Ўзбекистонда олимлар сони кескин кўпайди
Ўзбекистонда фалсафа доктори — PhD илмий даражасига, шунингдек, хорижий давлатда олинган фан номзоди илмий даражаси ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга мутахассис-тадқиқотчилар сони 15,5 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Ушбу кўрсаткич 2025 йил 1 январ ҳолатига нисбатан 1,4 минг нафарга ёки 9,9 фоизга ошган.
Шунингдек, 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра фан доктори — DSc илмий даражасига эга мутахассис-тадқиқотчилар сони 4,8 минг нафарга етган. Бу борада ўсиш йил давомида 1,8 минг нафар ёки 60 фоизни ташкил этган.
Жорий йил апрел ойида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов «Jadid» нашрига берган интервюсида илмий ишларда юзакилик, кўчирмакашлик авж олгани, мансабдорлар орасида фан докторлари кўпайганини танқид қилган, бундай ҳолатлар мамлакат фани обрўсига салбий таъсир этишини айтган эди.
Бунинг ортидан жорий йил май ойида Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмадбек Юсупов лавозимидан озод этилди. Комиссиянинг ўзи эса Олий таълим вазирлигидан Фанлар академияси тизимига ўтказилди.
Умуман, илмий даража бериш тизимини ислоҳ қилиш ҳақида кўп йиллардан буён таклифлар билдириб келинади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон президентининг «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига асосан, 2027 йил 1 январдан эътиборан илмий даражалар беришда бир қатор талаблар бекор қилинади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter