Трампнинг сўзи кучини йўқотмоқда: бозорлар унга кўника бошлади
Молия бозорлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг баёнотларига иммунитет ҳосил қилишни бошлади.
Яқин-яқингача Трампнинг Эрон ёки Ҳурмуз бўғози ҳақида Truth ижтимоий тармоғида ёзган ҳар қандай пости трейдерларни ваҳимага солиб, Brent нефти нархининг саноқли дақиқалар ичида 10 фоизга қимматлаши ёки арзонлашига сабаб бўларди. Трампнинг платформаси бундан фойда кўриш мақсадида ҳатто Уолл-стритдаги инвестиция фондларига йилига 1,2 миллион долларлик обуна таклиф қилишни бошлади — улар Оқ уй раҳбарининг постларини бошқа фойдаланувчилардан бир неча сония олдин ўқиш имконига эга бўлади.
Axios нашри 28 февралдан 19 августгача бўлган даврда Truth Social тармоғида Эрон ёки Ҳурмуз бўғози тилга олинган постларни таҳлил қилди. Бу даврда фючерс нархларининг беш дақиқалик оралиқдаги ўртача тебраниши 0,2 фоизни ташкил этган. Трампнинг постлари эълон қилинганидан кейинги дастлабки беш дақиқада (ёки савдолар очилганидан сўнг дарҳол) эса бу кўрсаткич қарийб тўрт баравар юқори — 0,73 фоиз бўлган. Бироқ қуйидаги графикдан кўриниб турибдики, вақт ўтган сайин кучли шоклар сони кескин камаймоқда ва Трамп постларининг бозорга таъсири тез сўниб бормоқда.
Оқ уй учун бу хавотирли ишора. Форс кўрфазидаги кескинликнинг дастлабки ойларида Трамп маъмурияти интернетдаги оддий постлар орқали бозорга таъсир кўрсатиб, нефт котировкаларини пасайтира оларди. Энди эса, афтидан, бу дастак ўз кучини йўқотган. Олдинда оралиқ сайловлар турибди. Бензин нархининг юқорилиги ҳам демократлар фойдасига ишлаши мумкин — республикачиларда айни масалада кучлироқ қурол кўринмаяпти.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter