Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент мактаблари халқаро аккредитациядан ўтди

Президент мактаблари халқаро аккредитациядан ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент мактаблари ўқувчилари умумий ўрта таълим аттестати билан биргаликда, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда университетга кириш имкониятини яратувчи A-level (илғор ўрта таълим тўғрисидаги) сертификатини ҳам олади.

Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи Президент мактаблари бир вақтда Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди ва Cambridge International School (Cambridge халқаро мактаби) мақомига эга бўлди.

Cambridge International School мақомини олиш Президент мактабларининг ўқув режалари ва имтиҳон жараёнлари Cambridge ўқув дастурининг талаб ва стандартларига мувофиқлигини тасдиқлайди.

A-Level — бу Буюк Британия таълим тизимига оид таълим дастури бўлиб, дастурни тамомлаганлар тўлиқ ўрта маълумот сертификатига эга бўлади. Ўқувчилар ўқиш натижаларига кўра имтиҳон топширади ва A-Level сертификатини олади. Шундан сўнг сертификат эгалари олий таълим муассасаларининг бакалавриат дастурларида қабул қилиниши мумкин. A-Level имтиҳонлари натижаларига кўра, университетларнинг қабул комиссиялари абитуриентнинг билим ва кўникмаларини баҳолайди ва олий таълим муассасасига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) ва Президент мактаблари маъмурияти 2020 йил бошида Cambridge Assessment International Education аккредитациясини олиш бўйича тайёргарлик кўришни бошлаган эди.

Аккредитация жараёни бир неча босқичларни ўз ичига олади. Охирги босқичда Cambridge Assessment International Education мутахассислари таълим муассасасига ташриф буюриб, аккредитация тўғрисида қарор қабул қилишади. COVID-19 пандемияси муносабати билан британиялик мутахассислар Президент мактабларига «виртуал ташриф» ўтказди ва таълим муассасаларини аккредитация қилиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилди.

— Cambridge Assessment International Education аккредитациясини олиш Президент мактаблари ўқувчиларининг юқори стандартларга мувофиқ билим олишини тасдиқлайди. Имтиҳонлар натижаларига кўра, улар бизнинг битирувчиларимизга Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар университетларига кириш имкониятини берадиган A-Level сертификатини олиши бизнинг талабаларимиз учун бонус бўлади, — деди PIIMA директори Ҳилола Умарова. — Президент мактаблари, шунингдек, PIIMA тизимига кирмайдиган таълим муассасаларида таҳсил олмайдиган ва A-Level сертификатини қўлга киритиш истагида бўлган ўқувчиларни ҳам A-Level имтиҳонларига рўйхатга олади ва имтиҳонларни ўтказади. Шунингдек, Президент мактаблари 9-синфини битирган ўқувчилар учун Халқаро Ўрта Таълим сертификати (IGCSE) имтиҳонларини ўтказиш имкониятига ҳам эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг