Абдуқодир Тошқуловга очиқ хат!
Магистратурага қабул жараёни: IELTS бали ҳисобланмагани, 100 ва 5 баллик тизим мувозанати ўрнатилмагани сабаби нимада?
Магистратурага қабул жараёни билан боғлиқ ҳолат юзасидан таҳририятимизга очиқ хат келиб тушди. Қуйида уни тўлиқлигича эълон қиламиз.
Ҳурматли Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов!
Олий таълимга йўл ҳар қачонгидан кенгроқ очилгандек. Айниқса, бу йўлда адолат, ҳақиқат борасидаги ҳар бир мужда ёшларни рағбатлантиради.
Магистратурага қабул жараёнида адолат ўрнатилиши ҳақидаги ваъдалар ҳам фақат талабаларни эмас, уларнинг яқинлари руҳини ҳам кўтариб юборди. Зеро, олий таълимнинг юқори чўққиси томон интилаётган йигит-қизнинг келажаги билан боғлиқ ҳар бир қадам жон-жигарлар учун ҳам муҳим. Шунақа халқмиз, бефарқ бўлолмаймиз.
Мен ҳам билимига, балига, имтиёзларига ишониб магистратурага ҳужжат топшириб, сўнг, «адолат йўқ экан» деган хаёлда боши эгилган қизнинг онаси сифатида Сизга мурожаат қиляпман. Қолаверса, айтадиганларим индивидуал характердаги гаплар эмас. Мана диққат билан ўқинг!
Дастлабки адолатсизлик – тил билиш сертификатининг бали умуман инобатга олинмади. Бу кўрсаткич шунчаки ҳужжат топшириш учун керак бўлди, холос. Ваҳоланки, IELTSнинг 7,0 ва 7,5 ёки 8,0 баллари ўртасида жуда катта фарқ бор. Бунинг замирида талабгорнинг қанча меҳнати, уйқусиз тунлари ётибди ва бу инобатга олинмади.
Иккинчи адолатсизлик – 2021 йил ва ундан олдин битирган бакалаврлар ва 2022 йили тамомлаган бакалаврлар диплом балларини ҳисоблашда мувозанат ўрнатилмагани бўлди.
Маълумки, 2021 йилгача битирган бакалаврлар 100 баллик, ундан кейингилари эса 5 баҳолик тизимда баҳоланган. Энди солиштириб кўрайлик. Дейлик, иккала бакалавр ҳам 30 та фандан баҳо олган. Иккаласида ҳам 3 та фандан тўрт баҳо бор. 100 баллик тизимда ҳеч қайси талабага 100 балл қўйилмаган, нари борса 92 ёки 95 балл қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, аълочи талабамизнинг ўртача диплом бали, дейлик, 84-90 фоиз атрофида бўлади.
Энди 5 баҳолик тизимда ҳисоблаймиз. Бу ерда ҳеч қайси талабага 4,6 баҳо қўйилмайди, 4 ёки 5 баҳо қўйилади. Диплом иловасида баҳога қараб максимал баллар қўйилиб ўртача балл чиқарилган. Хўш, энди унинг ўртача балини ҳисобласак 98 фоизни ташкил қиляпти. Шу туфайли бу йилги мандатга назар солсангиз, диплом бали 100 балл атрофидагилар тиқилиб ётибди.
Деканатнинг ҳам баҳонаси тайёр, баҳосига қараб балини қўйиб бердим, дейди. Шу жараёнда таниш-билишчиликка йўл қўйилмади, деб ким кафолат бера олади? Ҳаммаси равшан-ку керакли талабага баҳо учун белгиланган максимал балл қўйилади, кераксизига минимал, ваҳоланки, иккаласининг ҳам зачёткасига 5 ёки 4 баҳо қўйилган. (Бу ерда ҳаммасини HEMIS дастури ҳал қилади деган баҳона ўтмайди, чунки бу дастур яқин икки йилда татбиқ қилиняпти).
Олдинги йил битирган талабаларимизга эса аъло баҳо учун 86-90 нари борса 95 балл қўйилган. Буни олдинги йилги мандат натижаларида ҳам яққол кўрсангиз бўлади. Мисол учун БухДУ лингвистика инглиз тили йўналиши бўйича 2021 йил магистратурага ҳужжат топширганларнинг энг юқори диплом бали 90,35 баллни ташкил этган, аксарият аълочи битирувчиларнинг диплом бали 84-88 балл атрофида бўлган. Бунинг исботини 2021 йилги мандат натижаларига кўра бошқа исталган олийгоҳ ва исталган йўналиш мисолида ҳам кўришингиз мумкин. Ёки бу йилги битирувчиларимиз анчайин билимлими?
Бу йилги битирувчиларимиз ҳам 5 баҳолик тизимда битиряпти, 100 баллик тизимда битирган талабамиз кейинги йил ҳам тилини тишлаб қолаверадими, ҳаттоки IELTS бали 7,5 ёки 8,0 бўлса ҳам.
Хўп, қўшимча контракт тўлови билан уларга жой ҳам ажратилди, дейлик. Қўшимчага қабул қилинган хотин-қизларларимиз контракт учун берилаётган имтиёздан фойдалана олмайдими? Яна ўша юқоридаги ҳолатни иккита қиз мисолида кўрсак: билим даражаси бир хил бўлган икки талаба (100 баллик тизимда битирган бакалаврнинг билими юқорироқдир балки) бири пул тўламасдан ўқийди, иккинчиси нечадир баробар пул тўлаб ўқиши керакми? Буни кўриб чиқиб, зудлик билан адолатли қарор қабул қилиш йўлларини излаш, тадбиқ этиш керак!
Бу адолатсизлик учун жавобгарлик тўлиқ кимнинг бўйнида? Хотин-қизларимиз имтиёздан фойдаланиши учун 15 сентябргача ариза топшириши керак эди. Демак, вақт ўтиб кетганлиги сабабли, адолат қарор топса ҳам, хотин-қизларимиз имтиёздан фойдалана олмайдими энди?
Магистратурага қабул жараёнида шаффофликни таъминлайман, деган эдингиз. Шунчаки диплом баллари билан ўринларга қўйиб чиқиш учун ойлаб вақт талаб қилиндими? Сертификат бали аниқ бўлса, диплом бали аниқ бўлса, сайтга ҳужжат топширган заҳотиёқ ўрнини белгилаб беришнинг имкони йўқми? Майли, сохта ҳужжат топширганлар чиқиб қолсин, аниқланган заҳоти бундай талабгорни рўйхатдан чиқариб ташлаш имкони бор-ку.
Магистратура мандати билан танишиб чиқиб, аъло баҳода битирган бакалаврларимиз қабул қилинмаган ҳолатлар озмунча эмаслигига амин бўлиш мумкин. Айниқса, инглиз тили мутахассисликларида бу ҳол яққол кўзга ташланади.
Менимч, 100 баллик тизимда баҳоланган талабалар баҳосини ҳам балл чегарасида баҳога айлантириб, мисол учун 86 баллдан юқорисини 5 баҳо билан, 71-85 балл чегарасини 4 баҳо билан баҳолаб, кейин қолганлар билан таққослаш керак. Тил билиш сертификатига ҳам олган балига яраша балл бериб, мисол учун IELTS дан 7,0 балл олганга энг юқори балл – 9 га нисбатан 77,77 балл, 7,5 балл олганга 83,33 балл ҳисоблаб, иккита балл – тил билиш сертификати ва диплом бали йиғиндисига кўра ўринларни тақсимлаш адолатдан бўлар эди.
Ёки чет тили мутахассисликларида маълум бир чегарадаги диплом бали ҳужжат топшириш учун рухсатнома вазифасини бажарсину, қолганини тил билиш сертификати бали ҳал қилсин. Шунда «баҳомни юқорироқ қўйиб беринг» деган илтимослар ҳам йўқоларди. Ахир бутун дунёда нуфузли олийгоҳлар тил билиш сертификати балига қараб иш тутса-ю, биз уни шунчаки ҳужжат топшириш учун восита сифатида ишлатсак.
Яна бир мулоҳаза. Барча йўналишлардан тил сертификатини талаб қилишимиз тўғрими? Чет тили мутахассисликларини тушунаман, гарчи у ерда ҳам қабул жараёнида тил билиш сертификати иккинчи даражада тушиб қолган бўлса ҳам, лекин бошқа соҳаларни ҳам ўлдириб қўймаяпмизми? Қабул натижаларини кўрсак қанчадан-қанча йўналишларимизда магистрантлар қабул қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Энди юқори босқичларда таҳсил олаётган талабалар мутахассислик фанлари қолиб, чет тили билан шуғулланиши керакми? Тилни ўрганиб, тегишли сертификат олишнинг ўзи бўлмайди. Ҳаттоки тўрт йил чет тили мутахассислиги бўйича ўқиб ҳам тўғридан-тўғри сертификатга топшира олмайди. Сертификат олиш учун ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб, бир неча ойлаб, ҳаттоки йиллаб тайёрланиш керак. Буни сертификат олганларнинг оила аъзолари жуда яхши билади.
Илтимос, 100 баллик тизимда битирган бакалаврларнинг тақдирига бефарқ бўлманг. Баҳолаш тизимининг ўзгариб туришига талаба айбдор эмас. Ўттиз йилдан бери тўғри йўлни топа олмаётган, ҳар йили битта ўзгариш қилмаса кўнгли хотиржам бўлмайдиган раҳбарларнинг хатоси бу. Кимларнингдир айби учун йигит-қизларимиз товон тўламаслиги керак.
Ҳар биримиз қайсидир соҳада нуқсон-камчилик туюлган жиҳатлар билан ўртоқлашсак ва уларни раҳбарларимиз дўстона қабул қилсалар, эзгу эврилишлар рўй беришига ишонаяпман. Жумладан, магистратурага қабулда ҳам тезкор, адолатли қадамлар ташланишига умид қиламан. Бу йўлда чарчаманг, дейман.
Ҳурмат билан,
Машҳура Қўзиева.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter