Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тараққиёт нимага боғлиқ?

Тараққиёт нимага боғлиқ?

Фото: madalinmancila.ro

Дунёда кўплаб мамлакатлар ўз халқининг билимдонлиги туфайли тамаддунга эришган. Шундай экан, мамлакатимизнинг келажаги кўп жиҳатдан олий таълим даргоҳларини тугатиб чиққан кадрларга боғлиқ.

Олий маълумотли бўлишнинг қандай фойдаси бор?

Бундан чорак аср илгари, ёинки 10-15 йил аввал ҳам олий ўқув юртига киришга бўлган эътибор у даражада юқори эмас эди. Бугун олий маълумотли бўлиш аксарият ёшларнинг асосий мақсади бўлиб бормоқда. Бир тарафдан шундай савол туғилади: "Олий маълумотли бўлиш бизга қанчалик керак? Ахир олий маълумотли бўлмасдан ҳам яхши яшаш мумкин-ку".

Ҳа, олий маълумотли бўлиш бу муваффақиятнинг бош омили эмас, шунга қарамасдан олий таълимга эга бўлиш ҳаётимизнинг бирламчи бўғинига айланиб улгурди. Бугун бирорта тайинли ишда ишлашингиз, маош олишингиз, мансабингизнинг ошиши айнан олган билим даражангизга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Тарихий тажрибалар шуни кўрсатадики, дунё бўйлаб содир этилаётган жиноятларнинг кўпчилиги олий маълумотга эга бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилган. Олий маълумот фақат олий ўқув юртларида олинишини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кундаги квоталарга асосланган тизим жамият ривожига салбий таъсир қилмоқда.

Хусусан, 2019-2020 ўқув йили учун ўтказилган тест синовларида 1 млн.дан ортиқ абитуриент ўз билимини синаб кўрди. Уларнинг атиги 100 мингдан кўпроғи талаба бўлиш бахтига эришди. Бу 10 фоиздан озгина ортиқроғи талаба бўлганини кўрсатади. Қолган 900 000 абитуриентнинг келажаги нима бўлади? Ўқишга киролмаган ёшларнинг кейинги ҳаёт йўли қандай кечади? Биз ёшларимизнинг чет мамлакатларга ишлаш учун кетиб қолишининг асосий сабабларининг бири - айнан олий ўқув юртига киролмаганликлари эканлигини унутиб қўямиз.

Бугунги кундаги олий ўқув юртларига бўлган талаб эски квотали тизимнинг умри тугаб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, олий таълим тизимидаги квотали тизимнинг поёнига етиши кераклигини англатади. Квотали тизимнинг олиб ташланиши ёшларимизнинг чет элларга чиқиб кетиши, шунингдек, жиноятларнинг маълум даражада камайишида муҳим рол ўйнайди.   

Олий таълим тизими - бу бугунимиз ва эртамиз

Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бир қанча ислоҳотлар ўтказилди. Сўнгги йилдаги ютуқлар фахрланишга арзийди. Шундай бўлишига қарамай, олий таълим тизими ва олий ўқув юртларининг сифатини ошириш бугунги куннинг замон талабига айланганини инкор қилиб бўлмайди. Чет эл тажрибасига қараганимизда, дунёдаги энг машҳур университетлар давлат ва хусусий секторнинг ҳамкорлиги асосида шаклланганини кўриш мумкин.

Шундай экан, олий таълим тизимига хусусий секторнинг жалб этилиши кутилган натижани бера олишига ишониш мумкин. ОТМнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратиш тараққиётимизнинг илк шартларидан бўлиб қолмоқда.

Бу борада олиб борилиши керак бўлган тизимли ислоҳотлар, хусусан, Адолат СДПнинг сайловолди дастурига киритилгани эътиборга молик. Партия “квотасиз таълим тарафдори”, бироқ квотасиз таълим тиббиёт, санъат ва шу каби махсус қобилият талаб қилинадиган соҳаларга амалдаги меъёрнинг сақлаб қолинишини истайди.

Олий ўқув юртларимиз бугун қандай аҳволда?

Ўзбекистонда 100дан ортиқ маҳаллий ва хорижий университетларнинг филиаллари бор. Бироқ уларнинг бирортаси халқаро рейтинглар таснифида 1000таликка ҳам кира олгани йўқ. Қўшни Қозоғистоннинг учта университети бу рўйхатдан жой олган. Бу борада ҳам Адолат СДПнинг сайловолди режаларида махсус бандлар берилган бўлиб, улар олий ўқув юртларимизнинг 10 га яқинини 1000талик рейтингга, Ўзбекистонда энг юқори рейтингга эга бўлган Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500таликка киритишни режа қилиб қўйишган.

Бугунги фожиамиз нимада?

Олий таълим тизимида сўнгги йилларда жуда кўп ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан камчиликлар тўла бартараф этила олганича йўқ. Бугунги кундаги фожиамиз ҳам айнан таълим тизимимиздаги камчиликлар бўлиб қолмоқда. Юқорида таъкидлаб ўтилган 900 000 абитуриент ҳам ўзбек халқининг фарзанди. Улар ҳам ўқишни исташади. Квоталарнинг кўплиги қайсидир ёшни чет элда қора меҳнат асири бўлишининг олдини олиши, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериши мумкин.

Таълим азалдан ўзбек халқининг энг асосий масалаларидан бўлиб келган. Айнан таълим тизимида туб ислоҳотлар ўтказиш орқалигина тараққиётнинг янги босқичига кўтарила оламиз.

Тараққиёт - таълим ва адолатнинг уйғунлигига боғлиқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг