Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижон ва Хоразм алоҳида «хонлик»ми?

Андижон ва Хоразм алоҳида «хонлик»ми?

Фото: «Xabar.uz»

Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳамда Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида 11 январдан анъанавий тарзда ўқув жараёнлари бошланиши эълон қилинди.

«Ўзгидрометрология маркази хабарига кўра, 11-18 январь кунлари вилоятимизда ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетмаслигини инобатга олиб, 2023 йилнинг 11 январь санасидан барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш жараёни бошланишини маълум қиламиз», дейилади Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати хабарида.

«Ўзгидромет» 11-12 январ кунларига Хоразмда -23 даражагача совуқ об-ҳавони прогноз қилмоқда. «Ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетмаслиги» шуми?

«Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида 11 январдан расман ўқув жараёнлари бошланишини маълум қиламиз.

Шу билан бирга, таълим муассасаларининг келгуси фаолияти об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади», дейилади Андижон вилояти ҳокимлиги хабарида.

«Ўзгидромет»га кўра, Андижон вилоятида ҳам ҳаво илиқ бўлмайди.

Нега бу икки ҳудуд ҳукумат қарорига қарама-қарши қарор чиқаргани номаълум.

Ҳолатга ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев муносабат билдирди.

«Тўғриси, таълим ҳам ўйинчоқ бўлиб кетди. Бир қарасанг фалон нарса бўлади дейишади, бир қарасанг яна уни бекор қилишади. Шуни бошидан пухта ўйлаб, ўрганиб, кейин қарор қилишса бўлмасмиди?

Ҳуқуқий томондан қарасак, таътил муддатини узайтириш ҳақидаги қарорни Бош вазир қабул қилган эди. Айрим ҳудудларда таътилни муддатидан аввал тугатишга Бош вазир яна рухсат берибдими? Ёки ҳокимлар Ҳукумат қарорига қарама-қарши таътилни тугатиш тўғрисида ўзлари қарор чиқаряптими? Қачондан буён ўзи ҳокимлар таътил муддатини узайтириш ёки қисқартиришга аралашадиган бўлиб қолди? «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасида ҳокимларга бунақа ваколат берилмаган.

Хуллас, ҳаммаёқ “каша”. Ўртада таълим — талабалар ва ўқувчилар сарсон», дейди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг