Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўқитувчилар бутун кузни пахта даласида ўтказарди» — ҳоким

«Ўқитувчилар бутун кузни пахта даласида ўтказарди» — ҳоким

Жорий йилнинг 25 май куни мамлакатнинг барча ҳудудларидаги мактабларда сўнгги қўнғироқ янгради. Эътиборлиси, барча вилоят раҳбарлари «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида қатнашиб, мактаб битирувчиларини табриклаш учун вақт ажратган.

1987 йилда ўрта мактабни тамомлаган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ўзи таҳсил олган Ғиждувон туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган «Сўнгги қўнғироқ»да қатнашган.

Вилоят раҳбари мактаб битирувчиларига президент табригини ўқиб эшиттирган. Шундан сўнг, ўқишда муваффақиятларга эришган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига ташаккурнома, эсдалик совғаларини топширган. Ўзига таҳсил берган устозларнинг сўзларини тинглаган.

«Бугун сизнинг чақноқ кўзларингизга қараб туриб, ўзимнинг ўқувчилик даврларим ёдимга тушди ва очиғини айтаман, ҳавасим ҳам келяпти. Бир пайтлар мен ҳам айнан ана шу мактабда таълим олганман. У пайтларда ҳозиргидек шароит қаерда эди. Лаборатория жиҳозлари у ёқда турсин, ўқув қуроллари етишмасди, синфхоналар етарлича ёритилмасди, қишда совуқ, ёзда иссиқ бўларди. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳам жуда кам бўлган. Ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, фаолиятига мутлақо алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиларди. Аниқроқ айтганда, улар болаларни ўқитиш, таълим бериш ўрнига бутун кузни пахта даласида ўтказарди. Бу эса нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг касбий муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бугун эса вазият ва шароит ўзгарди. Давлатимиз раҳбари фаолиятининг дастлабки кунларидан юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда», — деди вилоят ҳокими ўз сўзида.

Қайд этилишича, Бухоро вилоятида 534 та умумий ўрта таълим мактаблари бўлиб, вилоят раҳбарининг шахсан ўзи йигирмага яқин мактабларда чалинган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида иштирок этишга улгурган.

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбоновнинг маълум қилишича, жорий ўқув йилида вилоятдаги мавжуд 546 та мактабни 21944 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, кўплаб битирувчилар муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасалари, шунингдек, хорижий олий таълим  муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари талабасига айланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг