Европа Иттифоқи таълимни меҳнат бозори билан боғлайдиган лойиҳани молиялаштирди
Бугун, 12 март куни Сурхондарё вилоятида янги таъмирдан чиққан ва жиҳозланган Қизириқ агротехнологиялар техникуми фойдаланишга топширилди. Ушбу таълим маскани Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида таъмирланди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Европа Иттифоқи элчиси Шарлотта Адриан ва ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади хонимлар иштирок этди. Бундан ташқари, ҳукумат расмийлари, ЕИга аъзо бир қатор давлатлар элчилари ва жамоатчилик вакиллари ҳам ҳозир бўлди.
Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги каби муҳим тармоқларда профессионал таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа доирасида 986,85 квадрат метр майдонда таъмирлаш ишлари олиб борилди, устахоналар, ўқув хоналари ва лабораториялар замонавийлаштирилди, муассаса қишлоқ хўжалиги тракторлари, агрегатлар, АКТ ускуналари каби ресурслар билан жиҳозланди. Таълим маскани 17 та махсус квалификация бўйича кенг қамровли ўқув дастурларини таклиф этади. Бу борада таълимни меҳнат бозорининг реал эҳтиёжлари билан боғлайдиган замонавий дастурларга алоҳида эътибор қаратилади.
ЕИ элчиси Шарлотта Адриан ушбу тажриба коллежи Ўзбекистон ёшлари учун порлоқ келажакка йўл очиш, профессионал таълимни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларнинг давоми эканини қайд этди.
ЮНEСКО томонидан амалга татбиқ этилаётган лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқларда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, сифатли профессионал таълим имкониятларини ошириш мақсадига ҳамоҳангдир.
ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини ошириш, замонавий қишлоқ ва сув хўжалиги сектори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлашга қаратилган.
Аввал хабар берганимиздек, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Европа Иттифоқи билимлар маркази ҳам очилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter