Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент қарори билан Самарқанддаги институт университетга айлантирилади

Президент қарори билан Самарқанддаги институт университетга айлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан Самарқанд давлат тиббиёт институти Самарқанд давлат тиббиёт университети деб қайта ташкил этилмоқда.

Президент қарорига кўра университет таркибида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти;
  • Самарқанд давлат тиббиёт институтининг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникаси ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси;
  • Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.М.Исаев номидаги филиали ва унинг клиникаси негизида Университет ҳузуридаги Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси;
  • Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази;
  • Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базалари фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
  • фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини таъминлаш;
  • хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш;
  • Университет илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;
  • республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ва қадрлар буюртмачилари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этиш;
  • Университет моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
  • Самарқанд вилояти ҳамда қўшни ҳудудлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжларини ва муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш, уларни ваколати доирасида бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорликдаги фаолиятни йўлга қўйиш.

Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган талабалар Университетда мос бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқишини давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда давлат намунасидаги Университет дипломи берилади.

Университетнинг таркибий тузилмалари раҳбарлари Университет Кенгашининг тақдимномасига кўра соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг