Қоракўлда ўринбосарини калтаклаган директорга жазо эълон қилинди

Қоракўлда суд ҳукми билан ўринбосарини калтаклаган мактаб директори ҳам, калтакланган ўринбосарнинг ўзи ҳам озодлиги 1 йилга чекланди.
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори ўз ходимини дўппослагани ҳақидаги хабар шов-шувга айланганди. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири томонидан суриштирув ўтказилганди.
Куни кеча Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди томонидан ҳолат юзасидан олиб борилган суд-тергов ҳаракатлари якунланиб, айбдорларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.
«Олиб борилган суд-тергов ишлари жараёнида судланувчилар, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари эшитилди. Ҳолат билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам борлиги, тўғрироғи, жабрланувчи, яъни мактаб директори ўринбосарининг ўзи ҳам иккинчи шахсга тан жароҳати етказгани аниқланди»,—деди манбаа.
Суд ҳужжатларига кўра, жорий йилнинг 1 август куни Қоракўл туманидаги «Дарғали» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 10-мактаб биносида олдиндан бўлган келишмовчилик натижасида директор Ўлмас Файзуллаев ҳамда ўринбосари Ойбек Фозиловлар ўзаро жанжаллашиб қолишган. Шу жанжал вақтида мактаб директори қўлида ёғоч билан ўринбосарини қасддан уриб, унга тан жароҳати етказган. Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Ойбек Фозиловга «бош мия чайқалиши билан давом этган бошни чап томон чакка теппа соҳасидаги яраси, чап ёнбош ва чап тирсак соҳаларидаги қонталашлари» каби соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил шикаст етказган.
Суд-тергов ишлари давомида аниқланишича, мактаб директори ўринбосари Ўлмас Файзуллаев томонидан калтаклангунига қадар, унинг шу мактабда фаолият юритадиган акаси Али Файзуллаевни стул билан уриб, унга «пешона тепа соҳасидаги яраси, чап қўлтиқ соҳасидаги қонталаши, бурун ва чап болдир соҳаларидаги шилинмалари пешона тепа соҳасидаги яраси, чап қўлтиқ соҳасидаги қонталаши, бурун ва чап болдир соҳаларидаги шилинмалари» каби енгил шикаст етказган.
«Бошим ёрилгач, укам Ўлмас Файзуллаев мени туман «Тез тиббий ёрдам» бўлимига олиб борди. Шифокор жароҳатни тикиш кераклигини, аммо айни вақтда унда жароҳат изи қолмайдиган ипи йўқлигини, зудлик билан Бухоро шаҳридаги касалхонага боришимизни билдирди. Худди шундай қилдик, шаҳар касалхонасида менга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Бошимнинг жароҳат олган жойини тикишди. Бу тиббий экспертиза хулосаларида ҳам мавжуд»,—дея судга ҳужжатларни тақдим этди Али Файзуллаев.
Бироқ, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштироки ҳам таъминланган ушбу суд жараёнида томонлар эшитувида мактаб ўринбосари директорнинг акасини урмаганлигини, мактаб директори эса ўз ўринбосарини калтакламаганини иддао қилишди. Ҳар икки томон ҳам айбларига иқрор бўлишмади.
«Уларнинг бу важлари, яъни ўз айбларини тан олмасликлари ёхуд иқрор бўлмаганликлари - бу уларнинг айбсизлигимас. Суд жабрланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувлари, мактаб видеокузатув камерасидаги ёзувлар, суд тиббий экспертиза хулосалари ҳамда бошқа объектив далиллар билан тўлиқ исботланган, деб ҳисоблайди ҳамда уларнинг бу важлари жавобгарликдан қутилиб қолишга қилинган ҳаракат, деб баҳоланади»,-деди манбаа.
Суд томонидае судланувчи Ўлмас Файзуллаев ва Ойбек Фозиловлар ўз айбига иқрорлик билдирмаган бўлсалар ҳам, суд мажлисидаги жабрланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувларидан ташқари, жиноят ишида тўпланган ҳамда суд мажлисида муҳокама қилинган ариза, экспертиза хулосалари, фотосуратлар ҳамда жиноят ишида йиғилган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини тўлиқ топган, деб ҳисобланган.
Суд ҳукмига кўра, суд-тергов ишларига айбдор сифатида жалб қилинган Ўлмас Файзуллаев ва Ойбек Фозиловнинг ҳар иккиси ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган. Ҳар иккисига ҳам бир йилдан муддатга озодликдан чеклаш жазоси қўлланилган.
Маълумот ўрнида: Айни пайтда Қоракўл туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори Ўлмас Файзуллаев ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ўринбосар Ойбек Фозилов эса «Xabar.uz» мухбирига айни пайтда даволаниш таътилини ўтаётгани, сўнгра меҳнат таътили олишини билдирган.
«Жиноят кодекси турли моддалари билан судланган шахслар - мактаб директори ва унинг ўринбосарининг ўз вазифасини давом эттириши мумкинлигини ёхуд мумкинмаслигини суд томонидан киритиладиган тақдимномадан сўнг кўриб чиқамиз»,-деди Қоракўл туман бўлими мудири Ҳамза Элиев.
Бухоро вилояти мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов ҳам ушбу масала эътиборда экани, суд тақдимномасига таяниб, масала кўрилишини билдирди.
Мактаб ва мактабгача таълим вазири матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова эса ушбу ҳолат юзасидан суд ҳукми вилоят бошқармасига етиб боргани ва ҳозир шу масала улар томонидан кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter