Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

У дарахтлар кесилиб кетди...

У дарахтлар кесилиб кетди...

Ижтимоий тармоқларда вақти-вақти билан бир хил гаплар айланиб қолади: «Совет даврида ҳамма нарса бепул эди». «Руслар келмаганида мактаб ҳам, университет ҳам, завод ҳам бўлмасди». «Бизга тараққиётни улар олиб келган». Ҳатто: «Россия бўлмаганида, ҳозир Афғонистонга ўхшаб қолардик», деган гапларни ҳам эшитамиз. Бу гаплар бугун пайдо бўлган эмас. Ўттиз йил аввал ҳам айтилган, йигирма йил аввал ҳам. Бундан кейин ҳам айтилади.

Чунки одам хотираси қизиқ: вақт ўтган сари қийинчиликларни унутади, ёшликни эса давр билан адаштириб юборади. Йигирма ёшида соғлом, ота-онаси бағрида, дўстлари даврасида юрган одам эллик йилдан кейин ўша кунларни эсласа, табиийки, юраги илийди. Аммо бу унинг ёшлиги яхши кечганини англатади, тузум мукаммал бўлганини эмас. Шунинг учун тарихга хотира билан эмас, далил-исбот билан, теран нигоҳ билан қараш керак.

Аввало бир нарсани очиқ айтайлик: совет даврида Ўзбекистонда мактаблар, институтлар, завод-фабрикалар, йўллар, электр тармоқлари, касалхоналар қурилган. Илм-фан ривожланган, кўплаб кучли олимлар, муҳандислар, врачлар, ўқитувчилар етишиб чиққан. Буларни инкор қилиш ҳам тарихни бузиш бўлади.

Аммо масаланинг бошқа томони бор. Бир мамлакатни бошқариб, унинг бойликларидан фойдаланиб, аҳолисини меҳнатга жалб қилиб, кейин ўша ҳудудда қурилган мактаблар ва заводларни «сизга биз қуриб бердик» дейиш тўғрими? Давлат йўл қуриши, мактаб очиши, шифохона барпо этиши шарт — унинг вазифаси. Бу ҳеч қайси халқнинг бошқа халқ олдида абадий қарздор бўлиб қолиши учун асос бўлолмайди.

Мустамлакачилик тарихида ҳам шундай бўлган: империялар темир йўл қурган, порт очган, телеграф ўтказган. Чунки бу инфратузилма ўша ҳудудни бошқариш, хомашёни ташиш, қўшинни ҳаракатлантириш ва иқтисодий тизимни ишлатиш учун ҳам зарур эди. Шунинг учун асосий савол «Нима қурилди?» эмас. «Кимнинг маблағига, кимнинг меҳнати билан, қандай мақсадда қурилди ва унинг эвазига нима олиб кетилди?» Масаланинг моҳияти шу ерда. «Бизга маърифатни улар олиб келган»ми? Бу иддао айниқса ғалати эшитилади. Чунки Марказий Осиёда таълим, илм ва китоб тарихи Россия истилосидан юзлаб йиллар олдин мавжуд эди.

Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби алломалар дунё илм-фани тарихини ўзгартирган даврда Россия империясининг Туркистондаги маъмурий тизими ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Албатта, буюк ўтмиш билан XIX асрдаги муаммоларимизни беркитиш ҳам тўғри эмас, XIX аср охирига келиб Бухоро, Хива ва Қўқон жамиятларида жиддий қолоқлик, ички низолар, бошқарув ва таълимда муаммолар юзага келган эди. Лекин «бу ерда ҳеч қандай таълим бўлмаган» дейиш ҳам тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди.

Тадқиқотларда XIX аср бошларида Бухоро шаҳрининг ўзида 200 атрофида мадраса бўлгани қайд этилади. Архив маълумотларига кўра, 1914 йилга келиб Бухорода 350 та мадраса мавжуд бўлгани кўрсатилади. Мадраса анъанавий таълимнинг юқори босқичи эди.

Албатта, бу рақамларни келтириб, «демак, ҳамма саводли, таълим мукаммал бўлган», дея олмаймиз. Аксинча, ўша давр маърифатпарварларининг ўзи эски таълим тизимини қаттиқ танқид қилган. Дунёвий фанлар етишмаслиги, дарс бериш услубининг қолоқлиги, йиллар давомида бир хил китобларга боғланиб қолиш каби муаммолар мавжуд эди.

Аммо энг муҳим жиҳат бошқа: бу муаммоларни тушуниб, уларга ечим излаётган маҳаллий зиёлилар аллақачон бор эди. Жадидлар янги усул мактабларини очдилар. Фонетик усулда савод ўргатишни, арифметика, география, тарих каби фанларни киритишни, янги дарсликлар чоп этишни талаб қилдилар. Газета-журнал, театр, китоб нашри орқали жамиятни ислоҳ қилишга ҳаракат қилдилар. Демак, тараққиётнинг ягона йўли мустамлака бўлиш эмас эди. Халқнинг ўз ичидан ҳам янгиланиш кучлари етишиб чиқаётган эди.

Мана шу ерда «биз сизларга фақат маърифат олиб келдик», деган афсона энг оғир тўсиққа дуч келади. Агар мақсад фақат халқни ўқитиш, тараққий эттириш ва озод фикрли қилиш бўлган бўлса, нега миллатнинг энг илғор фарзандлари йўқ қилинди?

Нега мустақил фикрлаган зиёлилар «халқ душмани»га айланди? Нега Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби юзлаб зиёлиларнинг бошига кулфат тушди? Расмий маълумотларга кўра, 1937–1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг киши сиёсий қатағонга учраган, уларнинг 13 минг нафари отиб ташланган. Фақат 1937–1938 йилларнинг ўзида қарийб 7 минг киши қатл этилган.

Бу рақамни бир тасаввур қилинг. Юз минг инсон. Уларнинг ортида юз мингта тақдир, оила, ота-она, фарзанд бор. Шундай экан, ўша даврни фақат «бепул мактаб», «арзон нон», «санаторий» билан эслаш — тарихнинг ярмини кўриб, ярмини кўрмасликдир. Россия империяси Туркистонга «сизларни ривожлантириб қўяйлик» деб кирмаган. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди.

Тошкент 1865 йилда ҳарбий ҳаракат натижасида босиб олинди. Кейинги йилларда Бухоро Россияга қарам ҳолатга тушди, Хива протекторатга айланди, 1876 йилда Қўқон хонлиги бутунлай тугатилди.

Яъни, бу жараённинг номи — истило, бошқача бўлиши мумкин эмас. Андижон, Тошкент исёнлари ҳам, 1916 йилги қўзғолонлар ҳам ўз-ўзидан чиқмаган. Россия императори Николай II нинг маҳаллий аҳолини фронт орти ишларига сафарбар қилиш ҳақидаги фармони Туркистон бўйлаб қаттиқ норозиликка сабаб бўлди. Жиззахда қўзғолон шафқатсиз бостирилди. Қурбонлар сони бўйича манбалар бир-биридан фарқ қилади; айрим тадқиқотларда Жиззах уездида 15–20 минггача маҳаллий аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида баҳолар келтирилади.

1918 йилда Туркистон мухториятининг Қўқонда куч билан тугатилиши ҳам оммавий қон тўкилиш билан якунлангани тарихдан яхши маълум. Қурбонлар сони бўйича турли рақамлар мавжуд, шунинг учун бу ерда бир рақамни мутлақ ҳақиқат сифатида келтириш тўғри эмас. Аммо воқеанинг ўзи — тинч сиёсий мухторият тажрибасининг қурол билан тугатилгани — баҳссиз тарихий фактдир. Юрт озодлиги учун курашган боболаримизни «босмачи» тамғаси билан қириб ташлашгани ҳам айни ҳақиқат. Демак, Туркистон аҳолиси «ўз ихтиёри билан катта оға бағрига кирган», деган тасаввур ҳам тарихий реалликка тўғри келмайди.

Хўш, совет даврида қурилган заводлар, шаҳарлар, каналлар, мактаблар-чи, дейишингиз мумкин. Улар учун маблағ қаердан келган? Совет Иттифоқи ягона иқтисодий тизим эди. Ўзбекистон ҳам бу тизимга фақат истеъмолчи сифатида эмас, улкан ишлаб чиқарувчи сифатида кирган.

Агар буларнинг барчаси «Москванинг пули»га қурилган бўлса, Бухоро, Хива, Қўқон ҳукмдорларининг асрлар давомида тўпланган хазиналари қаерга гумдон бўлди? 70 йил давомида Ўзбекистоннинг тонналаб нефть, олтин, уран, мис ва бошқа бойликлари қаерга кетди?

Илмий тадқиқотларда 1980-йиллар ўрталарида Ўзбекистон ССР Совет Иттифоқида етиштирилган пахтанинг қарийб учдан икки қисмини бергани қайд этилади. Пахта соҳаси республика меҳнат ресурсларининг жуда катта қисмини ўзига жалб қилган. Бу пахта кимнинг ерида етиштирилди? Кимнинг суви сарфланди? Кимнинг одамлари далаларда ишлади?

Демак, «Москва Ўзбекистонга пул берди» деган жумланинг ёнига «Ўзбекистон умумиттифоқ иқтисодиётига нима берди?» деган саволни ҳам қўйиш шарт. Акс ҳолда ҳисоб бир томонлама чиқади. Совет иқтисодиётининг энг оғир меросларидан бири — пахта яккаҳокимлиги бўлди.

Марказий режалаштириш пахта майдонларини кенгайтириш учун Амударё ва Сирдарё сувларининг улкан қисмини суғоришга бурди. Жаҳон банки материалларида айнан совет давридаги йирик ирригация ва пахта етиштириш сиёсати Орол денгизи фожиасининг асосий сабабларидан бири сифатида кўрсатилади. Айрим ҳисобларга кўра, денгиз кейинчалик ўз юзасининг 80 фоизини, сув ҳажмининг 90 фоизини йўқотди. Бунинг баҳосини Москва эмас, бутун минтақа аҳолиси тўлади.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида алоҳида гапириш керак. Уни совет ҳокимиятининг халқимизга қарши қатағон сиёсати билан бир қаторга қўйиш нотўғри бўлади. Фашизмга қарши кураш бутун инсоният тақдирини ҳал қилган уруш эди ва Ўзбекистон халқи ғалаба учун беқиёс ҳисса қўшди.

Лекин «совет даври — фақат хотиржам ва фаровон ҳаёт эди», деган гапга уруш йилларининг ўзи ҳам жавоб беради. Маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши фронтга сафарбар қилинган. 538 мингдан зиёди ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган. Уруш бошланган пайтда республика аҳолиси 6,5 миллион атрофида эди. Деярли ҳар бир хонадон бу урушнинг доғини кўрган. Шундай оғир тарихни бир-иккита чиройли кино, «колбаса икки сўм эди» деган хотира билан ўлчаб бўлмайди.

Гоҳида «Совет Иттифоқи бўлмаганида, Ўзбекистон ҳозир Афғонистон бўларди» деган асоссиз даъволарни ҳам эшитиб қоламиз. Бу ҳам аниқ тарихий таҳлил эмас, тахмин холос. Чунки мамлакатлар тақдирини биргина омил белгиламайди. Қолаверса, Афғонистон 70-йилларга қадар ривожланиб бораётган, тинч, осойишта давлатлардан бири бўлган. Унинг кейинги фожиали тарихида айнан Совет Иттифоқининг «роли беқиёс». 1979 йил декабрида совет қўшинлари Афғонистонга кирди ва қарийб ўн йил давом этган уруш мамлакатни янада вайрон қилди. БМТ Қочқинлар агентлиги маълумотига кўра, 1989 йил февралига келиб Покистон ва Эрондаги афғон қочқинлари сони 6,2 миллион нафарга етган.

Демак, Афғонистонни мисол қилиб, «қаранг, Россияга қўшилмаган халқнинг аҳволи», дейиш тарихни ҳаддан ташқари соддалаштириш бўлади. Афғонистоннинг бугунги аҳволига олиб келган сабаблар ичида ички низолар ҳам, ташқи кучларнинг аралашуви ҳам, совуқ уруш ҳам, совет босқини ҳам бор.

«Сен совет даврини билмайсан, нега кўрмаган нарсангни гапиряпсан», дейдиганлар ҳам топилади. Мен ҳам ўша даврда туғилганман. Умримнинг илк 11 йили ўша даврда кечган. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамда «дунёдаги энг бахтли, энг фаровон ва энг қудратли мамлакат» — СССР фуқароси деб ёзилган.

Аммо хотирамда бошқача манзаралар сақланиб қолган: тўкилай деб турган мактаб, ёзда иссиқ, қишда совуқ синфхона. Эски голланд печи атрофига яқинроқ ўтиришга ҳаракат қилаётган ўқувчилар. Оғзидан буғ чиқиб дарс бераётган ўқитувчи. Бизгача неча қўлдан ўтгани номаълум, варақлари титилиб кетган дарсликлар. Спорт зали ёки компьютер ҳақида орзу ҳам қилмаган синфдошларимиз. Яна нималар эсимда қолган? Бир неча маҳалла аҳолиси сув ичадиган битта водопровод. Сув ва газ баллонлари учун узундан-узоқ навбатлар. Тамаки далаларида заҳар ютиб ўсаётган болалар (бизнинг туманда пахта экилмасди). Сўнгги совет йилларида озиқ-овқат тақчиллиги. Ва мактаб деворида Лениннинг баҳайбат сурати-ю, унинг ёнидаги «Бахтли болалигимиз учун партияга раҳмат!» деган баландпарвоз шиор.

Ҳа, бола эдим. Аммо совуқ синфхона билан «бахтли болалик» ҳақидаги шиор ўртасидаги фарқни англаш учун катта сиёсатшунос бўлиш шарт эмас эди.

Бу мақоланинг мақсади совет даврида яшаган авлодни айблаш эмас. Улар бизнинг оталаримиз, оналаримиз, бобо ва бувиларимиз. Улар ҳалол меҳнат қилган. Ўқиган. Илм-фан билан шуғулланган. Завод қурган. Далада ишлаган. Урушда жанг қилган. Болаларини катта қилган.

Уларнинг меҳнати совет тузумининг эмас, аввало ўша одамларнинг пешона тери маҳсули эди. Шунинг учун ўша даврдаги барча ютуқларни партияга ёки Москва билан боғлаш халқимизнинг меҳнатини камситишдир. Тарихга адолатли муносабат шундай бўлиши керак: яхшисини тан олиш, ёмонини яширмаслик, қурбонларни унутмаслик, лекин кечаги кунга қайтишни тараққиёт деб билмаслик лозим.

Яна шуни унутмаслик керакки, мустамлака даврида қурилган бинолар мустамлакачиликни оқламайди. Тоталитар давлатда очилган мактаблар қатағон сиёсатини қўллаб-қувватлашга замин бўлолмайди. Арзон нон инсон эркининг ўрнини босмайди. Завод ва фабрикалар қурилиши Орол фожиасини йўққа чиқармайди. Бепул таълим юз минглаб қатағон қилинган инсонларни тарихдан ўчирмайди. Энг муҳими, бизга тараққиёт кимдир ташқаридан совға қилади, деган фикрдан қутулиш керак.

Хуллас, ким нима демасин, қанчалик дод солишмасин, у даврлар ўтди, у дарахтлар кесилиб кетди. Энди фақат олдинга интилиш, ўз йўлимиздан қолмаслигимиз керак...

Рустам Жабборов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг