Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда туризм қандай ривожланди?

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда туризм қандай ривожланди?

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2017-2024 йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини ўрганди.

Таҳлилларга кўра, ушбу даврда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айланди: хорижий сайёҳлар сони қарийб тўрт баробарга ошди, туристик хизматлар экспорти ўн баравардан зиёд ўсди, соҳада бандлик икки баробарга кўпайди. Виза режимининг либераллашуви, йирик инвестициялар ва инфратузилмани модернизация қилиш натижасида Ўзбекистон сайёҳлик оқимини жадал оширишга ва халқаро майдонда ўз имижини мустаҳкамлашга эришди.

Туризмни устувор соҳалардан бирига айлантириш

Сўнгги йилларда туризм Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири бўлди. Мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш, унинг имкониятларини аҳоли ва жаҳон жамоатчилиги орасида оммалаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

2017 йилдан бошлаб визавий режим либераллаштирилди, инфратузилма модернизация қилинди ва ички ҳамда халқаро туризм қўллаб-қувватланди. Бу орқали туризм иқтисодий диверсификация, иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг ижобий имижини дунёга тарғиб этишнинг стратегик соҳасига айланди.

«Тўсиқсиз туризм» инфратузилмасини кенгайтириш доирасида 93 мамлакат фуқаролари учун виза бекор қилинди. Электрон виза орқали 56 мамлакат фуқаролари мамлакатимизга ташриф буюриши мумкин. 47 давлат фуқаролари учун транзит визасиз беш кунгача туриш ҳуқуқи берилади. 76 давлат фуқаролари учун туристик визани расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди.

Туризм имкониятларини оммалаштириш

2024 йилда Хитой Халқ Республикасининг Сиан, Пекин, Шанхай, Чанша, Гуйлин, Гуанчжоу, Саня, Урумчи, Шэнчжэн, Гонконг ва Чэнду шаҳарларида йирик туроператорлар билан учрашувлар ўтказилиб, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдим этилди.

Европа, Шимолий Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ, Хитой ва Марказий Осиёда «World Media», «Blue Sky», «Sky one», «Wanderlust», «Euronews» каби йирик медиакорпорациялар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг халқаро имижи тарғиб этилди. Шунингдек, «Ctrip.com», «Holiday factory», «Voyage Prive» каби онлайн платформалар ва хорижий телеканаллар орқали реклама қилинди.

2024 йилнинг 25–26 апрел кунлари Хива шаҳрида «Шаҳрисабз — Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туристик пойтахти» тадбирлари бўлиб ўтди. 31 май – 2 июн кунлари «Хива — 2024 йил Ислом дунёси туристик пойтахти» ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари XII мажлиси ташкил этилди.

2023 йил 16–20 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилди. Унда 127 мамлакатдан 1200 дан ортиқ иштирокчи қатнашди (Улар орасидан 70 дан ортиқ делегация вазирлар даражасида, 25 та делегация аъзо давлатларнинг вазир ўринбосарлари даражасида, йирик туризм бизнесининг 120 вакили, меҳмондўстлик соҳасидаги етакчи халқаро олий таълим муассасаларининг 90 дан ортиқ вакили ҳамда етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларининг 150 вакили қатнашди). Ўзбекистонни «Ипак йўли туризми» марказига айлантириш мақсадида Бош Ассамблеянинг ушбу сессияси доирасида Самарқандда ЮНВТО Тематик офисини очиш ва унга дипломатик мақом бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрига «Жаҳон маданий туризми пойтахти» мақоми бериш тўғрисида декларация қабул қилинди.

Янги туристик йўналишлар

Туристик оқим динамикаси таҳлили асосида 40 дан ортиқ мамлакат сайёҳлари учун янги йўналишлар ишлаб чиқилди. Республикадаги умумий туристик йўналишлар сони 95 тага етди.

Овқатланиш масканлари ва меҳмонхоналарда «Ҳалол», «Кошер» ва «Веган» стандартлари жорий этилмоқда.

2022 йил сентябридан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ички туризм учун «Кэшбэк» тизими йўлга қўйилди.

2024 йилда Хитойнинг йирик «Trip.com» платформасида Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш дастури ишга туширилди. Натижада фақатгина ушбу платформа орқали келган хитойлик сайёҳлар сони 37,7 минг нафарга етди. Туризм бизнеси вакиллари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 3 та бизнес-форум ташкил этилди. Натижада 2024 йилда жами 57 мингдан зиёд хитойлик сайёҳ мамлакатимизга ташриф буюрди (ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар кўп).

Янги туристик объектлар

2022–2024 йилларда «Тошкент сити», «Самарқанд туризм маркази», «Афсоналар водийси», «Арда Хива» ва «Мираки туризм маркази» каби йирик объектлар ишга туширилди.

Самарқандда янги халқаро аэропорт, 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, парк ва бошқа ҳордиқ масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, уни «Янги туризм дарвозаси» сифатида танитди.

Туризм хизматларини диверсификация қилиш

Ҳудудларда «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи», «Туризм овули» ва «Табаррук зиёрат» каби янги турмаҳсулотлар оммалашмоқда.

Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида 12 та «туристик қишлоқ» иш бошлади. Улар йилига қўшимча 4 млн сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга.

Мўйноқ ва Паркент туманларида экстремал туризмни ривожлантириш мақсадида парашютдан сакраш ва аэродайвинг хизматлари ташкил этилди.

Туризмнинг иқтисодиётга ҳиссаси

Туризма қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 3 686 та туроператор фаолият юритди (2017 йилда 749 та). Яъни, сони 5 баробарга ошди. Илк бор туроператорларнинг хорижий сайёҳларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш учун 50 млн долларлик 10 йиллик кредит ажратилди.

Меҳмонхона ўринлари сони 2017 йилдаги 37 мингдан 2024 йилда 161 мингга етди (4,4 баробар ўсиш).

Туризмнинг иқтисодиёт ривожланишига муҳим ҳиссаларидан бири, хусусан, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликка қарши курашиш жараёнида, аҳолини иш билан таъминлаш ҳисобланади. Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, 2017–2024 йилларда ушбу соҳада аҳоли бандлиги 2 баробарга ошган. 2024 йилда туризм соҳасида 391 минг киши ишлаган (2017 йилда 187 минг).

Аста-секин маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ортиб бормоқда.

Ички сайёҳлар сони 10,6 млн нафардан (2017 йил) 22 млн нафарга (2024 йил) ошди.

2024 йилда Ўзбекистонга 10,1 млн хорижий сайёҳ ташриф буюрди (2017 йилга нисбатан 3,7 баробар кўп).

Туризм хизматлари экспорти 2023 йилда 3,4 млрд долларни ташкил этди (2019 йилда 951 млн доллар, 2021 йилда 296,4 млн доллар). 2017-2024 йилларда умумий экспорт ҳажми 10,7 млрд долларга етди.

Хулоса

Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти ташаббуслари билан туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, мавжуд имкониятларни самарали ишлатиш ва уларни кенгайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар туризмни иккинчи даражали соҳадан иқтисодиётнинг стратегик секторига айлантирди. Туризм миллий иқтисодиётнинг «ўсиш нуқталари»дан бирига айланиб, фуқаролар даромадларини оширишга хизмат қилмоқда ва янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда. Визавий либераллаштириш, йирик инвестициялар, инфратузилмани модернизация қилиш ва халқаро маркетинг ҳисобига мамлакат сайёҳлик оқимларида таъсирли ўсишга эришди ва жаҳон майдонида тан олинди.

Шу билан бирга, барқарор ривожланиш учун турмахсулотлар ассортиментини кенгайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва глобал туристик занжирларга интеграция зарур. Туризм яқин келажакда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш «локомотиви»га айланиш имкониятига эга.

Афзал Артиков,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
бош илмий ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг