Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Магистратурага қабулда сохта сертификатлар юкланмоқда

Магистратурага қабулда сохта сертификатлар юкланмоқда

Бу ҳақда бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида марказий аппарат масъуллари, олий ва профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, профессионал таълим бошқармалари бошлиқлари иштирокида 2022/2023-ўқув йили учун қабулни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.

Унда дастлаб вазир янги ўқув йилида касбий (ижодий) имтиҳонларни шаффоф ўтказиш бўйича 46 та олий таълим муассасасининг тайёргарлик ҳолатига эътибор қаратиб, ўтган ўқув йилидаги камчиликларни такрорламаслик учун ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбари масъулият билан ёндашиши зарурлигини таъкидлади.

Бунда ажратилган бино ва аудиториялар сифатли видеоёзув жиҳозлари билан таъминлангани, жамоатчилик назоратининг кучайтирилгани, имтиҳон натижаларини ўз вақтида расмий манбалар орқали эълон қилинишига алоҳида тўхталинди. Шулар қаторидан имтиҳон жараёнларини кузатиш учун келган ота-оналар ва комиссия аъзоларига зарур шароит яратиш борасидаги ташкилий масалалар ҳам ўрин эгаллади.

Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала магистратурага қабулни ташкил этиш бўлди. Бунда келиб тушган 4332 та аризанинг 1282 таси талаб даражасида эмаслиги, айрим ҳолларда сохта сертификатлар ҳам юкланаётгани айтилди. Магистратурага қабул тугашига оз муддат қолганига қарамай ҳамон аксарият ОТМ томонидан бакалавриат босқичи битирувчилари дипломларини ўз вақтида расмийлаштириш якунламагани танқид қилинди. Бу ўз навбатида, магистратурага кириш истагида бўлган абитуриентларнинг асосли норозиликларини келтириб чиқараётгани қайд этилди.

Масъулларга барча имкониятларни ишга солган ҳолда қисқа вақт ичида битирувчилар дипломларини расмийлаштиришни якунига етказиш ва қатъий назорат олиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шундан сўнг иккинчи олий таълимга ҳужжатлар қабул қилишнинг бориши, тартиби билан боғлиқ маълумотларни расмий сайтларда эълон қилишдаги сусткашликлар ҳам танқид остига олинди.

Иккинчи олий таълимга қабулни амалга оширадиган барча ОТМ ректорларига юқорида қайд этилган маълумотларни аниқ ва батафсил эълон қилиш борасида кўрсатма берилди.

Сўнг яна бир муҳим масала – техникум битирувчиларини суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш ҳақида сўз юритилди. ОТМ ректорларига ушбу жараённи юқори савияда ташкил этиш юзасидан вазифалар топширилди.

Сўнгги кунларда талабалар ва уларнинг ота-оналарига етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмагани сабабли талабалар томонидан белгиланган тартибларни тушунмасдан ҳужжат топширишга уруниш ҳолатлари кузатилмоқда.

ОТМ ректорларига ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Вазир йиғилишда, шунингдек, ОТМда энергиятежамкорлиги, тўлов-контракт миқдорларини белгилаш, мурожаатлар билан ишлаш, колл-марказлар фаолиятини тўғри ташкил этиш каби масалаларда ОТМ ректорларининг шахсий масъулиятини ошириш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда юқорида кўтарилган бир қатор масалалар юзасидан олий таълим муассасалари ректорларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг