Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги етакчи халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорлик битимини имзолади

27 февраль куни «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш дастури доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Times Higher Education» халқаро рейтинг агентлиги ва «Elsevier» компанияси билан уч йилга мўлжалланган ҳамкорлик битимини имзолади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Имзоланган Битимга кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Times Higher Education» халқаро рейтинг агентлиги билан юртимиздаги олий таълим муассасаларининг жаҳон илм-фани оламидаги мавқеини мустаҳкамлаш, таълим бозорида рақобатбардошлигини ошириш, қолаверса, дунёнинг етакчи илмий-таълим марказлари, нуфузли университетларнинг халқаро рейтингига маҳаллий университетларни киритиш йўлида биргаликда ҳаракат қилади.
Келишув доирасида вазирлик республикадаги энг яхши университетлар ректорлари ва проекторларидан иборат «Times Higher Education» экспертлари билан биргаликда ишлайдиган ишчи гуруҳни шакллантиради. Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари ноёб маълумотлар ва таҳлиллардан фойдаланиш имконига эга бўладилар ҳамда ривожланишнинг устувор вазифалари ва институционал стратегиясини ишлаб чиқишда «Times Higher Education»нинг доимий кўмагидан фойдаланишади. Ушбу битим хорижий илмий-таълим марказлари билан янада фаолроқ ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Бир неча кун аввал Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тез суръатларда ривожланаётган ва малакали кадрларга эҳтиёж мавжуд соҳалар ҳамда улар учун зарур бўлган таълим йўналишлари ҳақида маълумот берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter