Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқ севган актёр: уруш, муваффақият ва жудоликлар

Халқ севган актёр: уруш, муваффақият ва жудоликлар

Ўзбек томошабинларига яхши таниш бўлган актёр Михаил Пуговкин (асл фамилияси – Пугонькин) 1923 йил 13 июлда Россиянинг Ярослав вилояти Чухломск райони Рамешки қишлоғида туғилган. Уларнинг оиласи камбағалликда яшарди.

Михаил учинчи ўғил бўлиб, уйдагилар Минька деб чақиришарди. У болалигидан актёрлик қобилиятини намоён этди: қишлоқ тўйлари ва байрамларда қўшиқ айтиб, бой хотин, лўли аёл ва бошқа қиёфаларни қочиримлар билан қойилмақом тарзда ўйнай бошлади. Ҳеч ким бу жўшқин ўспирин вақти келиб халқ артистига айланиши ҳақида ўйламаcди.

Кейинроқ Пугонькинлар оиласи Москвага кўчиб ўтди. Фарзандларининг келажагини ўйлаган ота-она уларни қишлоқнинг оғир ҳаётидан халос этиб, ўқимишли-зиёли қилиб вояга етказмоқчи эдилар...

«Йигитча, спектаклда ўйнамайсанми?..»

Михаил Пуговкин акалари билан Москвадаги заводда ишлади. Уни хушчақчақлиги ва ҳазилкашлиги учун барча яхши кўрарди.

Ишдан сўнг Минька клубнинг драма тўгарагига қатнай бошлади. У зарур юмушларини ҳам ташлаб бўлса-да, машғулотларга зир югурарди.

Ёш йигитчанинг ҳаётида тўгаракнинг бадиий раҳбари, халқ артисти А.Шатов билан учрашув катта бурилиш ясади. Шатов Минькада туғма актёрлик истеъдодини пайқаган эди. У Пуговкинга А.Островский асари асосида саҳналаштирилган спектаклда чиқиши мўлжалланган, аммо бетоб бўлиб қолган актёрнинг ролини топширди. Пуговкин бир кечада нафақат ўзига берилган роль матнини, балки бутун бошли пьесани ҳам ёд олди.

Қарангки, у спектаклдаги ижроси орқали Москва драма театри раҳбари Ф.Кавериннинг эътиборига тушди. Каверин ёш йигитчанинг ижросидан чинакамига қойил қолган эди. Пуговкинни профессионал театрга таклиф қилдилар. Гарчанд ёш актёрнинг махсус маълумоти бўлмаса ҳам, довруқли ҳамкасблар орасида ўзини сира йўқотиб қўймади.

Пуговкин ўз фаолиятини кичик роллардан бошлади. У узоқ ва сабот билан иш олиб борди. Талаффузи устида жуда кўп тер тўкиб, қойилмақом равишда уддалади. Натижада Кавериннинг ишончини оқлаб, алоҳида эътирофига сазовор бўлди.

Кўп ўтмай, томошабинлар Михаил Пуговкин билан фахрланиб, матбуот у ҳақида илиқ фикрлар билдира бошлади.

 

«Илтимос, оёғимни кесманг...»

Пуговкин кинога уруш арафасида кириб келган. Режиссёр Г.Рошаль уни «Артамоновлар иши» фильмидаги Степаша ролига таклиф қилган эди. Киносиновда Пуговкин Павелдан қўшиқ куйлаши ва рақс тушиши ҳақида сўраб қолди. «Албатта, эплайман», – деб жавоб берди Михаил қатъий ишонч билан. «Мана буни ёшлик деса бўлади, фильмни бошлаймиз», – дея олқишлади режиссёр. Бироқ «Артамоновлар...»га овоз ёзиш ишларига улгурмадилар – уруш бошланди.

Отаси ва акаларидан сўнг Михаил Пуговкин ҳам фронтга кетди. Унинг ўқчилар полкига разведкачи бўлишига тўғри келди. Жангда матонат кўрсатди. Пуговкин бирор жойи шикастланмай Смоленшингача борди, бироқ Ворошиловградда оёғидан оғир жароҳатланди. Гангрена бошланиб, дала госпиталида Пуговкиннинг оёғини кесмоқчи бўлдилар. Пуговкин бош жарроҳга илтимос қилиб ёлворди: «Мен оёғимдан жудо бўлишим мумкин эмас, ахир артистман. Илтимос, кесманг».

Оғриқ чекинмас, даволаш чўзилгандан-чўзиларди. Пуговкин тишини-тишига қўйиб, ҳаммасига чидади. Ниҳоят кутилган кунлар етиб келди: у соғайиб чиқди. Уч йиллик ижодий фаолиятини ёдга олган олган Пуговкин ўйга ботди: «Мен саҳна ва киносиз яшашим мумкин эмас».

Москвага қайтган Пуговкин драма театрига қабул қилинди. Ўша пайтларда «Москваликлар» спектакли саҳналаштирилаётган эди. Пуговкинга роль беришди. Спектакль машҳур бўлиб кетди.

Учинчи синф маълумоти

1943 йили, урушнинг қизғин палласида, Москвадаги МХАТ қошида мактаб-студия очилди. Пуговкин актёрлик маълумотини эгаллашга аҳд қилди.

Имтиҳон олиш учун Н.Хмелев, А.Тарасова, В.Качалов, И.Москвин ва А.Грибовлар ўтиришганди. Михаилнинг ҳужжатларини кўздан кечирган Москвин додлаб юборди: «Пуговкин, сиз артистсиз, аллақачондан буён артистсиз. Яна ўқишни хоҳлайсизми? Аммо суриштирса, учинчи синф маълумотингиз бор экан, холос».

Пуговкиннинг шаҳодатномаси бўлмаса-да, имтиҳонларни муваффақиятли топширди ва мактаб-студияга қабул қилинди. Москвин унинг иқтидори ва ғайратига ишонарди.

 

«Юлдузли» роль

Пуговкиннинг кинодаги фаолиятига иштиёқ билан киришди. У «Фельдмаршал Кутузов»да Федя ролини ўйнади. Орадан бир йил ўтиб, яъни, 1944 йилда «Тўй» фильмида иштирок этди. Фильм рақсга бой бўлиб, қайта-қайта суратга олинди. Пуговкиннинг жароҳатланган оёғи оғриқ берар, қон кетар, шунга қарамай, у эпчиллик билан ҳаракат қиларди.

1952 йилдан Пуговкин тез-тез кўзга ташлана бошлади. У саккиз йил давомида 16 та фильмда роль ўйнади.

Ялтада «Адмирал Ушаков» суратга олинди. Ўшанда Михаил Пуговкин биринчи марта денгизни кўрди. Ҳаяжонга тушди.

Фильм премьерасидан сўнг матбуот унинг ижросини алоҳида эътироф этди: «Фақат истеъдодли, қобилиятли актёргина шу қадар самимий ва жозибали роль ўйнаши мумкин».

Пуговкиннинг ўзгача қиёфаси эътиборни тортарди. У кетма-кет комик ролларга таклиф этилиб, бетакрор тимсоллар яратарди.

Михаил Пуговкиннинг «юлдузли» роли «Аскар Иван Бровкин» фильмидаги матрос Захар Силич ҳисобланади. Бу роль унга чинакам шон-шуҳрат олиб келган. Фильм прокатда бир миллион томошабин йиғди. Шундан сўнг унинг давомини суратга олдилар: «Иван Бровкин қўриқ ерда».

1958 йили режиссёр Станислав Ростоцкийнинг «Замин ва одамлар»и экранга чиқди. Унда Пуговкин Гришка Хватни ўйнади.

Энг яхши фильмларидан бири эса 1967 йили суратга олинган «Малиновкадаги тўй» бўлди.

 

«Афти бунча беўхшов?!.»

Пуговкиннинг Леонид Гайдай билан учрашуви алоҳида воқеага молик. Муваффақиятли ҳамкорлик узоқ йиллар давом этган.

Томошабинлар орасида Пуговкин ижро этган тарбиячи прораб («Ы» операцияси»), Фёдор ота («12 стул»), режиссёр Якин («Иван Васильевич касбини ўзгартиради»), Сан Санич Мурашко («Спортлото-82»), полиция бошлиғи («Гугурт излаб»), Горбушкин («Бўлиши мумкин эмас!») роллари халқнинг севимли қаҳрамонларига айланди.

Гайдай Пуговкинни «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» кинокомедиясидаги режиссёр Якин ролига таклиф қилганида «Мосфильм» комиссияси қатъиян қарши чиққан: «Режиссёр деганнинг афт-ангори бундай беўхшов бўлмайди-да! Қандайдир нозиёлик!»

Комиссия аъзолари Пуговкиннинг истеъдодли эканлигини билишмасди. Гайдай сўзида туриб олди, Пуговкин Якин ролини ижро этгач, барчалари тан бердилар.

Пуговкин эртак-фильмларда ижро этган роллар кичкинтойларга ҳам олам-олам завқ-шавқ бағишлаган: «Финист – Сарлочин», «Илья Муромец», «Капитан Врунгелнинг янги саргузаштлари» ва бошқалар.

Пуговкиннинг қаҳрамонлари турфа хил эди: гоҳ жасур лашкарбоши, гоҳ телбанамо, калондимоғ қирол, гоҳида маккор, чапдаст атаман («Финист – Сарлочин» эртак-фильми ЎзМТРК орқали тез-тез намойиш этиб турилади).

Лўли аёл башорати

Михаил Пуговкинга ёшлигида бир лўли аёл дуч келиб, унинг уч марта уйланишини башорат қилган экан. Актёр ишонмаган бўлса-да, ҳаёт лўли аёлнинг кароматини исботлади.

1947 йили Пуговкин курсдоши Н.Надеждинага уйланди. Улар оиласида Елена дунёга келди. Надеждина билан 12 йил бирга яшашди. Кейин оилага кўз тегди – ажрашдилар.

Пуговкин Москвага йўл олди. У поездда кетаркан, деразанинг музлаган ойнасига шундай деб ёзди: «Михаил Иванович, сен янги ҳаёт бошлаяпсан».

Актёрнинг бўйдоқлик дамлари узоққа чўзилмади. 1961 йилда у Москонцерт актрисаси Александра Лукьянченкога уйланди. Улар бахтли ҳаёт кечирдилар.

«Александра билан 32 йил бирга яшадик, – деганди Михаил Иванович. – Мен ўзимда нимаики бўлса, Александрага бағишлашим керак».

Уларнинг уйида орасталик, саранжом-саришталик ва ижодий муҳит ҳукмрон эди. Аммо...

1991 йилда оилага ғам-кулфат соя солди: Александра Николаевна ҳаётдан кўз юмди. Михаил Иванович қаттиқ тушкунликка тушди. Шу сабабли, Ялтада суратга олинаётган фильмга таклиф қилишлари биланоқ рози бўлди.

Ялтага борган Пуговкин ўша ерда қолиб кетди. У яқин дўсти Юрий Медведевнинг синглиси Ирина Константиновна билан танишди. Бирга ишлай бошлашгач, Пуговкин ўзини меҳр-ардоқда ҳис қила бошлади. Ирина Константиновна унинг менежери, продюсери, маъмури, яқин дўсти ва суюкли рафиқасига айланди.

Халқ ардоғидаги актёр Михаил Пуговкин 2008 йил 25 июлда оғир давом этган касалликдан вафот этди. Ўлимидан икки ҳафта аввал 85 ёшини нишонлаган актёр астма билан оғриб юрганини кўпчилик билмасди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг