Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Лукойл» компанияси Ўзбекистонда бир нечта мактабгача таълим ташкилотини қуради

«Лукойл» компанияси Ўзбекистонда бир нечта мактабгача таълим ташкилотини қуради

Кеча, 5 июль куни Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ ўртасида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.  Ҳужжатда Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бир қатор янги мактабгача таълим ташкилоти (кейинги ўринларда – МТТ)ни қуриш кўзда тутилган.

Битимни имзолаш маросими имконияти чекланган болалар учун «Имкон» реабилитация марказига эга  биринчи ихтисослашган МТТда бўлиб ўтди. Янги мактабгача таълим ташкилотлари Бухоро (250 ўрин), Қарши (150 ўрин) шаҳарлари ва Тошкент вилоятида (150 ўрин) қурилади.

«Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш — мактабгача таълим тизимидаги энг долзарб бўлиб турган масалалардан биридир. МТВ вазиятни яхшилаш устида фаол иш олиб бормоқда: янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилмоқда, фаолият кўрсатиб турганлари таъмирланмоқда ва уларнинг қувватлари оширилмоқда, мактабгача таълим тизимига олдинги йилларда олиб қўйилган бинолар қайтариб берилмоқда. Биз бизнеснинг бугунги кунда болаларга ёрдам беришни хоҳлаётганидан жуда хурсандмиз. ЛУКОЙЛ компанияси шарофати билан вилоятлардаги яна 550 нафар болалар сифатли мактабгача таълим олиш имконига эга бўлади. Бухородаги МТТ умумий турдаги ташкилот, бошқа иккиталар МТТ эса — реабилитация марказларига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослашган ташкилотлар бўлади. Бу реабилитация марказлари тарбияланувчилардан ташқари ҳар йили соғломлаштириш муолажаларига муҳтож бўлган 5-7 минг болани қабул қилади», — дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Қарши шаҳри ва Тошкент вилоятидаги лойиҳалар учун Нукусдаги «Имкон» реабилитация марказига эга ИМТТ прототип бўлиб хизмат қилади. Лойиҳада жисмоний ва ақлий ривожланиши ўзига хос болалар учун мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари бирлаштирилган. Янги МТТда замонавий даволаш-физкультура ва физиотерапия заллари,  уқалаш хоналари, сенсор хоналари, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший адаптация, мусиқа ва арт-терапия хоналари, шунингдек врачларнинг кабинетлари жойлашади.

«Ўзбекистонда «Имкон» реабилитация марказига эга биринчи ихтисослашган МТТнинг очилиш маросимида биз бундай мактабгача таълим ташкилотлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилишини ваъда қилган эдик. Бугун биз ЛУКОЙЛ билан битим имзоладик, у Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг алоҳида эҳтиёжлари бўлган болаларига эрта ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий-маданий муҳитга киритиш имконини беради. Уйда ўтириб қолмасдан, доим мулоқотда бўлиш, дунёни билиш, ривожланиш ва мослашиш имконияти – бу тўлақонли ҳаёт сари қўйилган биринчи қадам демакдир. Бунда бола саломатлигида чекланиш бўлсада, унинг имкониятлари чекланганмаган бўлиши даркор. Нукус шаҳрида «Имкон» очилган вақтдан бор-йўғи уч ой ўтди, лекин биз ҳозирнинг ўзидаёқ натижаларни кўришимиз мумкин. Болалар анча бақувватлашиб, жонланиб қолди, кўп болаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда», — деди лойиҳа раҳбари Шаҳноза Мирзиёева.

Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ташаббуси  «ЛУКОЙЛ» ОАЖ Президенти Вагит Алекперов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган учрашувда таклиф этилган.

«Бизнинг компаниямиз томонидан Ўзбекистондаги хайрия мақсадлари учун йўналтирилган маблағларнинг умумий суммаси бугунги кунда 13 млн. доллардан ортиқни ташкил этади. Янги учта мактабгача таълим ташкилоти қурилиши лойиҳасига биз 12 млн. АҚШ доллари йўналтиришни режалаштирмоқдамиз. Бухоро шаҳридаги МТТ ЛУКОЙЛ томонидан махсус ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича қурилади. Биринчи бундай МТТ компания томонидан Россияда, Астрахань шаҳрида қурилган, — деди «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ Бош директори Степан Гуржий.

Бухоро шаҳридаги МТТнинг умумий майдони 11 минг кв. метрдан ортиқ бўлган уч қаватли биноси ва ҳудуди энг замонавий техника ва ускуналар, бассейн, рақс ва спорт заллари, комьютер синфи, шунингдек гуруҳлар учун хоналар билан бутланади. Болаларнинг фаол ўйинлари ва спорт билан шуғулланиши учун ҳудудда велосипед йўлакчалари ва ўт қопланган ва хавфсиз синтетик қопламали болалар майдончалари кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг