ОТМларда бирдан анъанавий таълим жараёни бошланмайди
Республика махсус комиссияси қарорига асосан, 2022 йил 7 февралдан бошлаб барча таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилиши эълон қилинган эди.
Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда турли хил талқин қилиниб, кенг жамоатчилик, айниқса талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари орасида айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан айрим маълумотларни эълон қилди.
Маълум бўлишича, талабаларга қулайлик яратиш, доимий турар жойларидан таълим муассасаларига хавфсиз, тирбандликларсиз етиб келишлари, жойларда авиа ва темир йўл чипталарини алмаштириш, талабалар-турар жойлари, ижара асосида яшайдиган талабаларнинг ортиқча қийинчиликларсиз жойлашишларини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анаънавий шаклга ўтказилади. Шу даврда дарс машғулотлари бир вақтнинг ўзида ҳам масофавий ҳам анъанавий шаклда олиб борилади.
Бу жараён ҳар бир олий таълим муассасасининг ички имкониятлари, ўқув жараёнининг ҳозирги ҳолати, мавжуд шарт-шароитларини инобатга олган ҳолда алоҳида режа-график асосида амалга оширилади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳар бир таълим масканининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали бериб борилади.
24 февралдан бошлаб ўқув юртларида таълим жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклда олиб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter