бутун Европа бўйлаб хизмат кўрсатиш сервислари ва спорт соҳаларига инвестиция киритди. Бу инвестициялар орқасидан ўзининг геосиёсий ва сиёсий манфаатларини илгари сурмади. Ҳатто, Туркияга иқтисодий инвестиция киритиб, ўзининг сиёсий мақсадларини тарғиб қилмади. Шахсан мен мутахассис сифатида буни кўрмадим.
– Шунда Қатарнинг ёрдамини беғараз десак бўладими?
– Биласизми, минтақа давлатлари Қатарни 10 йил кузатиб, унга бўлган ишончи ошди. Ўзбекистонга орқасида сиёсий манфаатларни кўзламаган инвестициялар зарур. Бизда шундай соҳалар борки, ташқаридан инвестиция киритмасдан туриб, бу соҳаларни ривожлантириш жуда қийин.
Бизга дунёни қудратли давлатлари инвестиция киритишни таклиф этади. Лекин бу инвестициялар ортида сиёсий мақсадлар бўлиши аниқ. Бизга сиёсий мақсадлари кам бўлган ёки бизга зарар етказмайдиган инвестиция керак. Қатар бизга шундай инвестиция таклиф қилмоқда. Нега биз буни рад этишимиз керак?
Бугун Қатар бизга инфраструктурани, ишлаб чиқаришни ва энг асосийси энергия ресурсларимизни ташқи дунёга чиқаришда воситачилик қилиш ҳамда энергия инфраструктурасини ривожлантиришга инвестицияларни таклиф қилиб турибди. Бундан ташқари, Қатар Ўзбекистоннинг ички ва ташқи туризмини ривожлантиришга маблағ киритмоқчи. Бу аслида бизнинг энг оғриқли нуқталаримиз.
– Аслида бизда энергия ресурсларини аниқлаш ва уларни қазиб олишда муаммолар талайгина. Қатар бунга ҳам эътибор қаратса керак?
– Албатта. 2013 йилда Қатар ўзининг ялпи ички маҳсулотининг 50 фоизини газ ва нефтни сотиш орқали олган. Бугун шу кўрсаткич 13 фоиздан ошмайди. Нима учун? Чунки Қатар хом ашёни тайёр маҳсулот кўринишига келтириб сотишни йўлга қўйди. Кўриниб турибдики, унда тажриба, технология ва инвестиция бор. Шуни ҳам айтиш керакки, бундай давлатлар ҳар қандай жойга инвестиция киритавермайди. Табиийки, ишонган жойга пул тикади. Мана 2 кунлик ташриф давомида Қатар Ўзбекистонга 12 миллиард долларлик инвестиция киритишни бўйнига олди. Унча-мунча катта давлатлар бундай катта миқдорда инвестиция кирита олмайди. Биз фақат бундан фойдаланиб қолишимиз керак!
– Жорий йилнинг 8 май куни Тошкентда Қатар элчихонаси очилди. Нега Ўзбекистонда олдин Қатар элчихонаси бўлмаган?
– Ҳар бир давлат ташқи сиёсати ички ва миллий манфаатлардан шаклланади. Қатарнинг миллий манфаатлари ва ташқи сиёсати 15-20 йил олдин бундай пишиб етилмаган эди. Бугун у ўзининг минтақасидан ташқарига чиқиб, қўшни минтақаларда фаолият юритишни бошлади. Ўзбекистоннинг очиқ сиёсати ва инвестиция жалб қилишга бўлган қизиқиши Қатарни Ўзбекистонда элчихона очишига ундади.
Элчихона вақт ўтиши билан бошқа сиёсий интеграцияларга сабаб бўлувчи асосий субъект. Чунки давлатлар элчихоналар орқали бир-бири билан мулоқот қилади. Ўйлайманки, Қатарнинг Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистонда элчихона очиши унинг узоққа кўзланган мақсадларини англатади. Агарда Қатарнинг Ўзбекистонда узоқ йилларга мўлжалланган режалари бўлмаганида, бундай ташаббус билан чиқмаган бўларди.
Биздаги компаниялар билан дунё даражасидаги компанияларнинг фарқи бор. Масалан, авиация соҳасида «Qatar Airways» компаниясини олсак, у дунёдаги топ компаниялар билан рақобат қила олади. Шундай компанияларни Ўзбекистонга кириб келиши монополияга жиддий зарба беради.
– Биз шунга йўл очиб бера оламизми?
– Йўл очиб бера олмаганимизда, элчихона очишга рухсат бермаган бўлардик. Демак, ҳукуматда сиёсий ирода, сиёсий хоҳиш ва энг асосийси қўллаб-қувватлаш бор. Шундан келиб чиққан ҳолатда Қатарнинг таклифларини қабул қилдик.
Биласизми, монополияни синдириш учун ташқарига муқобил вариантлар бўлиши керак. Бундай муқобил вариантларни Қатар бера олади.
– Қатарни киритаётган инвестициялари тагига олиб кетмайдими?
– Ҳозирда Қатар бир давлатга инвестиция киритишдан олдин уни яхшилаб ўрганади. Уларда шундай таҳлил марказлари бор. Яъни, улар «бир давлатга пул киритсам, бу эртага қанчалик фойда келтиради» деб чуқур ўрганишади. Ишончим комилки, бизга ҳам инвестиция киритишдан олдин Ўзбекистонни бир неча йил ўрганишган ва сиёсий кафолатлар олган. Чунки сиёсий кафолат олмай туриб, бир мамлакатга миллиардлар пул тикиш – хато иш бўлади.
Сардор Али Нурматов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter