Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой олимларни суперюлдузларга айлантирмоқда

Хитой олимларни суперюлдузларга айлантирмоқда

Фото: Инстаграм

Хитойдан ўрганиладиган жиҳатлар кўп. Масалан, яқиндан бери мамлакатнинг катта-кичик майдонлари ва метро бекатларида — шаҳарларнинг энг кўзга кўринарли, гавжум жойларида турли брендлар, миллионлаб кузатувчига эга блогерлар ёки хонандалар рекламаси ўрнига олимларнинг суратлари жойланмоқда.

Чжэнчжоу кўчаларида Хитой ракета-космик дастури асосчиларидан бири Цян Сюэсэн ва ядрочи-физик Дэн Цзясяннинг портретлари пайдо бўлди. Бошқа шаҳарларда эса серҳосил шоли навини яратган агроном Юан Лунпин ёки безгакка қарши самарали дори воситаси — артемизининни кашф этиб, Нобел мукофотига сазовор бўлган Ту Юю тасвирларини учратиш мумкин. Таъбир жоиз бўлса, мамлакатдаги гавжум масканлар тижорат пештахталаридан илм-фан марказларига айланмоқда.

Фото: Инстаграм

Ғарб ўсмирларини ижтимоий тармоқ юлдузлари маҳлиё қилаётган бир паллада, Хитой онгли равишда муҳандис, физик, шифокор, агроном ва фазогирларни (тайконавтларни) ҳақиқий суперюлдуз даражасига кўтармоқда.

Бу борада «Harris Poll» компанияси АҚШ, Буюк Британия ва Хитойда 8-12 ёшли 3 минг нафар бола ўртасида ўтказган сўровнома диққатга сазовор. Инглиззабон мамлакатлардаги болаларнинг қарийб 30 фоизи келажакда ютубер ёки влогер бўлишни хоҳлашини билдирган. Хитойлик болаларнинг 56 фоизи фазогирликни танлаган! АҚШ ва Буюк Британияда бу касбни орзу қилганлар атиги 11 фоиз. Гарчи бу тадқиқот 2019 йилда ўтказилган бўлса-да, ундаги дунёқарашлар фарқи ҳали ҳам ўта муҳимдир. Пекин саноатлашиш даврининг эски ғоясига қайтмоқда: томоша кўрсатган эмас, табиат билан тиллашган — ҳақиқий қаҳрамон!

Шаҳарларда олимлар сиймосининг улуғланиши шунчаки мафкуравий тарғибот эмас, балки тизимли режалаштиришнинг маҳсулидир. Давлат тижорат рекламаларини миллий қаҳрамонлар портретларига алмаштириш орқали ёшларнинг ижтимоий ўсишга бўлган интилишларини визуал тарзда йўналтирмоқда. Микроэлектроника, космос ва фармацевтикадаги ютуқлар шунчаки абстракт ривожланиш эмас, балки ўтмишдаги камситилишлар учун олинган ўзига хос қасос ҳамда Хитой бошқарув модели самарадорлигининг амалий исботи сифатида тақдим этилмоқда.

Албатта, Хитойни ҳамма ёппасига физик бўлишни орзу қиладиган идеал жамият деб бўлмайди. Аммо илм-фанга ва зиёлиларга эътибор нуқтаи назаридан бу ҳақиқатан ҳам ибратли тажрибадир.

Бу тизимнинг демографик сабаблари ҳам бор. Аҳолининг қариши ва ишчи кучининг қимматлашиши шароитида Хитой учун оддий йиғув фабрикасидан юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш ҳаётий заруратдир. Муҳандис, агроном ва физик каби касблар нуфузини ошириш — иш ҳақини кескин кўтармасдан туриб, миллионлаб абитуриентларни мураккаб STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) йўналишларига жалб қилишнинг энг арзон ва самарали усулидир.

Бозор қонунлари ҳукмрон жамиятларда одамларнинг мақсадларини шоу-бизнес ва реклама белгилайди. Натижада ёшлар оммавий равишда блогер ёки тадбиркор бўлишга интилади. Хитойда эса давлат ташаббусни ўз қўлига олди: кўчаларда олимлар эъзозланар экан, демак, болалар ҳам ўткинчи сохта юлдузларга эмас, балки коинотдаги ҳақиқий юлдузлар сари интилиб улғаяди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг