Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Дипломатия университети Ҳукумат қарорини писанд қилмайдими?

Дипломатия университети Ҳукумат қарорини писанд қилмайдими?

Кўпчилик абитуриентлар мурожаат қилиб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида қабул 30 июнгача эканлиги, кўпчилик ҳали мактаб/коллеж/лицейдан ҳужжатларини олишга улгурмаганини ёзиб қолишди. Ҳайрон бўлдим.

Текшириб кўриш учун ЖИДУ сайтига кирдиму, ҳайратдан ёқа ушладим. Не кўз билан кўрайки, ҳақиқатдан расмий сайтда «ҳужжатлар 30 июнгача қабул қилинади» деб ёзиб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июлдаги 594-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 13-бандида аниқ қилиб ёзиб қўйилган: «Ҳужжатлар олий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш бошланган кундан 20 кун давомида қабул қилинади».

Майли, ЖИДУдагилар агар 15 га 20 ни қўшишни билишмаган бўлса, ҳеч бўлмаса ўша Вазирлар Маҳкамаси қароридаги бакалавриатига қабул қилиш схемасига қараб қўйишса яхши бўларди. Унда ҳужжатлар қабул қилиш билан боғлиқ 1-босқич ҳар йили 15 июндан 5 июлгача давом этади, деб ёзиб қўйилган.

ЖИДУ раҳбарияти Ҳукумат қарорини писанд қилмайдими? Нима учун бу даражада очиқдан-очиқ қонунсизликка йўл қўйишмоқда? Тағин бу ОТМ халқаро ҳуқуқшуносларни тайёрлаб чиқарадими?

ЖИДУнинг қонунбузарлиги ўтган йилда ҳам кузатилган. Масалан, ўтган йили ҳеч бир асоссиз ҳужжатларни 5 июлда қабул қилишни тўхтатган. Ҳеч бир ҳуқуқий асос ва тартибларсиз абитуриентларни бирламчи суҳбатдан ўтказган. Қонун ҳужжатларини нотўғри талқин қилиш ортидан чет тили бўйича B2 миллий сертификат талаб қилишган ва қилишмоқда.

Нима уларга қонун йўқми? Ҳамма ўзи билганини қиладиган замон келдими?

Расмийлардан бунга муносабат кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг