«Суюнчи», «Водиллик келин», «Учрашув»: Ҳусан Шарипов ҳангомалари
Халқимизнинг севимли санъаткори Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шариповни дўст-ёрлари, қадрдон касбдошлари туғилган кунида, албатта йўқлашарди. Давра кенгайгандан-кенгайиб, кулги, қаҳқаҳа авжига минарди. Бугун Ҳусан Шарипов орамизда йўқ. Қуйида уни ўз тилидан сўзлаган ҳангомалари билан бирга хотирлашга жазм этдик.
Беш карра беш... йигирма тўрт
Мен «Суюнчи» фильмида ижро этган Шермат ролига Ўзбекистон халқ артистлари Бахтиёр Ихтиёров, Обид Юнусов, Эркин Комилов сингари халқимиз севган ўн олтита актёр синов топширган. Ва, ниҳоят менга навбат келганида бордим.
Болажонлар майкаларининг ичига тўлдириб довучча йиғиб келишган экан:
– Қоринларинг оғрийди-ку? Жуфтми, тоқми? – деб қолган ҳаммага тарқатиб чиққанман.
Киносиновда театримизнинг онахон актрисаси Омина Фаёзова билан биргаликда, ойим муштини кўрсатадиган жойини ўйнаб бергандик. Йигирмата одамдан иборат танлов комиссияси аъзолари кўришганида Шуҳрат Аббосов: «Кинога янги актёр кириб келди!» деб чапак чалиб юборган. Ролга тасдиқланганимни эшитиб, оғайниларга ош қилиб берганман.
«Суюнчи» фильмида «Беш карра беш – йигирма беш» деган иборани ишлатаман. Болалар ўйинқароқ бўлишади. Гоҳ биттаси йўқолиб қолади, баъзида у ер-бу ерда ухлаб қолишади. Уларни йўқотиб қўймаслик учун «Беш карра беш – йигирма беш» иборасини ўйлаб топганман. Автобусга чиққанимизда, «Беш карра беш – йигирма беш» дейман. Меҳмонхонадан Сижжакка, Сижжакдан меҳмонхонага қайтишда махсус автобусда ҳамманинг ўз ўрни бор. Агарда биронта бола автобусга чиқмаган бўлса, «Беш карра беш...» десам ёнидаги ўртоғи келмаган бола «Йигирма тўрт» дейди. Демак, йигирма беш эмас, битта кам! Излаймиз. Ана шу сабаб бўлиб бу ибора кинога ҳам кирган...
«Ёлғончи экансиз»
Барча ижодкорлар бир неча ой аҳил оила бўлиб бирга яшаганмиз. Фильмнинг энг қизиқарли кўринишларидан бири бўлган совчиларга чой олиб келиш саҳнасидаги келинликка даъвогар қизчаларимиз бизга чой дамлаб, хоналаримизни йиғиштириб беришарди. Ёдингизда бўлса, онам совчиликка борганларида биринчи бўлиб чой олиб кирадиган энг катта невара қиз бор, ўша қизга ва унинг дугонасига (бир-бирига) билдирмай:
– Барака топ, қизим, насиб қилса сени ўзим келин қиламан, – деб ҳазиллашиб қўярдим.
Буни қарангки, тақдир тақозоси билан орадан ўн йил ўтиб яна худди ўша жойга Сижжакка «Бомба» фильмини суратга олиш учун бордик. Қарасам, бир дўмбоққина қиз салом бериб, нуқул кулиб қўяди. Ҳайрон бўламан. Охири ўзи гап очиб:
– Мени танимадингиз-а? Ёлғончи экансиз! Мени келин қиламан деб, келин қилмадингиз-ку? – деганидан кейингина танидим.
Бу ўша «Суюнчи» фильмидаги тўнғич неварани ўйнаган қиз экан. Турмушга чиқибди, ҳомиладор экан. Мен ҳам бўш келмай:
– Мен сўзимда турибман, қизим! Ҳали ўғлимни уйлантирганим йўқ! Ўзинг турмушга чиқиб кетибсан-ку, – дедим.
Қўй йўқолди...
Киностудияга чақиртиришди, бордим. Режиссёр «Водиллик келин» фильмида бош роллардан бири – қизнинг отасини ўйнашимни айтганида рози бўлдим ва Водилга жўнаб кетдик. Етиб бориб, фильмимизни суратга олиш мўлжалланган ерга жойлашдик. Буни қарангки, санъаткор халқининг ҳамиша нони бутун – эртасигаёқ хатна тўйи чиқиб қолди. Таклиф қилишди, бордик.
Базм авжида, Бахтиёр Ихтиёров, Эргаш Каримовни меҳмонлар олқишлашяпти. Мен чиқиб, «Шаббодалар» деган ашулани бошладим, рақсида Раъно Зокирова. Нақ бир жомадон пул тушди ўзиям. Қайтиб келиб санадик, азонлаб бозорга чиқиб, кинонинг бошланишига қурбонликка битта қўй сотиб олишга келишдик.
Мен иссиқда ухлай олмайман деб, сойнинг бўйига чиқдим. Бозордан битта чиройли қўйни олиб келиб боғлаб қўйдик. Маърайвериб ҳеч уйқу бермайди-да! Эртасига съёмкам бор, ухламасам кўзим шишиб кетади, деб ўйлаб ётганимда миямга бир ажойиб фикр келди. Рўпарадаги қўшнининг ҳовлисидаги беш-олтита қўйга кўзим тушган эди. Вазиятни тушунтириб, қўйни қўшниникига жойладим. Шу билан уйқуга кетибман, денг!
Эрталаб «Қўй қани? Қани?» деган овоздан чўчиб уйғондим.
Дарров ролга кириб:
– Мени урмоқчи бўлди... Ўлдирмоқчи бўлди... Қўйни берасан деди... Ол, ана, десам, арқонини ечолмади. Роса уннади... Кейин бир нимадан чўчиб, кетиб қолди. Қўй нима бўлди? Ўша одам олиб кетдими? Ёки сойга тушиб оқиб кетдими, билмайман... Ўзим тирик қолганимга хурсандман... – деб шайтон йиғи қилдим.
Хуллас, усталик қилиб ҳаммани гапимга ишонтирдим. Эргаш Каримов деганлари содда эмасми, дарров лаққа тушди. Бахтиёр менинг ҳазилларимни биларди, аввалига ишонмай турди-ю, кейин уям ишонди...
Хуллас, қўй масаласига нуқта қўйилиб, «келган бало қазо шунга урсин», деб туришганида, ҳалиги қўшни келиб:
– Қўйингларни қачон оласизлар? Жудаям шўх экан, қўйларимизни сузиб ташлаяпти... – деса бўладими!
Ҳамма қийқириб юборган.
Қўйни сўйиб, шўрва димламалар пишириб еганмиз...
Фотосуратлардан… бизнес
Съёмкалар бошланди. Бўш қолган пайтларимда, «сиз дам олиб туринг», «мана бу кийимларни кийиб туринг», дейишади. Бир чеккада атрофни томоша қилиб ўтирсам, қандайдир суратчи йигит келиб, «чиқ» эткизиб суратга олиб кетади. Бир зумдан кейин яна «чиқ» этиб кетади. Шошма, дедим ичимда. Чақириб сўрасам, битта сурати икки сўм турар экан.
– Гап шу, келишамиз! Ҳар битта суратдан менга бир сўмдан тўласанг, суратга тушаман, бўлмаса йўқ! – дедим.
Рози бўлди. Нима кўп, атрофда Шоҳимардонни зиёрат қилгани келганлар кўп. Шу «бизнес»ни бошлаб юбордим. Ҳар куни камида йигирма беш, ўттиз сўм тушиб туради, денг. Кинода мен роль ижро этадиган жойим келса чақириб қолишади. «Ҳусан ака, съёмка, дейишса, «мен бандман, съёмкам бор», деб қўяман.
– Съёмка бу ерда-ку, – деб улар ҳайрон.
– Бу ёқда яна битта съёмкам бор, – дейман ҳазил аралаш.
Гапимни эшитиб, Ҳусан ака битта фильмда суратга тушяпти, деб ўйлашган...
Тўрт соатда оламжаҳон пул
«Ўзбекфильм»га нимадир иш билан боргандим. Киностудия йўлагидан ўтган заҳоти тўғрида балконча бўларди. Шундан қараб турган икки йигит мени кўрди-ю, «Он пришёл!» «Он пришёл!» дейишди. Кейин зум ўтмай ёнимга югуриб тушиб, ҳай-ҳайлашимга қарамай худди жиноятчини тутгандай икки қўлтиғимдан олиб, овозлаштириш хонасига олиб кириб кетишди. У ерда режиссёр Зулфиқор Мусоқов ўтирган экан, салом-алик қилдик. У экранда кўрсатилаётган воқеаларга ишора қилиб, мана шу матнни ўқиб беринг, деб қўлимга қоғоз тутқазди. Қарасам, ёзув рус тилида. Мен мийиғимда кулдим-да, «сиз янглишибсиз, мен буни ўқиёлмайман, негаки рус тилида акцент билан гапираман», дедим.
– Қандай гапирсангиз, шундайлигича ўқинг, – деди у.
Гапим ростлигини исботлаш учун матнни ўқиб бердим. Зулфиқор Мусоқов деганлари «Нашёл!.. Нашёл!» деб қувонганидан ерга ётиб олди.
Кўриб турибманки, маъқул бўлибман, аммо мен матнни ўқимоқчи эмасман. Шартта ичимдаги гапни айтиб: «Ўзбекча дубляжда бир сўз ўқимаган одам рус тилида акцент билан ўқиб, ўзимни-ўзим шарманда қилиш ниятим йўқ, ўқимайман», деб туриб олдим. Қарасам, қўйиб юборишмайдиган, «кўпроқ пул сўрасам, фикрларидан қайтиб қолишар» деган ниятда, ҳозир қанчалиги эсимда йўқ, яхшигина пул сўрадим. Режиссёр дарровгина кўниб:
– Бўлди, сиз ўқийверинг, айтган пулингизни берамиз! – деди.
– Йўқ, пулни олдиндан берсанглар, кейин ўқийман! – дедим зора айниб қолишса, деган мақсадда оёқ тираб.
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир зумда бухгалтер билан кассир чақирилди. Пулимни ҳисоб-китоб қилиб ёнимга қўйиб, «энди ўқинг!» дейишди.
Пул чўнтакда, матнни тўрт соатда ўқиб чиқиб кетганман. Шу кетишда Бешёғочдаги универмагга кириб, битта чиройли қора шляпа сотиб олдим. Ўша шляпани ҳали ҳали «Абдуллажон» фильмидан эсдалик деб асраб-авайлаб кийиб юраман.
«Учрашув»да ундирилган ош...
«Учрашув» фильмидаги меҳмондўст қаҳрамонимни ижро этиш осон бўлган дея олмайман. Негаки мен хонага қайта-қайта киришим, ҳали асал, ҳали узумни дастурхонга қўйишим керак эди. Бир-бирига тегиб кетсаям кадр бузилади. Қайтадан суратга олишга тўғри келади. Шунинг учун уйда астойдил уч-тўрт кун машқ қилганман. Қайси идишни қаерга қўйишни олдиндан белгилаб, чизиб олганман. Ҳам дастурхон чиройли чиқиши, ҳам анжомлар бир-бирига халақит бермаслиги керак.
Биласиз, бу Алп Жамолнинг асари эди. У киши сўзга жуда талабчан инсон эди. Ўзингиздан сўз қўшсангиз, жаҳли чиқарди. Мен нарсаларни олиб кириб, стол устига қўярканман, завқим келиб: «Она шаҳрим бағридан зуволаси, Тошкент пиёласи...» деб хиргойи қилиб юборганман. Шунда Алп Жамол ака ўрнидан туриб кетганлар. «Зўр топилма бўлди! Мана бу пулга бозор қилиб келинглар, ош мендан!» деганлар...
Ҳусан ака 80 ёшга тўлиши муносабати билан берган интервьюсида: «Бир пайтлардаги меҳнати билан неча йиллаб томошабинларга хизмат қилиш ҳамма актёргаям насиб этавермайдиган бахт» деган эди. Ана шу бахт санъатни ҳаётининг мазмуни деб билган Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Ҳусан Шариповга насиб этди ва унинг роллари сиз, азиз мухлислари қалбида узоқ йиллар яшашига ишонамиз. Марҳумнинг руҳи шод бўлсин, илоҳим.
Туҳфа Назарова.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter