Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кредит-модул ўқитиш тизими ҳақида нималар маълум?

Кредит-модул ўқитиш тизими ҳақида нималар маълум?

Хабарингиз бор, таҳририятимиз томонидан «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳамиз доирасида чет элдаги кўплаб ҳамюртларимиз билан яқиндан танишиб, улар билан турли мавзуларни қамраб олган интервьюлар бериб боришга ҳаракат қиляпмиз. Интервьюларимизни кузатиб бораётган ўқувчиларимиз яхши хабардорки, лойиҳамизнинг аксарият қаҳрамонлари хориждаги етакчи университетларда кредит-модул ўқитиш тизими бўйича таҳсил олади.

Сўнгги йилларда, мамлакатимиз ОТМларида ҳам босқичма босқич кредит-модул ўқитиш тизимига ўтиш ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, 2030 йилгача кредит-модул тизими жорий этиладиган ОТМлар сони 2 тадан 85 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бугунги кунгача, ўқитишнинг ушбу тизими Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент ахборот технологиялари университетида амалиётга жорий этилган.

Кўп сонли ўқувчиларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, ушбу мақоламиз орқали кредит-модул ўқитиш тизими ҳақида маълумот берамиз.

Аввало модул тушунчаси ҳақида. Модул – бу алоҳида индивидуал ўқув фани. Ўзида билимга эгалик қилиш ва касбий жиҳатларини қамраб олган бўлиб, таълим олувчиларнинг ўқув дастурини ўзлаштириш натижасида шаклланган билим, кўникма ва компетенцияларни назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланишни назарда тутади.

Кредит-модул ўқитиш тизими эса, ҳар бир ўқув модули таркибини тузишга асосланган модулнинг ўқув натижалари ва якуний назоратни кузатиб бориш орқали таълим олувчиларнинг билим, кўникма ва компетенцияларини мунтазам равишда баҳолаб борувчи ўқув дастурини ўзлаштириш жараёнини ташкил этиш тизими ҳисобланади.

Мазкур ўқитиш тизими маъруза, назарий, амалий, семинар, лаборатория машғулотлари, ўқув амалиёти, клиник ўқув амалиётлар, курс лойиҳаси (иши), шунингдек таълим олувчиларнинг мустақил машғулотлари бўйича ҳафталик соат юкламаси ва таълим олувчиларнинг фаолиятини баҳолаш мезонларини акс эттиради. Таълим олувчилар томонидан барча мажбурий фаолият турлари бажарилгандан ва улар баҳолангандан сўнг кредитларни тўплаш мумкин.

Кредит бирликлари тизимига тўхталадиган бўлсак, бу кредит дастурларини унинг таркибий қисмлари, яъни модуллар, модуллар блоклари, курслар ва бошқаларга бириктириш орқали таълим дастурларини тавсифлашнинг тизимли усулидир.

Кредит-модул ўқитиш тизими ўқув жараёнининг қуйидаги шаклларидан ташкил топади:

  • аудитория машғулотлари – маъруза, назарий, амалий, семинар, лаборатория машғулотлари, ўқув (клиник) амалиёти;
  • аудиториядан ташқари машғулотлар – илмий кутубхонада ишлаш, мустақил ишлар, индивидуал маслаҳатлар, клиник вазифалар, ишлаб чиқариш (малака) амалиёти, курс иши, битирув малакавий иши, таълим олувчиларнинг илмий анжуманларда қатнашиши, магистратура мутахассисликларида илмий фаолият турлари ва бошқалар.

Одатда, кредит таълим олувчи томонидан ўқув режаси бажарилишининг кўрсаткичи бўлиб, тегишли ўқув ишларини бажаришга кетадиган вақт (соат)лардан ташкил топади. Бу модул хусусияти ва бўлажак мутахассисни шакллантириш учун ўқув ишларининг муҳимлигидан келиб чиқиб таълим муассасаси томонидан белгиланиши мумкин. Ҳар бир модул мустақил кредитга эга бўлади.

Қайд этиш ўринлики, кредит-модул тизимига ўтиш – давр талаби. Бу тизимда ўқитувчиларни талабалар танлайди. Танлов фанлари сони кўпайтирилади, яъни талаба ўз йўналиши бўйича танлаб ўрганиши мумкин бўлган фанлар сони кўп бўлади.

Аммо кредит-модул тизимида керакли баллни йиға олмаган талабалар ОТМларда узоқ йиллар ўқишига тўғри келади.

Нурилло Тўхтасинов
тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг