Депутат: Дунёвий ҳамда замонавий таълим тараққиётимизнинг муҳим шарти

Ўзбекистон халқи 2023-йил 30-апрелда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича бўлиб ўтган референдумда мутлақ кўпчиликни ташкил этувчи якдиллик билан Ўзбекистон—бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлигини тасдиқлади.
Шунинг билан бирга, янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз барчамиз учун виждон эркинлигини ҳам кафолатлайди. Шу маънода, виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқ дунёвий давлатда тўлақонли амалга оширилиши мумкин. Чунки дунёвий давлат турли диний қадриятларнинг, эътиқодларнинг ҳурмат ва ҳимоя қилиниши, изчил ривожланиши, умумжамият манфаатлари ва виждон эркинлиги уйғунлигини таъминлаш учун зарур ижтимоий муҳитнинг муҳим омилидир.
Дарҳақиқат, 16 та конфессияга мансуб бўлган 2300 дан ортиқ диний ташкилотлар эркин фаолият юритаётган, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган Ўзбекистон миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик амалда таъминланган давлат сифатида барқарор ривожланмоқда. Шу билан бирга, диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик, динларнинг асл инсонпарварлик моҳияти жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларидан бири бўлиб, Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилади, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Асрлар давомида миллий қадриятга айланган жамиятимиздаги диний бағрикенглик муҳити бу бизнинг бойлигимиз, халқимиз маданиятининг ажралмас жиҳатларидан биридир.
Халқимиз иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз давлатчилигимиз ва жамиятимизнинг тадрижий ривожининг янги босқичини бошлаб берди ва давлатимизда мазкур янгиланган “ижтимоий келишув” асосида олдимизга қўйган фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлиги ва гуллаб-яшнашини таъминлаш мақсадида муҳим ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишга туртки бўлди.
Ушбу йўналишдаги муҳим дастурий ҳужжат 2025-йил 25-февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси” бўлди. Чунки ушбу Концепция асосида жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида дунёвийликнинг мазмун-моҳияти белгилаб берилди.
Жумладан, ушбу дастурий ҳужжатда миллий тараққиётимизнинг муҳим омили бўлган таълим йўналишидаги дунёвийликнинг концептуал асослари очиб берилди. Хусусан, таълим йўналишидаги дунёвийлик деганда таълим жараёнида, уни ташкил қилишда ва таълим хизматларини кўрсатишда таълим олувчиларда диний ақида ва қарашлардан холи тарзда илмий билимларни, мантиқий фикрлаш кўникмаларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш, қарашлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, умумжамият манфаатларига ҳисса қўшиш ғояларига таянилиши тушунилиши белгиланди.
Шу билан бирга, таълим йўналишида дунёвийликни таъминлашнинг асосий механизмлари сифатида, жумладан, ёшларимизни қонунларга асосан белгиланган мажбурий таълим олишни бирор-бир асосга кўра чеклашга йўл қўймаслик, мамлакат аҳолисида, айниқса ёшларда илмий ва ақлий салоҳиятни юксалтириш, ватанпарварлик туйғуларини, миллий қадриятлар ва ижтимоий ахлоқ нормаларига бўлган ҳурмат руҳини кучайтириш ва энг муҳими, келажак авлоднинг тарбиячилари бўлган хотин-қизларимизнинг таълим олиши учун кенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш кабилари белгиланди.
Таълим йўналишида дунёвийлик, шунингдек, таълим олувчиларга уларга кенг имкониятларни тақдим этадиган аниқ ва гуманитар фанлар ҳамда ижтимоий фанларни, санъатни ўз ичига олган билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларда танқидий-таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантирадиган, маълумотларни таҳлил қилиш, илмий фаразларни текшириш, далилларни баҳолаш кўникмасини шакллантирадиган изланиш ва ўрганиш муҳитини яратиш билан бирга таълим олувчиларга инсонпарварлик ва адолат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, миллий ва умуминсоний ғояларга ҳурмат каби қадриятлар сингдириш, ахлоқий масалаларга мақбул ечим топиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Албатта, замонавий дунёвий таълим тизимида шунингдек турли диний эътиқодлар ва таълимотларнинг тарихи, ривожланиш босқичлари ва замонавий тенденциялари тўғрисида холисона билим бериш, турли динлар, маданиятлар ва дунёқарашларга нисбатан ҳурмат, бағрикенглик ва тушуниш муҳитини таъминлашга ҳам муҳим аҳамият берилади.
Шу маънода, назаримда, таълим тизимимизнинг дунёвий хусусиятга эга бўлиши нафақат бизнинг давлатимиз, балки юқори суръатлар билан ўсиб бораётган ҳар қандай жамият учун табиий эҳтиёж, ҳаётий заруриятдир. Чунки дунёвий таълим замонавий илмий билимлар, танқидий фикрлаш ва умуминсоний қадриятларни ривожлантиришга қаратилган ёндашув асосида гендер тенгликни таъминлаган ҳолда ҳар бир шахсда интеллектуал қобилиятни кенгайтиради, турли қарашларга ҳурматни оширади ва шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди, давлатнинг иқтисодий модернизациясига ёрдам беради – буларнинг барчаси барқарорлик ва тараққиёт учун зарурдир. Илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, уларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик ёки бундай таъсирни инкор этиш, замон билан ҳамқадам бўлмаслик, аҳолининг маълум қатламларининг таълим олиш ҳуқуқини чеклаш эса нафақат мамлакатнинг глобал рақобат майдонда муносиб ўрин эгаллаши, балка давлат сифатида мавжудлиги, ривожланиши ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш қобилиятини йўққа чиқаради.
Шундай экан, ҳатто ислоҳотлар йўлидан бораётган диний жиҳатдан қатъий консерватив давлатлар, шу жумладан Форс кўрфази мамлакатлари ҳам ўзларининг таълим тизимини либераллаштириш ва замонавийлаштириш йўлида муҳим ислоҳотларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, Саудия Арабистонида мактаб дастурларида дин таълими соатлари кескин камайтирилиб, уларнинг ўрнини табиий фанлар, технология, инженеринг, санъат, ижодкорлик, математика фанлари эгалламоқда. Бирлашган Араб Амирликлари ҳам ўз таълим тизимини “ғарбона” модернизациясини амалга ошириб келмоқда.
Давлатларнинг бундай ислоҳотларга интилиши тушунарли. Чунки догматик таълимдан фарқли ўлароқ, дунёвий таълим далилларга асосланган билим, мантиқий фикрлаш ва инновацияларни ривожлантиришга урғу беради. Бежиз эмаски, дунёвий таълим тизимига эга бўлган Сингапур ва Финляндия каби давлатлар дунёнинг энг инновацион мамлакатлари қаторига киради. Умуман олганда, ҳозирги кунда дунёнинг энг илғор иқтисодиётлари бўлган давлатлар ўз вақтида иқтисодиётда инқилобий натижаларга эришиш учун ўз таълим тизимини модернизация қилиш, унга дунёвий хусусият беришдан бошлаган. Жумладан, Ғарбий Европа давлатларида 19-асрнинг иккинчи ярми ва 20-аср боши оралиғида, Японияда 20-асрнинг иккинчи ярмида таълим тизимида ўқувчиларда замонавий билимлар ва малакаларни шакллантиришга қаратилган дунёвий ислоҳотларни амалга ошириш эвазига ушбу жамиятларнинг ривожланиши ва дунёнинг энг тараққий этган иқтисодиётларига айланишлари учун муҳим бўлган ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ислоҳотларнинг асоси яратилган.
Дунё тажрибаси яна шуни кўрсатадики, таълим тизимининг дунёвий хусусиятга эга бўлиши жамиятда аёл-қизларнинг ўрнини оширишга, барча учун амалда тенг имкониятлар яратилишига катта ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, дунёвий таълим тизими нафақат ҳам ўғил, ҳам қизлар учун таълим олишга бирдек имконият эшигини очиб беради, балки бу орқали жамиятда аёлларнинг ўрнини ошириш ҳамда жамият ривожига салбий таъсир этаётган, аёллар ҳуқуқларини чекланиши ва бузилишига сабаб бўлаётган гендер стереотипларни кишилар онги-шууридан чиқариб ташлаш имконини беради.
Ушбу илғор тажрибаларга асосланган ҳолда, Ўзбекистонда танқидий мушоҳада ва инновацион ёндашув асосида ҳар қандай ҳаётий чақириқларни ҳал қилиш, шунингдек яратувчанлик ва тадбиркорлик қобилиятига эга бўлган янги авлодни тарбиялаши борасида дунёвий хусусиятга эга замонавий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширмоқда. Кадрлар тайёрлашдаги мана шундай ёндашув иқтисодиётимизни ва жамиятимизни ривожланишда сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқувчи инновацион трансформацияси учун жуда муҳимдир.
Ўзбекистон ўзининг дунёвий таълим тизимини ривожлантириб, глобал тенденцияларга мослаштириш орқали барқарор ривожланиш, ижтимоий тотувлик ва иқтисодий фаровонликка эришишни мақсад қилган. Тараққиётга эришган давлатлар ва тез ривожланиб бораётган давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, дунёвий таълим анъаналарга қарши эмас, аксинча жамиятни фаровон ва барқарор келажакка олиб борадиган йўлдир.
Умид ЯКУБХОДЖАEВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter